Сизнинг фарзандингиз қизғанчиқми? У деярли ҳеч қачон бошқа болалар билан ўзининг ўйинчоғи, велосипеди ёки конфетлари билан бўлишмайдими? Булар тарбиядаги бўшлиқлар натижасида юзага келади. Балки фарзандингиз ўзидан каттароқ кимгадир тақлид қилаётгандир. Боланинг қизғанчиқлигига гувоҳ бўлган катталар ўзини қандай тутиши керак?
Қизғанчиқлик — туғма хислат эмас. Болаларда илк қизғанчиқлик аломатлари жуда эрта 2—3 ёшлардаёқ намоён бўла бошлайди. Бу ёшда болалар учун ўйинчоғини кимгадир бериш ўзининг бир парчасини беришга тенг. Бу уларнинг руҳиятига боғлиқдир. Болалар тахминан 6—7 ёшгача жуда худбин бўлади. Улар баҳсли вазиятларда ўзини қандай тутишни билмайди. Ота-оналарнинг асосий вазифаси болага бундай вазиятларда тўғри йўл кўрсатишдир.
Фарзандингиздаги қизғанчиқликдан халос бўлиш учун уни бошқа болалар билан биргаликдаги ўйинларга кўпроқ жалб қилишга ҳаракат қилинг. Бошқа болаларни меҳмонга чақиринг ёки ўзингиз болалар бор хонадонга меҳмонга боринг. Фарзандингиз ўзини яхши тутса, уни мақтаб қўйишни унутманг! Унинг сахий ва меҳрибон эканлигига урғу қаратинг. Уйда қизғанчиқ бўлиш ёмон эканлиги ва бошқа болалар билан бўлишиш қандай яхши эканлиги ҳақида ҳикоя қилишга интилинг.
Агар боланинг қизғанчиқлиги туфайли бошқа болалар билан можаро юзага келган бўлса, унга бақириш керак эмас. Бу ҳолатда уришиш орқали муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Бола бирор нарсани бўлишишга шундай бўлиши кераклиги учун эмас, балки бошқаларга хурсандчилик улашиш ва улар билан бирга шодланиш учун ўрганиши керак.
Болани бошқалар билан бўлишишга ўргатишдаги энг кўп учрайдиган 3 та хато:
- Ҳеч қачон болани мажбурламанг
Боладан бирор ўйинчоқни олиб қўйиб, уни бошқага бериш орқали унга нимани ўргатиш мумкин деб ўйлайсиз? Ўзингиз ҳам бир дақиқага тасаввур қилиб кўринг. Бошлиғингиз хонангизга кириб, сизнинг ноутбугингизни тортиб олади ва бошқа ҳамкасбингизга беради. Бу сизда бошқалар билан бўлишиш истагини юзага келтирмаса керак... Аксинча бу бутунлай қарши истакни шакллантиради.
Боланинг қўлидаги нарсани ҳеч қачон тортиб олманг. Жисмоний куч ишлатиш орқали сиз болани ҳам худди шу усулга ўргатасиз.
- Катта фарзандингизни доим кичигига ён босишга мажбур қилманг
Болалар доим ўзидан катта опаси ёки акасига ўхшашга интилади. Агар катта қизингиз тўп билан ўйнаётган бўлса, кичиги ҳам шу заҳоти тўпни истаб қолади. Бироқ кичиги учун катта фарзандингиз доим ўз ўйинидан воз кечиши адолатдан эмас. Баъзан биз бўлишишни билиш бу бошқаларни ҳурмат қилишни англатишини унутиб қўямиз. Болага сахийликни ўргатиш билан бирга уни бошқаларнинг истакларини ҳурмат қилишга ҳам ўргатиш муҳим ҳисобланади. Катталар болаларнинг можаросига аралашар экан, биринчи навбатда тарбиявий жараённи эмас, болаларнинг ҳис-туйғуси ҳақида ўйлаши лозим. Агар она биринчи фарзандидан ўйинчоқни олиб қўйиб, кичигига берса, катта фарзанд "Онам уни мендан кўпроқ яхши кўради" деб ўйлай бошлайди. Бу эса болалар ўртасидаги салбий муносабатларни шакллантиради.
- Болага "қизғанчиқ", "хасис" каби лақабларни қўя кўрманг!
Сахийлик борасида фарзандингизга ўзингиз ўрнак бўлишни ҳам унутманг!