Тарбия

Болани тарбиялаш - Ж. Грей маслаҳати

Эркак ва аёл муносабатлари, инсон психологияси, фарзанд тарбиясига оид китоблари билан дунёга машҳур бўлган ёзувчи Жон Грейнинг фикрича, болани тарбия қилишда асосий 5 тамойилга таяниш керак экан. Шунда бола одобли, ақлли ва энг муҳими бахтли бўлиб ўсар экан.

Ушбу 5 тамойил бир-бири билан узвий боғлиқдир. Уларнинг барчасини амалга оширган ҳолда болани тарбиялаш жуда катта ижобий ўзгаришларга олиб келар экан.

1 - тамойил

Бошқалардан фарқли бўлиш - нормал ҳолат! Бола ҳеч қачон бошқа болага ўхшаши керак эмас. Ҳар бир бола ўзича ажойиб ва такрорланмас ижобий хусусиятларга эга. Агар ота-она боласини бошқа билан солиштиришни тўхтатса, унинг ютуқ ва камчиликларини бошқаларники билан таққосламаса, боланинг ўзига бўлган ишончи кучли бўлиб, у ютуқлари ёки бирон меҳнати учун эмас, балки ўзи севимли эканлигини англаб катта бўлади. Ота-она эса солиштиришдан бош тортса, фарзандининг асл бойлигини кўра олади.

2 - тамойил

Хато қилиш - нормал ҳолат! Инсон хато қилсагина ривожлана олади. Бола ҳам улғайган сари хато қилиши ёмон эмас. Муҳими бу хатоларнинг такрорланмаслигидир. Агар боланинг қилган хатоси ота-онанинг жаҳли чиқишига олиб келса, бола лидерлик хусусиятларини ривожлантира олмайди. Бирон иш қилишдан қўрқиб, ўзига бўлган ишончини йўқотиб боради.

3 - тамойил

Салбий ҳиссиётларни кўрсатиш - нормал ҳолат! Йиғлаш, жаҳл қилиш, асабийлашиш, хафа бўлиш каби салбий ҳиссиётлар бола учун ўз ҳис-туйғуларини англашни ўрганиши учун керак. Бу туйғуларни босиш керак эмас. Аксинча, улар юзага чиққанда болага далда бўлиб, унинг муаммоларини ота-она тушунаётганини кўрсата билиши керак.

4 - тамойил

Янада кўпроқ исташ - нормал ҳолат! Бола истаги кўплиги билан катталардан ажралиб туради. Унга доим янада кўпроқ керакдек туюлади. Бу истак болада мақсадга интилиш ҳиссини кучайтиради. Бола руҳан кучли бўлишни ўрганади. Бу дегани ҳар истагини бажариш шарт эмас, лекин бу истагни изҳор этишини қўллаш керак. Ота-она хоҳлаган пайти боланинг истакларига рад жавобини бериши мумкин, бу муаммо эмас. Муаммо боладаги истак туйғусини йўққа чиқариш, уни бу истаги учун уялтириш ёки койиш.

5 - тамойил

Ота-онага қарши "йўқ" дейиш нормал ҳолат, ЛЕКИН доим эсингда турсин ОТА-ОНА бошлиқ! Бу тамойилнинг асосида боланинг ўз норозилигини билдира олиш имконияти ётади. Болага ота-она бирон буйруқ берса, у шу заҳоти қилиши қийин. Баъзида эса қаршилик ҳам кўрсатади. Шунда ота-она болага жаҳл қилмай, унинг қаршилигини тушунаётганини, ЛЕКИН барибир айтганини қилиши шарт эканлигини тушунтира олиши керак. Унинг қаршилигини ота-она тушуниши, унга енгиллик беради ва қаршилик кучи пасаяди. Агар норозилигини кўрсата олмай улғайса, катта бўлган сари бола ота-онадан узоқлашиб, сирлашмайдиган бўлиб қолади.