Олий таълим муассасаларига қабул бу йил қандай ўтди: таҳлил ва таклифлар

27.10.2018 | Таҳлил | 3195

Ўзбекистонда 2018-2019-ўқув йили учун кириш тест синовлари 1-13-август кунлари кундузги, махсус сиртқи ва кечки таълим шакллари бўйича жами 79 та олий таълим муассасалари, жумладан, 60 та ОТМ ва 19 та ОТМ филиаллари учун бўлиб ўтди. 17-20-август кунлари эса сиртқи таълим шакли бўйича 44 та ОТМ ва 8 та ОТМ филиалларида бўлиб ўтди.

Барча таълим шаклллари бўйича ОТМларга абитуриентлардан 814 мингдан ортиқ ариза келиб тушди. Барча таълим шакллари бўйича 721 мингдан ортиқ абитуриентлар тест синовларида қатнашган бўлса, 22 мингдан ортиқ абитуриентлар турли сабабларга кўра (умуман келмаган ёки кеч қолиб келган) тест синовларида қатнашмади. Қоида бузганлиги сабабли 2700 дан ортиқ абитуриентлар тест синовларидан четлаштирилди.

Олдинги тест синовлари ва 2018-йили бўлиб ўтган тест синовлари ўртасида қандай ўзгаришлар ва фарқлар бор? Янги тизим ҳақиқатдан ҳам яхшими? Бу борада яна қандай ўзгаришлар қилиш мумкин?

Мана шундай саволларга жавоб топиш учун дастлаб олдинги ва ҳозирги тизимни ўзаро таққослашга ҳаракат қилиб кўрамиз.

1. Ҳужжатларни қабул қилиш. Олий таълим муассасаларига ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида деярли ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Фақатгина Тошкент давлат юридик университетига қабул жараёни синов тариқасида Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) орқали қабул қилинди. Ушбу хизмат Республиканинг барча туман ва шаҳарларида йўлга қўйилди. Ушбу хизматнинг афзалликлари ҳақида пост охирида алоҳида тўхталамиз.

2. Тест синовларини ўтказиш муддати. Олдин тест синовлари фақат бир кунда, 1-август куни 09:00 дан 12:20 гача давом этар эди. 2018-йили эса тест синовлари 15 кун давомида, яъни 1-августдан 15-августгача икки сменада ўтказилди. Биринчи сменада тест синовлари 08:00 да бошланиб, 11:00 да якунланди, иккинчи сменада эса 15:00 да бошланиб, 18:00 да якунланди.

3. Тест синовлари бўлиб ўтадиган бино. Олдинги тизимда тест синовлари Республика бўйича 1000 дан ортиқ биноларда, хусусан, олий таълим муассасалари, академик лицей, коллеж ва мактаб биноларида 30 ёки 60 кишилик гуруҳлардан ташкил топган аудиторияларда бўлиб ўтар эди. Аудиториялардаги вазиятни умумий ҳолда кузатиб бориш имкони бўлмагани учун жараённи назорат қилиш жуда қийин эди. Шунинг учун ҳар йили тест синовларида ноҳақликлар рўй бергани ҳақида шикоятлар кўп тушарди. Бундан ташқари олдинги тизимда таълим тили ва тест топшириш графикаси турлича бўлган абитуриентлар турли аудиторияларда тест синовлари топширган. Бу эса қўштирноқ ичидаги гуруҳлар шаклланишига замин яратган. Мисол учун, кирилл графикасида тест топширувчилар жуда кам бўлиб, одатда битта ёки иккита гуруҳни ташкил этар эди холос. Ўз-ўзидан улар алоҳида аудиторияда тест топширар эди. Ҳозирги тизимда аудитория тушунчаси бутунлай олиб ташланган бўлиб, шартли гуруҳлар мавжуд. Яъни тест синовлари бўлиб ўтадиган бинолар гуруҳларга ажратилган ва бу барча гуруҳлардаги вазиятни умумий ҳолда кўриб туриш ва назорат қилиш имконини беради. Чунки тест синовлари Тошкент шаҳридаги «Ўзекспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуаси павилонларида ва унинг ҳудудида ўрнатиладиган қўшимча йиғма павилонларда, шунингдек, олимпия захиралари коллежлари ёки бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ўтказилди. Мазкур биноларда ҳар бир гуруҳ учун алоҳида видеокамера, қўшимча тарзда бинони тўлиқ кузатиб бориш учун махсус айланма видеокамералар қўйилган бўлиб, тест жараёни видеокузатув остида бўлиб ўтди. Бундан ташқари, ота-оналар учун алоҳида жойлар тайёрланган бўлиб, ота-оналар абитуриентларнинг тест топшириш жараёнини кузатиб бориш имкониятига эга бўлди. Ҳаттоки, тест жараёнини ТВ ёки интернет орқали онлайн кўриш имконияти ҳам яратилди.

