Самарқандда беш нафар ҳоким ва ўринбосарига интизомий чора кўрилди

09.11.2018 | Жамият | 2904

Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан имзоланган ҳужжатлар (фармон, қарор, фармойиш ва баённомалар)да белгиланган топшириқларнинг ўз вақтида ижроси таъминланиши Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.

Бироқ, айрим ҳолларда топшириқлар ижросига масъул бўлган мансабдор шахслар ва мутахассислар ўзларига юклатилган вазифаларни белгиланган муддатда, сифатли бажарилишига эътиборсизлик билан қараганлиги оқибатида ижро интизоми бузилиши ҳамда режалаштирилган тадбирларнинг амалга оширилиши кечикишига йўл қўйилган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси бўлими бошлиғи М.Баҳритдиновнинг «Зарафшон» газетаси сайтида чоп этилган мақоласида тўхталиб ўтилган.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 29 мартдаги қарорига асосан «Обод қишлоқ» дастурига киритилган маҳаллаларга туташ 53 км. йўлларни таъмирлаш жорий йилнинг 1 октябрига қадар якунланиши лозим эди. Аммо ушбу топшириқ ижросига Самарқанд, Ургут, Нарпай, Пахтачи, Каттақўрғон, Қўшработ ва Иштихон туманлари йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари раҳбарлари масъулиятсизлик билан ёндашгани оқибатида белгиланган ишлар ўз муддатида бажарилмади. Натижада уларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида ишлар қўзғатилди.

Президент ҳужжатлари ва топшириқларини ўз вақтида бажармаган 5 нафар туман ҳокимлари ва ўринбосарлари, шунингдек, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Мактабгача таълим, «Ўзбекэнерго», «Сувоқова», Бандликка кўмаклашиш, Соғлиқни сақлаш ва Ўрмон хўжалиги бошқармалари, тижорат банкларининг вилоят ва туман ҳудудий бўлимлари, Ҳунармандлар уюшмаси, Ирригация тармоғининг раҳбар ва масъул ходимлари, жами 58 нафар мансабдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилди. 17 нафарига қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирувлар эълон қилиниб, қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида вилоят ҳокимига тақдимнома киритилди.

Давлат раҳбари томонидан қабул қилинган 337 та ҳужжатда Самарқанд вилоятига тааллуқли 2111 та топшириқлар берилган бўлиб, шу пайтгача улардан 1445 тасининг ижроси таъминланган, 648 таси эса бажарилмоқда.

397 банддан иборат 628 та топшириқ президентнинг 2017 йил ва 2018 йилнинг 17−18 март кунлари вилоятга ташрифи давомида берилган бўлиб, 2018 йил 1 ноябрь ҳолатида ижро муддати келган 419 та топшириқлардан 409 тасининг бажарилиши таъминланган.

Ижро муддати яқинлашаётган топшириқлар бўйича мутасадди ташкилот ва муассаса раҳбарларига доимий равишда эслатма ва огоҳлантирув хатлари юборилиб, уларнинг масъулиятини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Шу ўринда айрим мансабдор шахсларга Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 5 октябрдаги «Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори талабларини эслатиб қўйиш жоиз. Мазкур қарор талабларига кўра, Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органларига вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси президентининг қарорлари ва топшириқларининг самарали ижро этилиши юзасидан тегишли прокурор назоратини таъминлаш ҳамда уларни тўлиқ бўлмаган ҳолда ва кечиктириб бажарган шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари кўрилиши белгиланган.