Таксичиларни чув туширган фирибгар қиз жазога тортилди

28.09.2018 | Жамият | 3398

Шу пайтгача бир неча бор судланган, кўплаб таксичиларни алдаб, уларнинг машинасидаги пулларни ўғирлаган қизган исбатан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси Зафарбек Нурматов маълум қилди.

Тўлқин (исм-фамилиялар ўзгартирилди) Самарқанд шаҳрининг Улуғбек автобекатида автомашинасини бир четда тўхтатиб, мижоз кутаётганди. Бу орада бир неча нафар киши унга Тошкент шаҳрига олиб боришни тайинлаб, у-бу нарсаларни бериб кетди. Бир киши эса, елим халтада пул олиб келди-да, шуни Тошкентга олиб бориб берсангиз. Сизни айтган одамим кутиб олади, деди у.

Сўнг у ҳайдовчининг қўл телефонидан Тошкентга қўнғироқ қилди ва автомашинанинг давлат рақамини айтди. Шундан сўнг у омонатини қолдириб кетди.

Орадан кўп ўтмай буюм ва пул жўнатмасини қабул қилган такси ҳайдовчиси олдига кў­ринишидан 23−25 ёшлар чамасидаги қўлтиқтаёқли қиз келди-да, Тошкент шаҳрига кетмоқчи эканлигини айтди. Ўз навбатида, Тўлқин ундан Тошкентнинг қайси манзилига боришини сўради.

Бунга жавобан ҳалиги қиз дастлаб Яшнобод туманида яшовчи синглисидан уйининг калитини олиб, сўнг Чилонзор туманига боришини айтди.

Олис йўлга чиққач, табиийки, зерикмаслик учун ўзаро суҳ­бат бошланади. Ҳа­лиги қўлтиқтаёқли қиз гапга анча чечан экан. Ҳамроҳларига у ўзини «Мадина» деб таништирди.

Уч йил муқаддам автоҳалокатга учраган экан. Самарқандга даволаниш учун келган, энди даволаниб, Тош­кент­га қайтаётган экан. Автомашина салонидаги йўловчилар унинг икки нафар ёш боласи борлигини эшитиб, ачиниб қарашди. Кўзларини йўлдан узмай автомашинани бошқариб бораётган Тўлқин ҳам Мадинага худо хоҳласа, ҳали ҳеч нима кўрмагандек бўп кетасиз, дея далда берди.

Хуллас, улар Тошкентга етиб келишгач, йўловчиларнинг икки нафари Чилонзорда, яна бир аёл эса, Авиасозлар бозори ол­дида тушиб қол­ди. Мадинанинг илтимосига кўра, Т. Холиқулов автомашинани Яшнобод тумани томон ҳайдаб кетди.

Асалобод 2-даҳаси «Мажнунтол» қаҳвахонаси яқинидаги тўққиз қаватли 2-уйнинг ол­дига етиб келишгач, Мадина автомашинани тўхтатишни сўради.

— Энди нима қилсам экан, — деди Мадина тўққиз қаватли уйга қараган кўйи. — Лифт ҳам ишламайди. Қўлтиқтаёқда тўққизинчи қаватга қачон чиқиб, қачон тушаман. Сиз ҳам кутиб қоласиз…

Орага бир муддат сукунат чўкди. Тўсатдан имкони топилганидек бирдан Мадинанинг юзи ёришди: — Илтимос, — де­ди­ у ёлворгандек овозда, — Сиз чиқиб, синглимдан уйнинг калитини олиб тушиб беринг.

Тўлқин унинг илтимосига йўқ дея олмади ва автомашинадан тушиб, тўққиз қаватли уйнинг зиналаридан кў­тарила бошлади. «Бу аёл тўғри айтади, — дея кўнглидан кечирди у. — Бу аҳволда энг тепа қаватга чиқиб, тушадиган бўлса, узоқ вақт кутиб қолишимга тўғри келади. Қо­лаверса, савоб ҳам бўлади».

