Кобулда сайловлар куни учта портлаш содир этилди

20.10.2018 | Жаҳон | 2568

Мамлакат парламенти (Волус жирга) қуйи палатасига депутатлар сайлови бўлиб ўтаётган Кобулнинг турли туманларида шанба куни камида учта портлаш юз берди.

Италиянинг Emergency нодавлат ташкилоти хабарига кўра, Кобул яқинида жойлашган сайлов участкаларида юз берган портлашлар туфайли жарроҳлик марказига 30 киши, шу жумладан, бир нафар бола олиб келинган. Бола олинган жароҳатлар оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Таъкидланишича, портлашларнинг барчаси сайлов участкалари яқинида юз берган. Шундай бўлсада, бу фуқароларнинг ўз овозини бериш хоҳишига глобал даражада таъсир кўрсата олмаган.

Ҳозирча мамлакатда мавжуд бўлган террорчилик гуруҳларидан ҳеч бири содир этилган ҳодиса юзасидан жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

Қайд этилишича, шанба куни ўтказилаётган сайловларни тан олмаётган "Толибон" радикал ҳаракати етакчилари тинч аҳоли номига таҳдидлар қилиб, сайлов жараёнига қаттиқ қаршилик кўрсатиш фикрда эканликларини яширмаганлар.