Афғонистон президенти парламент сайловларига старт берди

20.10.2018 | Жаҳон | 2322

Афғонистон президенти Ашраф Ғани шанба куни мамлакат парламенти қуйи палатасига ўтказилаётган сайловларда иштирок этди. У Қобулдаги сайлов участкаларининг бирида овоз бериш жараёнида иштирок этди ва бу билан мамлакатдаги умумсайловларга старт берди, деб хабар қилди РИА Новости.

"Мен ҳар бир афғон фуқаросидан бугун овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишни сўрайман. Бу - сизнинг ҳуқуқингиз ва фахрий бурчингиз", - деб айтган давлат раҳбари.

Сайлов участкалари шанба куни 07.00 да очилган.

Жорий йилда Волус Жиргадаги депутатлик мандатлари учун 2,5 мингдан зиёд номзодлар кураш олиб боради. Улардан 10%дан камроғи (205 номзод) 26та сиёсий партияларнинг номзодларидир, қолган барчаси мустақил номзодлар сифатида рўйхатдан ўтказилган.

Овоз бериш жараёни Афғонистоннинг 34 провинциясидан 32тасида ўтказилади - Ғазни провинцияси (у ерда 2019 йилнинг баҳорига белгиланган) ва Қандаҳор (толибларнинг губернатор офисига ҳужуми туфайли бир ҳафта кейин ўтказилади) бундан истисно.

Шанба куни Афғонистон ҳудудида 7,5 мингдан 5 мингга яқин сайлов участкалари иш олиб боради. Учдан бир қисми хавфсизлик чоралари туфайли ёпиқ қолади. Овоз бериш вақтида мамлакатда тартиб 50 минг нафардан зиёд миллий хавфсизлик кучлари ходимлари томонидан таъминланади.

Сайловларнинг дастлабки натижалари ноябр ойининг биринчи декадасида, якуний натижаси эса - 20 декабрда аниқ бўлади.

Ҳозирги парламентнинг ваколати муддати 2015 йил июн ойида тугаган. Келгуси сайловларнинг ўтказилиши 2016 йилга режалаштирилган, аммо турли сабабларга кўра қолдирилиб келинган, парламент ваколати эса президент фармони билан узайтирилган эди. 2010 йилда ўтказилган парламент сайловлари кўпсонли қоидабузарликлар ва толибларнинг участкаларга ҳужуми билан ўтган.

Экспертлар таъкидига кўра, Афғонистонда ўтказилган аввалги сайловлар каби бу сайловлар ҳам камсонли қатнашчилар билан характерланади. Бу нафақат фуқароларнинг сайлов жараёнига умумий ишончсизлиги, балки хавфсизлик соҳасида вазиятнинг зиддийлашуви билан ҳам боғлиқ. Бундан ташқари, илгарироқ айтилгани каби, сўнгги йилларда жангарилар назоратида бўлган ва жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларнинг ортиши кўпгина туманларда доимий сайлов участкалари очилишини шунчаки йўққа чиқарди.