4. Тест синовларида иштирок этувчилар. Олдинги тизимдан фарқли ўлароқ ҳозирги тизимда тест синовлари бўлиб ўтадиган бинога фақатгина гуруҳ назоратчиси, бино раҳбари ва ДТМ вакили кириши мумкинлиги белгиланди.

  • Бунда гуруҳ назоратчиси Давлат тест маркази билан тузилган шартнома асосида тест синовларида иштирок этади ва шартномада белгиланган вазифа ва мажбуриятларни бажаради. Бино раҳбари ва ДТМ вакили Давлат тест маркази директорининг буйруғи билан тайинланади.
  • 2018-йили бўлиб ўтган тест синовларида бинолар сони олдингидек кўп бўлмагани учун ҳар бир бинода Давлат тест маркази ходими тест синовларига умумий раҳбарлик қилиб боргани тест синовларининг сифатли ва адолатли ўтишида энг муҳим омиллардан бири бўлди.

5. Абитуриентларни ҳудудга ва бинога киритиш. Абитуриентларнинг ҳудудга ёки бинога тақиқланган воситаларни олиб киришга уриниш ҳолати аниқланса, абитуриент шу заҳоти тест синовларидан четлаштирилди. Бинога киришда шахсни идентификациялаш воситалари ҳамда видеофиксация қурилмалари орқали абитуриентнинг ўрнига киришга уриниш ҳолатлари аниқланди ва уларнинг олди олинди.

6. Тест саволлари сони ва уларга ажратилган вақт. Олдинги тест тизимида ҳар бир фан бўйича 36 тадан тест саволлари бўлиб, жами учта фан бўйича 108 та тест саволлари бўлар эди. Бунда тест саволлари билан ишлаш учун ҳар бир фанга 1 соатдан, яъни битта фан учун 1 соат, иккита фан учун 2 соат, учта фан учун 3 соат вақт берилган. Жавоблар варақасида жавобларни бўяш учун эса қўшимча 20 минут вақт ажратилган. Жами бўлиб тест синовлари учун 3 соату 20 минут вақт белгиланган. Ҳозирги тест тизимида эса ҳар бир фан бўйича 30 тадан тест саволлари бўлиб, учта фан бўйича жами 90 та тест саволлари бўлади. Бунда ҳар бир фан учун 1 соатдан вақт ажратилган бўлиб, мазкур вақт жавоблар варақасини бўяш вақтини ҳам ўз ичига олади.

7. Тест саволлари базаси. Жорий йилда тест саволлари бўйича ҳам бир қатор ўзгаришлар амалга оширилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

8. Натижаларни эълон қилиш. Аввалги йилларда тест натижалари 15-августдан сўнг, бошқача қилиб айтганда тест синовлари бўлиб ўтган кундан камида 15 кундан кейин эълон қилинар эди. Абитуриентлар сонининг йилдан йилга ортиб бориши натижасида мазкур муддат янада ортиб бораётган эди. Натижаларни узоқ муддатда эълон қилинишига асосий сабаб сканер қурилмаларининг замон талабига мос эмаслиги эди

9. Алоҳида иқтидор талаб этувчи абитуриентлар ва чет эл фуқаролари. 2018-йилдан бошлаб чет эл фуқаролари тест синовларисиз суҳбат асосида (олий таълим муассасаси томонидан) олий таълим муассасаларига қабул қилинди. Алоҳида иқтидор талаб этувчи йўналишлардан тест синовлари олиб ташланди ва мазкур йўналишларга ҳужжат топширган абитуриентлар касбий (ижодий) имтиҳонлар (олий таълим муассасаси томонидан) орқали ўқишга қабул қилинди.