У ҳансираган кўйи тўққизинчи қаватга кўтарилди ва боя Мадина айтган уй эшигининг қўнғироғини босди. Эшикни ўн тўрт — ўн беш ёшлар чамасидаги бола оч­­ди. У Тўлқиннинг муддаосини эшитгач, Мадина деган аёлни умуман танимаслигини айтди. Бунинг устида тўққизинчи қа­ватда уларнинг оиласидан бошқа ҳеч ким яшамас экан.

Тўлқин бу гапларни эшитиб, ҳайрон қолди. Кейин кўнгли қандайдир ҳадикни сезди, шекилли, зудлик билан паст­га отилди. Тўл­қин паст­га тушиб не кўз билан кўрсинки, автомашинада Мадина йўқ эди. У ўриндиқ остидаги 2 миллион 500 минг сўм­ни ҳам ўмариб кетганди…

Энди иккинчи ўғирлик воқеасига эътибор қаратамиз.

Суд мажлисида жабрланувчи тариқасида сўроқ қилинган З. Ортиқовнинг кўр­сатма беришича, у ўзининг бошқарувидаги «Супер Салон» русумли авто­ма­шинасида Қарши шаҳридаги автотураргоҳда йўловчи кутиб турганди. Бир неча ки­ши унга пойтахтдаги танишларига олиб бориш учун буюм ҳамда 1 миллион сўмни бериб кетишди. Бир пайт унинг ёнига қўлтиқтаёқли қиз келиб, Тошкент шаҳрига кетмоқчи эканлигини айтди. У дастлаб Яшнобод туманида яшовчи синг­лисидан уйнинг калитини олиб, сўнг Чилонзор туманига элтиб қўйишни сўради. Ҳайдовчи қизнинг таклифига ро­зи бўлади.

Ярим соатга қолмай автомашинага яна уч нафар йўловчи келиб ўтирди. Улар йўлга тушишди. Бир зумда йўловчилар ўзаро танишиб олишди. Қўлтиқтаёқли қиз ўзини Мадина деб таништирди ва Тошкент шаҳрида савдо-сотиқ билан шуғулланиши, бир нечта дўконларни товар билан таъминлашини айтди. За­риф Ор­тиқов Тошкент шаҳрига етиб келгач, бошқа йўловчиларни айтган манзилларига қолдирди. Мадинани эса ўша «Мажнунтол» қаҳвахонаси олдидаги тўққиз қа­ватли уй қаршисига олиб келди.

Зариф ҳам биринчи воқеадаги Тўлқин сингари Мадинага раҳми келиб, тўққизинчи қаватга ўзи кўтарилди. Бу пайтда қиз машина ўриндиғи остидаги 1 миллион сўм пулни ўғирлаб, воқеа жойидан ғойиб бўлганди.

Табиийки, бу ўғирликдан сўнг икки жабр­ланувчи — Т. Холиқулов билан З. Ортиқов ички ишлар идораларига мурожаат қилишди ва маккора қиз­га нисбатан қи­дирув эълон қилинди.

Бу пайтда ўзгаларнинг омонатини ўмаришдан маззахўрак бўлган Мадина яна Қарши шаҳрига кетиб бораётганди. Ҳайдовчи З. Ортиқовни ипсиз боғлаб кетганининг учинчи ку­ни у Қарши шаҳрида­ги ав­то­тураргоҳда ҳайдовчи С. Бобоқулов одамлардан «почта» қабул қилаётганини бироз нарироқда кузатиб туради.

«Қаҳрамонимиз» ҳайдовчи С. Бобоқулов мижоздан қаппайиб турган пул солинган елим халтани олиб, ўзининг «Cobalt» русумли автомашинаси ўриндиғи остига қўйганини кўргач, аста-секин яқин келади. У пулни қўлга киритиш учун ўзининг аввалги жиноий режаси бўйича иш тутди.

Йўлда Мадина Тошкент шаҳридаги «Абу Сахий» буюм бозорида савдо-сотиқ қилиш би­лан шуғулланишини айтиб, йўловчиларни ҳам, автомашина эгаси С. Бобоқуловни ҳам ишонтиради. Бу маккора аёл дунёнинг жуда кўп мамлакатларида бўлгани, танишлар орттиргани ҳақида оғиз кўпиртириб мақтанади.

