Экспорт ҳажмининг ўсишига тўсқинлик қилаётган омиллар маълум қилинди

30.10.2018 | Иқтисод | 2666

Марказий банк 2018 йилнинг III чорагида иқтисодиёт реал секторидаги ҳолат ва кутилмаларни ўрганиш натижаларини эълон қилди.

2018 йилнинг III чораги мобайнида реал сектор субъектларининг экспорт фаолиятининг аввалги чоракка нисбатан фаоллашганлигини кўрсатмоқда. Жумладан, маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) эскпорти ҳажмининг ошганлигини маълум қилган экспортёр корхона ва ташкилотларнинг улуши II чоракдаги 43 фоиздан III чоракда 50 фоизгача ошган ҳамда экспорт ҳажмининг камайганлигини қайд этган респондентларнинг улуши 17 фоиздан 12 фоизгача камайган.

Иқтисодиёт тармоқлари кесимида қаралганда, экспорт ҳажмининг ўсиши респондент корхона ва ташкилотларнинг нефть-газ саноатида 100 фоизида, енгил саноатда 50 фоизида, тоғ-кон саноатида 50 фоизида, кимё саноатида 44 фоизида, озиқ-овқат саноатида 36 фоизида, транспорт хизматлари соҳасида 86 фоизида ҳамда туризм хизматлари соҳасида 82 фоизида кузатилган.

Бунда, респондентларнинг 46 фоизи 2018 йилнинг III чораги мобайнида ташқи бозорларга чиқиш шарт-шароитларининг осонлашганини, 48 фоизи ўзгармаганини ҳамда 7 фоизи қийинлашганини маълум қилган.

Экспорт ҳажмининг ўсишига тўсқинлик қилаётган омиллар сифатида экспорт қилувчи корхоналарнинг 21 фоизи транспорт харажатларининг юқорилигини, 18 фоизи ташқи бозор конъюнктураси бўйича маълумотларнинг етарли эмаслигини, 17 фоизи корхона маҳсулотларига ташқи бозорларда талабнинг пастлигини, 14 фоизи эса маҳсулотларни (иш, хизматларни) экспорт қилиш билан боғлиқ тартиб-тамойилларнинг мураккаблигини билдирган.