GM Uzbekistan автомобиллари нархининг оширилиши инфляцияга қанчалик таъсир қилди?

05.09.2018 | Таҳлил | 3052

2018 йилнинг август ойида товар ва хизматлар нархлари даражаси ўртача 0,3% га ошди. Жорий йилнинг январь август ойлари давомида инфляция даражаси 6,2% ни ташкил қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Статистика қўмитаси ҳисоботида айтилади.

Кузатув натижаларига кўра ой давомида товарлар нархи ўртача 0,3% ва хизматлар 0,4% қимматлашган. Жорий йилнинг август ойидаги нархлар тенденцияси «товар ва хизматлар нархларининг бир маромда ўсиши» дея тавсифланди.

«Йиллик инфляция таҳлили натижалари шуни кўрсатмоқдаки (ўтган йилнинг мос ойига нисбатан), мамлакат иқтисодиётига нисбатан инфляция босимининг энг юқори даражаси жорий йилнинг январь ойи (20,1%) ҳиссасига тўғри келади ва кейинги ойлардан бошлаб ушбу тенденция аксинча, яъни, пасайиш томон ҳаракатланганлигини кўришимиз мумкин», — дейилади ҳисоботда.

Жорий йилнинг январь август ойларида инфляцион трендларга таъсир кўрсатган асосий омиллар сифатида мавсумийлик ҳамда иқлим шароитлари таъсирида мева ва сабзавот гуруҳи маҳсулотлари, шунингдек, сутли маҳсулотлар, тухум ҳамда парранда гўшти нархларининг ўзгариши; импорт маҳсулотлари билан ички бозорларнинг тўйинганлиги (масалан, шакар ва ўсимлик мойи); гуруч нархларининг қимматлашиши истеъмол бозоридаги ушбу маҳсулот ҳажмининг камайиши ҳамда ишлаб чиқарувчилар ва сотувчи тадбиркорлар томонидан мавсумий қурғоқчилик, шунингдек, шоли экин майдонларининг қисқартирилиши оқибатида кутилаётган тахминлар келтириб ўтилди.

Миллий валюта қийматининг мустаҳкамланиши ҳамда бир қанча ташқи савдо омиллари натижасида импорт қилинувчи маҳсулотлар ва айрим турдаги хизматлар нархлари, шунингдек, инфляция даражаси ошиб кетмаган. Қурилиш материаллари нархларининг қимматлашиши эса ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорлар ўз маҳсулотлари нархларини оширишлари натижасида вужудга келган ва бу ўз навбатида иқтисодиётга нисбатан инфляция босимининг ортиши билан бир қаторда унинг ўсишига 0,8% (ёки, ўтган 8 ой давомида инфляциядаги умумий улуши миқдори 12,9 %) даражада таъсир қилган.

«GM Uzbekistan АЖ корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган енгил автомобилларнинг чакана сотиш нархларининг ўртача 7,7% га оширилиши республиканинг умумий инфляция даражасига 0,05 % миқдорида таъсир қилди», — дейилади ҳисоботда.