Ота-она болага тарбия беришда боланинг олдига мақсад қўйиши керак экан. Ана шунда бола ҳар бир ишига маъсулият ҳис қилишни ўрганар экан.
Мақсад болага интилиш учун бир талаб қилинадиган кучдир. Яъни бола маълум бир истагингизни сиз айтганингиз учун эмас, балки бу нарса унга фойдали бўлгани учун қилиши кераклигини англай олиши лозим.
Масалан, "Сен бугун яхши баҳо олишинг керак, бўлмаса адангдан калтак ейсан" деганингизнинг икки натижаси бўлиши мумкин: 1. Бола адасидан қўрқиб қобилияти етса яхши баҳо олиб келади. 2. Боланинг қобилияти етмай ёмон баҳо олиб, уйга келишга қўрқиб, сиздан ҳақиқатни бекитишга ҳаракат қилади.
Бунинг ўрнига сиз нега бола яхши баҳо олиб келишини унга тушунтириб беришингиз керак. Ахир бунинг сабаби "аданинг жаҳлдорлиги" эмаску. Бунинг ҳақиқий сабаби: яхши баҳо олган бола келажакда имтиҳонларни яхши топшира олади, катта бўлганда яхши олийгоҳларга кириб ўқий олади, ўзи истаган мамлакатларга саёҳат қила олади, яхши ишда ишлаб зўр машинага эга бўлади ва ҳоказо.
Мана шундай эзгу мақсадлар болага ҳар вақт тушунтирилиши керак. Бир тушунмаса ҳам, бир неча бор мисоллар билан келтирилган ижобий мақсадлар бола онгига бориб-бориб сингийди ва у ўз ихтиёри билан яхши ўқишга интилади.
Ҳамма боланинг ўз кичик ниятлари бўлади. Ўғил болалар чиройли машинага эга бўлиш, мультфильм қаҳрамонларига ўхшаш ёки адасига (бобосига) ўхшашни хоҳлайдилар.
Қиз боланинг ниятлари ўғил боланикидан фарқлироқ бўлади. Қиз болалар кичиклигида малика бўлишни, тарбиячи, ўқитувчи бўлишни истайдилар. Уларга ҳам маълум бир иш қилдираётганингизда оддийгина: "Ўйинчоқларингни йиғиштирсанг сенга кўчада музқаймоқ олиб бераман", дейиш ўрнига, "Малика бўлиш учун қизлар одобли, сарамжон бўлиши керак",-деган гапингиз унга ижобий мақсад бўлади.
Ана шу ниятларни сиз тушуна билиб унга шу орзуга эришиш учун қандай йўл тутиш кераклиги ёки аксинча қандай йўл тутмасликни тушунтира олсангиз, бола кичиклигидан ўз ишларига маъсулиятли бўлишни ўрганади.
Албатта бу бир кунлик иш эмас, бу болалик даврида давом эттирилиши керак бўлган кундалик ҳаётдир.
Мисол учун, ота-онасидан қўрқиб ёки маълум бир совға олиш учун яхши ўқиб келаётган бола ўз билимларини фойдали қўллаш эҳтимоли кичик. Аксинча, ўз хоҳишига кўра, ўзи тушуна оладиган мақсад сари интилиб яхши ўқиётган бола бутун умр ўз олдига эзгу мақсад қўйиб, унга интилиш фойдали эканлигини англаб ютуқларга эришиб юради. Ўз оиласини қурганда ҳам оилавий муносабатларда маъсулиятли, вафодор инсон бўла олади.