2017-йили бўлиб ўтган тест синовларида 16 мингдан ортиқ тест топшириқларидан фойдаланилган бўлса, 2018-йилги тест синовларида 170 мингдан ортиқ тест топшириқларидан фойдаланилди. Олдинги йил билан солиштирганда жорий йилги тест синовларида қўлланилган тестлар сони қарийб 11 баробар кўп эканига гувоҳ бўлиш мумкин. Бундай катта база яратилишига асосий сабаб, саволлар такрорланмаслигини таъминлаш мақсадида тест синовлари бўлиб ўтадиган ҳар бир кун учун алоҳида тест саволлари базаси яратилганидир.

Ҳозирги тизимда тест натижалари тест синови бўлиб ўтган куннинг эртасигаёқ эълон қилинди. Бунга абитуриентларнинг 15 кунга тақсимланиши ва тест саволларини текшириш жараёнига замонавий сканер қурилмаларининг тадбиқ этилиши натижасида эришилди. Фақатгина ҳарбий тавсияномага эга абитуриентларнинг иккинчи ОТМ бўйича натижаси, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ва ногиронлиги бўлган абитуриентларнинг натижалари 15-августдан сўнг эълон қилинди.

2018-йилги тест синовларида абитуриентларга берилган имтиёзларда ҳам бир қатор қўшимча ва ўзгаришлар мавжуд. Лекин имтиёзлар сони кўп ва бунинг ўзи катта бир мавзу.

Келгусидаги ўзгаришлар

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини янада такомиллаштириш мақсадида кейинги йили бўлиб ўтадиган тест синовларида ҳам кўплаб ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.

Улардан бири ОТМларга ўқишга кириш учун аризаларни ДХМлар орқали қабул қилишдир. Ушбу хизмат жорий этилса, абитуриентлар исталган туман ёки шаҳардаги ДХМлардан бирига бориб ариза топшириши мумкин бўлади. Бунда абитуриент ариза топшириш учун ДХМга паспорт ва ўрта махсус маълумоти тўғрисидаги диплом ёки аттестат билан мурожаат қилиши етарли. Тест синовлари бўлиб ўтиб, натижалар чиққанидан сўнг эса ўқишга кирган абитуриентлар керакли ҳужжатларни йиғиб ОТМга тақдим этади. Унгача абитуриентлардан ҳеч қандай ҳужжат олинмайди.

Аризаларни ДХМ орқали қабул қилишнинг иккита афзаллигини алоҳида келтириб ўтиш лозим.

Биринчиси, узоқ масофага бориб келишга ҳожат қолмайди ва ортиқча сарф-ҳаражатни олди олинади.

Иккинчиси, барча абитуриентлар ҳужжатини олий ўқув юртларида сақлашга ҳожат қолмайди. Бу ҳам абитуриентларга ҳам ОТМ ларга жуда фойдали. Чунки ҳозирги ҳолатда барча абитуриентлар Низомда белгиланган ҳужжатларни йиғиб ОТМ га тақдим этади. Тест синовлари бўлиб ўтиб, натижалар чиққанидан сўнг, ўқишга кира олмаган абитуриентлар яна ОТМ ларга бориб ҳужжатларини қайтиб олиши керак бўлади. ОТМлар эса абитуриентлар ҳужжатларини олиб кетгунига қадар йиллар давомида мазкур ҳужжатларни архивда сақлайди. Ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг ҳужжатларини эса барча ҳужжатлар орасидан ажратиб чиқади.

Бундан ташқари, 2019-йилдан бошлаб абитуриентлар бир нечта олий таълим муассасаларига ўқишга кириши мумкин бўлади. Ўйлашимча, бу барча учун жуда яхши янгилик. Мисол учун, жорий йилда Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ)нинг «Ахборот коммуникация технологиялари соҳасида касб таълими» йўналишида (русча таълим шаклида) қабул чегараси 71 баллни ташкил этди (давлат гранти 93.9). ТАТУнинг Самарқанд филиалида эса биринчи ўринда ўқишга қабул қилинган абитуриент 67.2 балл тўплаган. Бирорта абитуриент давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинмаган, квоталар бўш қолиб кетган. Агар ТАТУга ҳужжат топширган абитуриентлар ҳужжат топшираётганда ТАТУнинг Самарқанд филиалини ҳам танлаган бўлганларида квоталар бўш қолиб кетмаган бўлар эди ва нисбатан билимлироқ бўлган абитуриентлар ўқишга қабул қилинган бўлар эди.

