Тошкентдан янги қурилган уйни 1 сўмга сотиб олинганда ҳам прописка берилади

25.10.2018 | Ўзбекистон | 3458

Вазирлар Маҳкамасининг 22 октябрдаги қарори билан Ўзбекистон фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомга ва чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда "Норма" хабар қилади.

Маълумки, 2017 йил июль-августдан бошлаб жорий этилган тартибга кўра, Ўзбекистон фуқаролари ва чет эл фуқаролари янги қурилган уйда кўчмас мулк сотиб олиш шарти билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискадан ўтиш имкони берилганди. Параллель равишда битимнинг энг кам суммаси ҳақидаги шарт жорий этилган эди:  

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига республиканинг бошқа минтақаларидан келган ва ўша минтақаларда доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун – қиймати 2 500 ЭКИҲдан кам бўлмаган (материал эълон қилинган санада – 460 млн 750 минг сўм). Шунингдек олди-сотди битимини нотариал тасдиқлаганлик учун 5 фоизлик бож тўлаш ҳам талаб этилган;

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига бошқа давлатлардан келган ва яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан – қиймати 600 млн сўмдан кам бўлмаган. Шунингдек олди-сотди битимини нотариал тасдиқлаганлик учун 10 фоизлик бож тўлаш ҳам талаб этилган.

Кейинчалик шахс Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон фуқаролари тоифаларининг рўйхатининг 1-банди, шунингдек Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниш ҳуқуқига эга бўлган шахслар – чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхатининг 1-бандига асосан турар жой мулкдори сифатида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискадан ўтиш учун ҳужжатларни тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлган.

Энди Ўзбекистон фуқаролари учун битим суммаси бўйича чекловлар тўлиқ олиб ташланди. Битим суммаси миқдори ҳатто 1 сўм бўлиши мумкин. Чет эл фуқаролари эса қайси тоифага мансублигидан қатъи назар, 3 300 ЭКИҲ (материал эълон қилинган санада – 608 млн 190 минг сўм) тўлашларига тўғри келади. 

Адлия вазирлиги 2018 йил февралда тайёрлаган лойиҳадан фарқли равишда, қабул қилинган ҳужжатда пропискага эга бўлмай туриб иккиламчи бозорда турар жой сотиб олишга рухсат берилмаган. Гарчи бекор қилиш таклиф этилган бўлса ҳам, турар жой учун ҳисоб-китобни банк ҳисобварақлари орқали амалга ошириш тартиби ҳам сақланиб қолди.