Болалар ўртасида улар жиноятчиларни қандай тасаввур қилиши ва хавфли вазиятларда қандай йўл тутиши лозимлиги мавзусида ўтказилган сўров натижалари эътиборингизга ҳавола этилган эди. Шу мавзунинг узвий давоми сифатида хавфсизликнинг олтин қоидаларини келтириб ўтамиз:
- Салбий фикрлар ўрнига ижобий фикрларни билдирамиз. Боланинг ўзига бўлган ишончини оширамиз
"Ҳеч кимдан ҳеч қачон ҳеч нарса олма" деган сўзларнинг ўрнига "Бирор киши сенга ўйинчоқ, ширинлик таклиф қилса ёки бирор жойга бориб келайлик деса, албатта аввал мендан сўра, келишдикми?" деб таъкидлашимиз мумкин.
- Энг оддий вазиятларни ҳам ўзимизда кўрсатиб беришимиз керак
Ҳар бир вазиятни тушунтириб эмас, айнан кўрсатиб беришимиз керак:
- Телефонга қандай жавоб бериш;
- Эшик қўнғироғи чалинганда қандай жавоб бериш;
- Қандай қилиб "йўқ" жавобини бериш;
- Мактабгача бўлган энг хавфсиз йўлни топамиз;
- Бирор киши сенга тегажоқлик қилганда қаерга қараб югурасан?
- Бу одамлардан қай бири сенга шубҳали бўлиб туюлмоқда ва аксинча қай бирларига ишонсанг бўлади?
Биринчи ўзимиз бирор вазиятни кўрсатиб берамиз, кейин фарзандимиздан ҳам кўрсатиб беришни сўраймиз.
- Ҳар бир сайр давомида беш дақиқани "огоҳликни текшириш" учун ажратамиз
Подездда, лифтга кириш ёки қурилиш ва гаражларни кўрганда хавфсизлик ҳақида суҳбат ташкил этамиз.
- Ўзимиз ўрнак бўламиз
Эшикни очишдан аввал махсус тирқишдан (глазок) қараймиз. Бир дақиқага чиқаётган бўлсак ҳам кириш эшигини калит билан қулфлаймиз.
- Телефонлар, уй манзиллари ҳамда рақамларни тез териш тугмаларини ўрганамиз
Шу қаторга машиналарни кузатиш — уларнинг рақамлари ва маркаларини эслаб қолишни қўшиш мумкин. Кўчалар, яқин атрофда жойлашган супермаркет ва муассасаларнинг номларини ёдлаб олиш мумкин. Бу оддий машқлар нафақат эътиборли бўлишга, балки атроф-муҳитни хавфсизлик нуқтаи назаридан баҳолашга ўргатади.
- Катталардан кимга ишониш мумкинлигини такрорлаб турамиз
Болага шундай тушунтириш керак: "Ҳар бир кишининг шахсий ҳудуди мавжуд, унга фақат энг яқин кишиларга киришга рухсат берилади. Сенинг яқин кишиларинг — бу оиланг!"
- "Мураккаб" мавзуларда суҳбатлашамиз
Кўпчилик ота-оналар одам ўғирлаб кетиш, фирибгарлик, айниқса, жинсий тажовузлар мавзусида фарзандлари билан гаплашишни истамайди. Бу хатодир. Биз бу каби мураккаб нарсалар ҳақида фарзандимиз билан қанчалик рўйирост ва хотиржам суҳбатлашсак, уларда шунчалик кўп ишонч уйғотамиз.
- Дастлабки мустақил қадамларга рухсат берамиз
Дўстлар билан учрашув, шаҳар транспортида сафарга чиқиш, сайрлар... Бу ота-оналар учун оғриқли тажриба бўлса-да, болани мустақил бўлишга ўргата туриб, унда ишонч ва масъулиятни тарбиялаймиз.
- Ожиз томонларимизни яширмаймиз
Бола билан дўстлашиш зарур. Дўстлар эса барча сирлари билан бўлишади. Ўзингизнинг омадсизликларингиз ҳақида ҳам фарзандингизга ҳикоя қилинг. Бу йўл билан сиз мураккаб ўсмирлик даврига келиб, дўстона ишонч туйғусини шакллантирасиз.
- Келишувга риоя этамиз
Агар фарзандингиз олдиндан огоҳлантирган бўлса, уни кечикканлиги учун койиманг. Қоида ўрнатамиз: агар олдиндан рухсат сўрасанг ёки огоҳлантирсанг, ўзинг хоҳлаган нарсани қўлга киритасан. Агар ёлғон гапирсанг, шунга яраша жазолар қўлланади.
Ота-оналар фарзандига ҳеч қачон ҳеч нарса хавф туғдирмаслигига эриша олмайди. Бироқ хавфли вазиятлар юзага келганда улар қандай тўғри йўл тутиши ва бунда сира иккиланмаслиги лозим эканлигини ўргатишга қодир!