Бу йил Ўзбекистоннинг 1 миллионга яқин фуқароси ишлаш учун Россияга кетгани маълум бўлди

08.09.2018 | Жамият | 2727

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев Россия Ички ишлар вазири ўринбосари Александр Горовой билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Учрашувда томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги, жумладан, ташкиллаштирилган тартибда Россияда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон фуқароларига патент бериш бўйича хизмат кўрсатиш соҳаларига оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.

«Ўтган 2017 йил ишчиларни ташкиллаштирилган тартибда қабул қилиш ҳақида ҳукуматлараро келишув имзолангани ва кучга киргани билан аҳамиятли бўлди. Россиялик иш берувчилар талабига жавоб берувчи ва ўз давлатида иммиграцияолди тайёргарлигидан ўтган малакали хориж мутахассисларини Россия ҳудудида меҳнат фаолиятига жалб қилиш Ўзбекистон қатори Россия учун ҳам манфаатлидир», дея таъкидлади Александр Горовой.

Вазирнинг биринчи ўринбосари хорижий фуқароларни ишга жойлаштиришда патент олиш учун керак бўладиган ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ маъмурий тўсиқларни камайтириш мақсадида Россия томони ҳамкорлик қилишга тайёрлигини қайд этди.

Шерзод Кудбиевга кўра, шу йилнинг ўзида миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси Россияга ишлаш учун йўл олган. У икки давлатнинг миграция соҳасидаги қонунчилик ва халқаро мажбуриятларга мувофиқ ҳамкорлиги янада ривожланиши ва такомиллашишига умид билдирди.