Тарбия

Болани жазолаш ўрнини босадиган 5 та усул

Ҳар бир оилада шундай қоидалар бўладики, уларга риоя қилмаган бола маълум жазо билан “тақдирланади”. “Deti.mail.ru” болаларни шафқатсиз чораларни қўлламасдан туриб жазолаш усулларини келтириб ўтди. Улар боланинг хулқини тузатади, аммо шу билан бирга, унинг руҳиятига таъсир ўтказмайди.

“Жарима” ишлари

Бола “жаримага тортилган” бўлса, унга шафқатсизлик кўрсатиш ўрнига, қўлидан келадиган уй ишларига жалб этинг ёхуд ўз қилмишининг оқибатларини ўзи бартараф этсин: деворларга чизган бўлса, тозаласин, тўзғитган бўлса, йиғиштирсин… Оилада маълум бир қоидаларни ўрнатиш, уларни бузган оила аъзоларини “жаримали санкциялар”га тортиш — яхши усул, чунончи, деразаларни ювсин, идиш-товоқларни ювиб қўйсин, дастурхонни йиғиштирсин.

Жазо ўрнига эртак

Махсус танлаб олинган эртаклар болаларга ўйин шаклида хулқ меъёрларини ўзлаштиришда ёрдам беради. Бундай эртакларда бош қаҳрамон болалар каби қилмишларни амалга оширади, ҳикоя сўнгида эса бундай қилиш яхши эмаслигини англаб, бундай хатоларни бошқа такрорламайди.

Вақтинчалик ёлғизлик

Болани бошқа хонага киргизиб (ўйинчоқлар бўлмаган), тинчланишини ва ўз хатти-ҳаракати ҳақида ўйлаб кўришни сўрашади. Бундай усул бола она-онасини бошқаришга, уларнинг диққатини тортишга уринганида айниқса, қўл келади. Ёлғизлик учун боланинг ёши қанча бўлса, шунча дақиқа вақт ажратилади. Масалан, уч ёшли болага ўйлаш учун уч дақиқа бериш етарли. Ёш бола бироз вақтдан сўнг уни нима учун жазолашганини ҳам унутиб юборади.

Бундай чоранинг турларидан бири — “ахлоқ тузатиш курсиси”. 2—5 ёшли болаларга мўлжалланган бундай жазо АҚШда кенг тарқалган. Бунда уйингиздаги курсилардан бири “ўтириб, тинчланиб ол” деган курсига айлантирилади. Уч дақиқалик қум соат сотиб олинг. Бола ўзини ёмон тутганида уни шу курсига юборинг ва қум соатини ағдариб қўйинг. Болага эса қум пастга тушиб кетмагунича курсида ўтиришни тайинланг.

Ёқимли нарсадан мосуво қилиш

Болани унга ёмонлик қилиш эмас, уни яхши нарсадан маҳрум қилиш орқали жазолаган маъқул. Қандай “қоидабузарлик”лар оқибатида қайси нарсалардан маҳрум қилиш ҳақида, яхшиси, олдиндан келишиб олинг. Болага бу жазо ҳақида дарғазаб бўлмасдан, бақириқ ва агрессиясиз — хотиржамлик ва хайрихоҳлик билан маълум қилинг. Биринчи навбатда, доимгидек, нима сабабдан жазоланаётганини тушунтиринг. Аммо шуни ёдда тутингки, ҳеч қачон болани овқат, тоза ҳавода сайр, бошқа болалар билан мулоқотдан маҳрум қилманг.

Ҳазил сифатида жазолаш

Бундай жазо арзимаган айблар учун мос тушади. Уни болани нимагадир ўргатиш учун қўллаш тавсия этилади. Масалан, у баъзан ифлос оёқ кийим билан уй ичига кириб кетса, унга “Тозалик — соғлик гарови” деган иборани такрорлаган ҳолда ўн марта ўтириб-туришни таклиф қилинг. Асосийси, болани шундай жазолаш керакки, у ўзини камситилган деб ҳис қилмасин. Бола ўз вақтини бекорчиликка сарфлашдан тез безор бўлади ва сиз ундан истаган нарсангизни бажаришга ўрганади.