Шаҳар ҳокимлигининг аралашувидан сўнг Тошкентдаги буддавийлар ибодатхонаси бузилмайдиган бўлди

14.10.2018 | Ўзбекистон | 3053

Тошкент ҳалқа йўли ташқарисида жойлаган буддавийлар ибодатхонаси ҳудуди автомобиль йўли кенгайиши таъсиридан холи, дахлсиз қолади. Шаҳар ҳокимлиги аралашувидан сўнг шундай қарорга келинди.

— 13 октябрь энди биз учун ибодатхонанинг иккинчи туғилган куни, —дейди Марказий Осиёдаги ягона фаолият кўрсатаётган буддавийлар ибодатхонаси бош руҳонийси ўринбосари Александр Хегай. — Охирги ойларда кутиш ва мавҳумлик ҳолатида эдик. Бизга ушбу ҳудуднинг олиниши ҳақидаги қарор узил-кесил чиқарилгани ва уни сақлаб қолишнинг имкони йўқлигини айтишганди. Бироқ ҳаммасихайрли якунланди.

Ибодатхонанинг асосчиси ва 2001 йилдан бери бош руҳонийси Ўзбекистонда 30 йилдан бери истиқомат қилаётган Жанубий кореялик роҳиб Янг Ки Хун ҳисобланади. Ўзининг янги жойида ибодатхона яқинда —2016 йил 22 майда асосан Ўзбекистонда яшаётган ва ишлаётган Жанубий Корея фуқаролари маблағи ҳисобидан очилган эди.