Ҳарбий хавфсизлик, энергетика, иқтисод: Берлин ва Тошкент ҳамкорлигининг янги йўналишлари

20.09.2018 | Таҳлил | 2315

Бугунги кунда Ўзбекистон Германия билан кўпқиррали муносабатларнинг янги босқичига қадам қўймоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон раҳбарининг очиқ ва конструктив ташқи сиёсати ҳамда минтақадаги давлатлар раҳбарларининг ҳамкорликдаги сайи-ҳаракатлари туфайли минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит юзага келди. Бу Марказий Осиёдаги вазиятни кескин равишда ижобий томонга ўзгартириб юборди, деб ёзмоқда Спутник нашри.

Эндиликда жаҳон сиёсий ва иқтисодий тизимига интеграллашувни мақсад қилган Марказий Осиё давлатлари учун Германия, Европа Иттифоқи давлатларининг фаоллашуви ва қўллаб-қувватлаши муҳим.

Демак, бундан буёғига Германия ва Ўзбекистон ўртасида "Ўзбекистоннинг Европага интеграллашуви" ғоясига асосланган ҳамкорлик модели йўлга қўйилади.

19 сентябрь куни Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон ва Германия муносабатларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти раҳбари Владимир Норов икки давлат муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболда ҳамкорлик қандай йўналишларда амалга оширилиши ҳақида тўхталди.

Норовга кўра, Тошкент ва Берлинни яқинлаштирувчи омиллардан бири - бу хавфсизлик ва тараққиёт масалаларидаги ўхшаш позициялар ва ёндашувлардир.

"Ўзбекистон Германияни халқаро саҳнада муҳим шериклардан бири сифатида қабул қилади, у билан кўпқиррали, ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга урғу беради. Ўз навбатида, Германия Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича ташаббусини ҳамда Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш орқали минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича ташаббусини олқишлашини баён этди. Иккала давлат ҳам, терроризм, экстремизм ва радикаллашувни халқаро хавфсизликнинг бош таҳдидлари сифатида қабул қилади", деб таъкидлади сиёсатчи.

Норовга кўра, Ўзбекистон-Германия муносабатларига бағишланган тадбир Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг кенгайтирилган стратегия тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш ва имзолаш бўйича музокаралар ўтказаётган бир пайтда бўлиб ўтаётгани ҳам алоҳида аҳамиятга молик.

"Ўзбекистон Европа Иттифоқини халқаро саҳнада муҳим ҳамкорлардан бири сифатида қабул қилади ва ЕИ ҳамда унга аъзо-давлатлар билан кўпёқлама ва ўзароманфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият қаратади. Айниқса, Германия билан иккиёқлама ва кўпёқлама шаклда ҳамкорликни ривожлантиришни хоҳлайди", - деб таъкидлади Норов.

Европа Иттифоқи айни вақтда Марказий Осиё давлатларига нисбатан янги стратегияни ишлаб чиқиш жараёнини ишга туширган. ЕИнинг МО давлатлари бўйича ҳозирги янги стратегияси ўн йил муқаддам Германия ташаббуси билан қабул қилинган.

Ушбу концептуал ҳужжатга замон талаби, томонлар манфаатлари ва умидларига жавоб берадиган ўзгаришларнинг киритилиши Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги сиёсий ва савдо-иқтисодий муносабатлар учун қулай шароитлар яратилиши ҳамда уларни ривожлантиришга хизмат қилади, деб ишонч билдирди Норов.

Норов, Марказий Осиё мамлакатлари минтақада Европани ташқи кучлар манфаатлари ўртасидаги қатъий мувозанатни рақотбат эмас, балки ҳамкорлик ва тараққиёт учун сақлаб қолишга қодир бўлган катта обрўга эга бўлган олам қутби сифасита кўришни хоҳлашига урғу берди.

Шу ўринда, сиёсатчи Ўзбекистоннинг Германия билан Марказий Осиёда ҳамкорлиги устувор йўналишларини санаб ўтди.

Бундан буёғига Германия Марказий Осиёда экологик, энергетик, иқтисодий ва ҳарбий хавфсизликни таъминлашда ўз ролини кучайтириши таъкидланди.

Германия томони МО давлатларига Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ асоратларни енгиб ўтишда, сув ресурсларидан рационал фойдаланишда, сув омборхоналари, сув билан таъминлаш ва сувни тежаш тизимларини такомиллаштиришда кўмаклашиш салоҳиятига эга, деди Норов.

У шунингдек, Германия Марказий Осиёга трансмиллий жиноятларга қарши курашишда - наркотик воситаларининг ноқонуний айланмаси ҳамда Афғонистон муаммосини ҳал этишда ёрдам беришини таъкидлади.

"Ўзбекистон Германия билан Афғонистон масаласида ҳамкорлик бўйича ижобий тажрибага эга, 2002 йилдан 2016 йилгача Бундесвер контингенти Термиз шаҳридаги объектлардан Афғонистон Ислом Республикасидаги стабиллашув миссиясини қўллаб-қувватлаш учун фойдаланган", деб эслатиб ўтди Норов.

Ўзбекистон Германия инвестицияларини жалб қилиш, бизнес-муҳитни яхшилаш, туризмни ривожлантириш, фермер хўжаликларини, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, ишлаб-чиқаришга замонавий технологияларни жорий қилиш, инфратузилма ва транзит-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳаларида ҳамкорлик қилиши таъкидланди.

Шунингдек, икки давлат демократик институтларни мустаҳкамлаш, давлат бошқарув тизими ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришда, соғлиқни сақлаш тизимин такомиллаштиришда, таълим сифатини яхшилашда, илмий салоҳиятни ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик қилиши ва биргаликда тадқиқотлар олиб бориши айтилди.