Биласизми?

Бола қоронғиликдан қўрқса, нима қилиш керак?

Баъзи болалар қоронғиликдан қўрқади. Бу қўрқув қаердан пайдо бўлади? Дастлаб шу саволга жавоб излаймиз.

Телевизор

Даҳшатли фильм томоша қилишни хоҳлаган катталар буни болалар иштирокисиз  кўришлари шарт. Чунки катталар учун унчалик қўрқинчли бўлиб туюлмаган манзаралар болада қўрқув уйғотиб,  салбий таассурот қолдиради ва хотирасига михланиб қолади.

«Тарбиявий» усуллар

Кўпинча болага айтганини қилдириш учун уларни ялмоғиз кампир, бўри ва шунга ўхшаган  нарсалар билан қўрқитишади. Бундай «тарбия»дан кейин бола ёлғиз қолишдан ва айниқса, қоронғида қолишдан қўрқадиган бўлиб қолади.

Психологик муҳит

Болалар психологлари таъкидлашларича, болада қўрқиш пайдо бўлишига олиб келадиган асосий сабаб оиладаги психологик муҳитнинг носоғломлигидир. Болалар оиладаги психологик муҳитнинг қандайлигини худди барометр каби аниқ сезиб туришади. Бу муҳитнинг салбий томонга ўзгариши болада психологик жавоб реакциясини келтириб чиқаради. Бундай реакцияларнинг бир кўриниши қоронғиликдан қўрқишдир.

Муаммонинг кенг тарқалган сабаблари ҳақида билиб олдик. Энди бу муаммони қандай бартараф этиш мумкинлиги устида тўхталсак бўлади.

Бундай ҳолатда тегишли мутахассис ёрдами керак бўлади. Биринчи навбатда болалар психологига мурожаат қилинади. Психолог муолажани бошлагач, ота-она ҳам четда қараб турмаслиги керак. Хўш, оталар ва оналардан нима талаб қилинади? Бундай вазиятда уларнинг асосий вазифаси боланинг қўрқувни енгиб ўтишига ёрдам беришдир. Бунинг учун нималардан фойдаланиш мумкин?

Эртак қаҳрамонлари

Болаларда тасаввур кучли ривожланган бўлиб, хаёлларида эртак қаҳрамонларини осонлик билан жонлантира оладилар. Салбий қаҳрамонлар қоронғиликдан қўрқишни келтириб чиқарса, ижобийлари бу қўрқувни енгишга  ёрдам беради. Болани салбий қаҳрамонлар ижобийларидан жуда қўрқишларига ишонтириш керак. Масалан ялмоғиз кампир Чебурашкадан қандай қўрқишини қизиқарли қилиб тасвирлаб бергач, ўйинчоқлар дўконига бола билан бирга бориб, шу қаҳрамонларга ўхшатиб ясалган ўйинчоқларни сотиб олиш керак. Бола уйқуга ётишидан олдин шу ўйинчоқлар билан вазиятли ўйин ўйнаш керак. Бунда болага салбий қаҳрамонни жонлаштириш вазифаси берилади. Натижада бола ўзи қўрққан нарсани кўз олдига келтиради, бу образ хаёлида кичиклашиб, йўқолади.

Тунги чироқ

Болани қоронғиликда қолдирмаслик учун хонасига тунги чироқ ёқиб қўйиш керак. Тунги чироқни боланинг кўзига ёруғлик тушмайдиган қилиб ўрнатиш керак, хавфсизлик қоидаларини ҳам эсдан чиқармаган маъқул.

Стрессдан ҳимоя қилиш

Оилада сокин ва тинч муҳит яратиш, болага ортиқча танбеҳ беришдан сақланиш керак.

Нималардан сақланиш керак?

  1. Болани фикридан қайтаришга уринмаслик керак.

Ота-оналар кўпинча боласига қоронғидан қўрқиш керак эмаслигини жон куйдириб тушунтиришга ҳаракат қилишади. Лекин бола катталарнинг мантиқий асосларига тушунмайди, унга босим ўтказилаверса, сизга нисбатан ишончи йўқолиб, мулоқот учун ёпилиб қолади.

  1. Болани уялтирмаслик керак

Болани қўрққани учун уялтириш, унинг устидан кулиш боланинг ўзига бўлган ишончининг йўқолишига олиб келади. Бу эса қўрқувнинг кўпайиши демакдир.

  1. Болани уришишдан сақланиш керак

Баъзан катталар болани уришиб, муаммони ҳал қилмоқчи бўлишади. Бунинг натижасида болада янги муаммолар келиб чиқиши аниқ.

Манба: Daryo.uz