Тарбия

Анжелина Жоли ва Брэд Питт 6 фарзандини қандай тарбиялайди?

Актёрлар Анжелина Жоли ва Брэд Питтнинг олти фарзанди бор, уларнинг уч нафари асраб олинган. Хўш, Голливуднинг энг гўзал аёлларидан бири уларни қандай тарбияламоқда?

Интернетга тақиқ

Актриса интернет ахборот манбаси эмас, балки турган-битгани бошоғриқ деб ҳисоблайди. Шу сабабли Жоли болаларини китоб ўқишга мажбурлайди (уларнинг уйида ажойиб болалар кутубхонаси бор), компьютер қаршисида ўтириш учун эса кўпи билан бир соат вақт сарфлашга рухсат беради.

Индивидуаллик

Катта эътиборни актриса фарзандларидаги индивидуалликни, ўзига хосликни тарбиялашга қаратади. Анжелинанинг фикрича, бола ўзига нима кераклигини яхшироқ билади, шу туфайли, унинг интилишларини чекламаслик ва ўз фикрини ўтказмаслик керак.

Умумий қизиқишлар

Актриса тўнғич ўғли Мэддокс билан бир хил хоббига эга, бу — пичоқлар йиғиш. Аммо у ўғлига мардлик, жасурлик, шараф ҳамда кучсизларни ҳимоя қилиш кераклиги ҳақида гапириб беришни ҳам унутмайди.

Талабга кўра овқатланиш

Юлдузли жуфтликнинг фарзандлари улар билан хизмат сафарларига тез-тез бориб туради, шу туфайли, уларнинг кун режими силжийди. Буни назарда тутиб, Брэд ва Анжелина болаларни ўз талабига қараб овқатлантиради. Актрисанинг фикрича, овқатланишнинг бундай режими боланинг саломатлиги ва ақлий ривожланишига таъсир кўрсатмайди. Анжелина барча ота-оналарга болаларни қатъий белгиланган вақтда зўрлаб овқатлантирмасликни, балки уларга бу борада эркинлик беришни маслаҳат беради.

Оилавий анъаналар

Жоли-Питт оиласи оилавий кечки овқатни ўз анъанасига айлантириб олган. Улар кечки овқатга биргаликда, катта дастурхон атрофида ўтиради. Анъаналар оилани жипслаштиради, умумий қизиқишларни юзага келтиради, асосийси эса, болаларнинг ўзаро алоқада бўлишини таъминлайди.

Ҳар ким хато қилишга ҳақли

Анжелина хатолардан қўрқмаслик кераклиги, чунки улар табиий эканлигини болаларига уқтириб келади. Тажрибали она фарзандларини чашкани тушириб қўйгани ёки қандайдир буюмни синдириб қўйгани учун ҳеч қачон койимайди. “Туширдингми — ол, синдирдингми — йиғиб ол, хато қилдингми — уни тўғрила” — мана шундай оддий ҳақиқатга Жоли тарбия жараёнида таянади.

Брэд ва Анжелина ҳеч қачон жаҳлларини болаларга тўкиб солмайди — яхшиси, бироз вақтга нари кетиб, тинчланиб, сўнг ўтириб гаплашиб олади. Бундай хулқ болаларда вазминликни ҳамда низоларга оқилона ёндашувни шакллантиради.

Тақиқ зонаси

Жоли фарзандлари ташқи муҳитнинг салбий таъсирига тушиб қолишини истамайди, шу туфайли улар қандай интернет-манбаларга кираётганини мунтазам текшириб туради ва, ҳатто, болалар руҳиятига ёмон таъсир қилиши мумкин деб ҳисоблаган сайтларини блоклаб ҳам қўяди. Жонкуяр она, шунингдек, зўравонлик ва қонли саҳналар бўлган фильмларни кўришга рухсат бермайди.

Ота-онанинг обрўси

Жуфтлик ҳеч қачон болалар олдида жанжаллашмайди. Жоли болалар кўз олдида отанинг ролини пастга туширмайди. “Менимча, ота-она болалар қаршисида бир-бирининг ҳақлигини шубҳа остига олишидан ёмони бўлмайди. Келишмай қолсак, болаларга эшиттирмай жанжаллашамиз. Шунинг учун катта ўғлимга ниманидир тақиқлаганимда, бу ҳақда отасига шикоят қилишни хаёлига ҳам келтирмайди”, — дейди актриса.