Унинг ёлғон гапларига барча бирдек ишонади ва унга ҳа­вас билан қарашади. Ҳатто ҳайдовчи ундан қўл телефони рақамини беришни илтимос қилади.

Қисқаси, улар Тошкентга етиб келишгач, воқеалар ривожи худди олдингидек кечади. Яъни С. Бобоқулов ҳам ўша лифти ишламайдиган уйнинг тўққизинчи қа­ватига кў­тарилади ва Мадина айтган эшикнинг қўн­ғироғини босади. Эшикни рус миллатига мансуб аёл очади ва Ма­динани умуман танимаслиги, уни сўраб келган би­ринчи одам эмаслигини айтади.

Саъдин Бобоқулов тўққизинчи қаватга кўтарилаётган паллада автомашинасида қолган Мадина қандай ишни дўндирганини айтмасак ҳам ўзингиз англаган чиқарсиз. Ҳа, шундай: бу айёр аёл автомашинанинг олд ўриндиғи остига қўйилган 2 миллион 700 минг сўмни ўғирлаб, аллақачон воқеа жойи­дан ғойиб бўлганди.

— Мен тўққизинчи қаватдан пастга тушгач, дарҳол қизга қўн­ғироқ қилдим, — дейди суддаги кўрсатмасида жабр­ланувчи С. Бобоқулов. — У телефонини кўтарди. Пулларни қайтаришни, бировнинг омонати эканини айтдим. Аммо у жавоб бермай, жим тураверди…

Ўзини «Мадина» деб та­­ниш­тирган бу қиз аслида ким?!

Аслида у Ойгўзал Умарова бўлиб, у 1993 йилда Фарғона вилоятининг Қува туманида туғилган. Автоҳалокатга учрамаган, турмушга чиқмаган, икки нафар фарзанди ҳам йўқ. Бир оё­ғи яхши ривожланмагани сабаб Ойгўзал болалигидан ногирон. Савдо-сотиқ билан шуғулланиши-ю, дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлгани ёлғон.

Ўрта маълумотли О. Умарова муқаддам бир эмас, уч марта ўғирлик жиноя­тини содир этиб, суд курсисига ўтирган. Қонунларда ўз ифодасини топган бағрикенглик, инсонпарварлик тамойиллари боис суд томонидан унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо та­йин­ланган. Аммо бу қизнинг кўзи очилмаган.

Шу ўринда одамларда Яшнобод туманининг Асалобод 2-даҳасидаги «Мажнунтол» қаҳвахонаси яқинидаги 2-уйнинг тўқ­қизинчи қаватидаги хонадон билан О. Умарованинг бирон-бир алоқаси борми, деган савол туғилиши мумкин. Бунга аниқлик киритадиган бўлсак, юқоридаги айнан бир-бирига ўхшаш жиноятларни содир этишдан аввал О. Умарова вақтинча яшаш учун ижарага уй излаган. Ўшанда ушбу бинонинг лифти носозлигини билган. Бундан ташқари тўқ­қи­зинчи қаватдаги хонадон эшиклари қай йўсинда жойлашгани ва қандай ранг­да эканини ҳам эслаб қолган.

Кейинчалик эса, у бундай жиноий қилмишларини амалга оширишда усталик билан фойдаланган.

Суд судланувчи О. Умаровани Жи­ноят­ кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Унга нисбатан беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси та­йин­лади. Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2015 йил 6 августдаги ҳукмининг шартлилигини бекор қилди. Жиноят кодексининг 60-моддасига асосан илгариги ҳукм юзасидан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан узил-кесил беш йилу уч ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Суд ҳукмида жабрланувчилар Т. Холиқулов, З. Ортиқов ва С. Бобоқуловларга судланувчи томонидан етказилган моддий зарар ундирилиши алоҳида кўрсатиб ўтилди.