Кейинги йилдан қабул квоталари бўйича ҳам ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Яъни тўлов-контракт бўйича қабул квоталари босқичма-босқич бекор қилинади. Аниқроқ қилиб айтганда, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш учун квоталар Ҳукумат қарори билан тасдиқланиши мумкин. Тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш учун квоталарни эса ОТМ ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда белгилайди.

Тавсиялар

Шу ўринда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида қандай ўзгартиришлар қилиш тўғрисида ўзимнинг шахсий фикримни ва таклифларимни билдириб ўтмоқчиман.

Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини икки босқичли қилиш. Биринчи босқични ОТМлар томонидан оғзаки ёки ёзма тарзда ўтказиш. Иккинчи босқични эса Давлат тест маркази томонидан тест синовлари асосида ўтказиш. Жорий йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида қабул шу тартибда бўлди.

Тестдаги ҳар бир фан учун минимум йиғиш керак бўлган баллни белгилаш. Масалан, 1-блок учун 27,9 балл, 2-блок учун 18,9 балл, 3-блок учун 9,9 балл. Бошқача қилиб айтганда ҳар бир фан бўйича жами тест саволларининг 30 фоизини тўғри топиши керак бўлади. Ҳозирги ҳолатда 1-блокдан 20 тестни тўғри топса 62 балл йиғади. Айрим йўналишларда кириш бали 56.7 баллни ташкил этмоқда. Демак, мазкур абитуриент бошқа фанларни билиши ҳам шарт эмас!!! Аслида минимум йиғиш керак бўлган баллни юқорироқ белгиласак ҳам ёмон бўлмас эди.

Тест синовларида барча таълим йўналишлари учун мутахассислик фанларидан ташқари она тили ва адабиёт, мантиқ ва математика фанлари бўйича мураккаб бўлмаган тест синовларини жорий этиш. Бу нарса абитуриентнинг ҳисоб-китоб, тил ва мантиқ каби асосий билим ва кўникмаларни ҳам ўрганишини таъминлайди.

Абитуриентни фақат хотирасини текширишга қаратилган саволлар эмас, балки фикрлаш қобилиятини ҳам текширишга қаратилган саволларни кўпайтириш. Мисол учун, тарих фанида нима, ким, қачон, қаер каби мазмундаги саволлар эмас, қандай қилиб, нима учун каби мазмундаги саволлар қўйилса. Ёки турли манбаларда берилган маълумотларни ўзаро боғлаган ҳолда тўғри жавобни топиш мумкин бўлган саволлар бўлса. Демоқчиманки, абитуриентлар фақат саволни ёдлаш билан чекланиб қолмасин, фикрлаш қобилиятини ривожлантирсин. Бирор нарсани ўқиб ўзи хулоса чиқара олсин.

Нотоғри жавоб белгиланган тестлар учун балл олиб ташлаш. Шунда абитуриентлар фақатгина ўзи аниқ билган тестларини белгилаб, қолганини белгиламасдан қолдирар эди. Ахир ҳеч ким тахминан белгиланган тестлар орқасидан балл йўқотишни хоҳламаса керак.

ОТМлар ва соҳа корхоналари ўртасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим. Соҳа корхоналари ўзига қандай кадрлар керак эканини, улар нималарни билиши керак эканини, қандай талабларга жавоб бериши керак эканини ОТМларга билдирса, ОТМлар мазкур талабларни инобатга олган ҳолда талабаларга таълим берса ва корхоналар ОТМни тамомлаган талабаларни имтиҳон асосида (синов муддати беришдан олдин) ишга қабул қилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Сиз қандай фикрдасиз? Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида яна қандай ўзгаришлар қилиш керак деб ҳисоблайсиз?

Жамшидбек Одилов