Қашқадарёда сохта диплом билан мактабда 20 йилдан ортиқ ўқитувчилик қилганлар аниқланди

24.10.2018 | Жамият | 3172

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қашқадарё вилояти бошқармаси Миришкор тумани бўлими мактабда икки нафар ўқитувчи сохта диплом билан кўп йиллардан буён ишлаб келаётганини аниқлади. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, улар ўзларининг Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети томонидан берилган дипломлари қалбаки эканлигини олдиндан билишган. Улардан бири Миришкор туманидаги 8-мактабда 1993 йилдан 2018 йилга қадар бошланғич синфлар ўқитувчиси, бошқаси эса 9- мактабида 1997 йилдан 2018 йилга қадар жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлаб келган.

Текшириш давомида уларга қалбаки дипломларни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ўқитувчиси тайёрлаб берганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.