Фарзанд тарбияси билан шуғулланиш кўпинча оналарнинг чекига тушади. Шу сабабли улар бу ишда жуда ҳам сабрли ва чидамли бўлишлари керак. Баъзилар болани бўйсундиришнинг бирдан-бир йўли уни калтаклаш ёки қўрқитиш деб ҳисоблайдилар. Аммо бу нотўғри хулоса. Фарзандингизни урмасдан ҳам йўриғингизга юрдиришингиз мумкин. Бунинг натижасида фарзанд ота-онасига муҳаббатли бўлиб улғаяди, уларга ихтиёрий равишда бўйсунадиган бўлади. Хўш, бунга қандай қилиб эришиш мумкин дейсизми? Қуйидаги 8 та тавсия айни шу ҳақда.
1. Имкон борича яхши сўзларни ишлатинг!
Фарзандингизнинг номаъқул ишларига кичкина жумлалар билан чек қўйинг. Мисол учун:
«Ақлли бўлгин»нинг ўрнига «Тарбияли бўлгин, китобларни отма» ёки «Китобларнинг жойи токчада» каби жумлаларни ишлатинг. Муҳими, сўзингизда танбеҳ оҳангидан кўра тавсия оҳанги устун бўлсин! Бола сизни уришаяпти деб қабул қилмасин! Бу унда тескари реакция уйғотиши, қайсарлик қилишига олиб келиши мумкин.
2. Айтаётган сўзларингизга ўзингиз ҳам амал қилинг!
Фарзандингиз кун бўйи ўйинчоқ ўйнаши мумкин. Баъзида ўйинчоқларни шу бўйича ташлаб кетиши ҳам мумкин. Бундай ўринларда: «Ўйинчоқларни йиғиштир» деган қўпол муомаланинг ўрнига «Ўйинчоқларингни йиғиштириб, жойига қўйсанг, синмайди, йўқолиб ҳам қолмайди» дейиш афзал. Агар бу кутилган натижани бермаса,(кўнмаса, йўқ дейдиган бўлса) «Кел бирга йиғиштирамиз» десангиз, бола буни ўйин деб қабул қилади ва рад этмайди.
3. Боланинг шахсиятига тегадиган гаплардан тийилинг!
Фарзандингизга: «Бу яхши иш эмас» денг, унинг шахсиятига тегадиган гап бўлмасин. Масалан, «Нима бўлди сенга?», «Ундай эмасдинг-ку» ёки «Ҳеч қачон одам бўлмайсан», «Молдан фарқинг йўқ» каби гаплар болага салбий таъсир қилади. Натижада у кейинчалик ўзи мустақил иш қилолмайди ва ўзига-ўзи «Барибир яхши гап эшитмайман» деб ҳеч нимага ҳафсаласи қолмайди.
4. Боланинг хоҳиш–истакларига эътиборли бўлинг!.
Кичкинтойларнинг табиатида ўйинга, ўйинчоққа муҳаббат кучли бўлади. Бозорга тушганингизда ҳам фарзандингиз дарров ўйинчоқ дўконга шошади. Боланинг хоҳишига эъборли бўлиш баробарида унга нарсаларнинг, пулнинг қадрига етишниям ўргантиб кетиш керак. Сиз унга: «Сен ҳозир ўйинчоқ танла, кейинги сафар эса бошқа нарса танлайсан». Ёки у билан: «Бозорга борганда сенда фақат 1 та нарса танлашга имкониятинг бўлади, ёки битта ўйинчоқ олиб бераман» деб келишиб олинг. «Йўқ, кейинги сафар, кейинги сафар…» деяверсангиз, боланинг ишончини суистеъмол қилган ва натижада унинг нафратига сазовор бўласиз. Агар унинг тилини тополсангиз, Фарзандингиз ҳам ўзининг қадрини англайди.
5. Болани эшитиб, тушунишга ҳаракат қилинг!
Фазандингизнинг ҳолатини тушунишга ва уни эшитишга ҳаракат қилинг. Мумкин: оёқ кийими сиқаётганлиги сабаб айтганингизни қилмаётган бўлиши мумкин. Ёки қайсарлиги, кайфиятсизлигига бошқа шу каби сабаб бўлиши мумкин. Сиздан чўчиб буни очиқ айтолмаётгандир. Болаям бир шахс, унга катталардек муомалада бўлиш керак. Бунинг фойдаси келажакда кўп сезилади.
6. Маслаҳатлашишга ҳаракат қилинг!
Фарзандингиз бир номаъқул иш қилиб қўйса, унинг сабабини аниқлаб олинг. Балки уни компьютер ўйнашдан ман қилиб қўйгандирсиз ёки бошқа… Унга: «Ҳозир компьютер ўйнайдиган вақтмас, ўзимнинг ҳам синглимдан жаҳлим чиқиб турибди, ҳозир унга телефон қилиб ҳодисани ҳал қилиб олишим керак» қабилида ўзингиз шу каби ўринларда мисол бўлсангиз, бола ҳам жаҳл чиққанда нима қилиш кераклигини англайди ва уни писмиқ бўлишдан асраган бўласиз. (3 кундан ортиқ уришиб юришнинг ҳам олди олинади)
7. Болани қўрқитманг, порага ўргатманг!
Фарзандингизни қўрқитманг, у фақат жаҳлингиз чиққанида сиздан қўрқиб, паришонлигингизда билганини қилиб олишга ўрганади. Оқибатда у шундай нарсага боғланади. Уни порага ҳам ўргатманг, акс ҳолда у сизда пора йўқ бўлган вақтда айтганингизни қилмаслиги мумкин. Пора нархи тўғри келсагина сизга ёрдам бериши мумкин бўлиб қолади. Бу ҳам тарбиясига зиён.
8. Болани мақтаб туринг!
Фарзандингиз айтганингизни қилганида «Офарин», «Баракалла» ва «Яхши иш қилибсан» қабилида мақтаб туришингиз, фарзандингиздаги шижоатни кучайтиради. Баъзида йиғлаганида: «Менга катта кишилардек иш қилганинг ёқди, лекин ҳар нарсага йиғлашинг ҳунук иш» денг.
Баъзи оталар фарзандлари Қуръони Каримдан ёд олса, унинг ёд олганларининг мукофоти сифатида бир лавҳага ёки қоғозга 1 та юлдузча осиб қўйишади, у юлдузчалар 5 тага етганида унга янги ўйинчоқ ёки шунга ўхшаган нарса сотиб олиб беришади.
Албатта, фарзанд тарбияси ҳар қандай онага қийин, лекин улар сабр ва матонатли бўлишса, фарзандлари ўсган сари чеккан меҳнатлари бекорга кетмаганини англашади ва роҳатини кўришади.
Абдуллоҳ Раҳимбоев тайёрлади
Манба: Tafsilot.Uz