GM Uzbekistan автомобилини беш йил навбатда туриб ҳам сотиб ололмаганлар бор

19.10.2018 | Блог | 4152

Ўзбекистон аҳолиси Россияда охирги тўрт ой мобайнида биронта ҳам сотилмаган GM Uzbekistan автомобилларини йиллар мобайнида навбатда туриб ҳам сотиб ола олмаяпти. Бу «шубҳали» навбатлар қурбонларидан бири сифатида Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи фуқаро Гулмира Абдуллаевани эьтироф этиш мумкин. Фуқаро Damas автомобили учун беш йилдан буён, аниқроғи, 2013 йилнинг 16 июн кунидан навбатда туриб ҳам автомобил сотиб ололган эмас.

МЧЖ «Самарқанд автотеххизмат» раҳбари фуқаронинг бундай узоқ муддат давомида навбатда туриб ҳам автомобил сотиб ололмаётганлигини: «автомобил хариди шартномасини расмийлаштиришга чақирилмаганлигингиз» - деб расман маълум қилган.

Бундан келиб чиқадики, Самарқандда 2013 йил 16 июндан бошлаб беш йилдан бери ҳеч ким навбатда туриб Дамас автомобилини сотиб ололмаган. Оддий савол туғилади: Кўчада юрган Damas автомобиллари қаердан пайдо бўлган?

Фуқаро Абдуллаеванинг турмуш ўртоғи Шермат Саидовнинг билдиришича, у 2011 йилдан бери хорижда меҳнат муҳожири сифатида ишлаб келмоқда. «Ўзбекистонга қайтиб бориб, тадбиркорлик қилмоқчиман, шунинг учун Дамас автомобилига эҳтиёжим бор, беш йилдан буён навбатда туриб ҳам автомобил сотиб ола олмаяпмиз. Навбатга ёздирган пайтимизда Damas автомобили нархи 22,0 млн сўм эди, ҳозирга келиб эса 62,8 млн бўлди, лекин шу нархга ҳам сотиб олишга розимиз. Мен матбуот орқали президентимиз Шавкат Мирзиёевдан ёрдам сўрайман, мен каби оддий фуқароларга ёрдам берсинлар. Ўзбекистоннинг ўз автомобил заводи бўла туриб ҳам автомобил сотиб ола олмаяпмиз» - деб фикр билдирди Саидов.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган Damas автомобилининг нархи, охирги беш йилда уч бараварга ошиб, 62,8 млн сўмга етган бўлса-да, ҳали ҳамон автомобил очиқ савдода мавжуд эмас. GM Uzbekistan Damas автомобилига бўлган талабни тўла қондириш қачон амалга ошиши бўйича маьлумот бермасдан келмоқда. 

Оддий фуқароларнинг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Damas каби  автомобиллар сотиб олиш орзуси эса, ҳалигача армон бўлиб қолмоқда.

Фуқароларнинг беш йилдан буён навбатда туриб ҳам автомобил сотиб ола олмаётганлиги юзанидан «GM Uzbekistan» АЖдан муносабат кутиб қоламиз.

Мирзо Субханов

subkhonov.blogspot.com