Кўпинча тўрт ойликкача бўлган чақалоқларни қориндаги санчиқлар безовта қилади. Хўш, қорни оғриётган кичкинтойга қандай ёрдам бериш мумкин? Қорин санчиқлари — боланинг қорнида ортиқча газ йиғилиши ва чиқиб кетмаслиги оқибатида рўй берадиган ва кичкинтойни жуда безовта қиладиган оғриқлар хуружи.
Янги туғилган чақалоғингизнинг мазза қилиб эмиб, кейин пишиллаб ухлаб қолишига термулиб тўймайсиз. Аммо кўп ўтмай, сизни хавотир ва қўрқув эгаллаб олади. Чунки кичкинтой бирданига қаттиқ чинқириб йиғлаб, қўлчаларини мушт қилади, оёқчаларини эса таранг бўлиб қолган қорни томон букиб олади. Унинг қорни оғрияпти. Зудлик билан чоралар қўллаш керак!
Нима бўлди ўзи?
Одатда чақалоқ ҳаётининг учинчи ҳафтасида қорнида оғриқлар пайдо бўлади. Кўпинча санчиқлар кечқурун ёки эрта тонгда юзага келиб, ҳар куни деярли бир вақтда такрорланади, давомийлиги ҳам бир хил бўлади. 6-8-ҳафтада оғриқлар авж нуқтасига чиқади, кейин сусая бошлайди. 3-ойнинг охири ва 4-ой бошларига келиб йўқолади.
Оғриқларни газлар келтириб чиқаради. Улар болакайнинг ҳали яхши ривожланмаган ошқозон-ичак тизими маҳсулидир. Ахир она қорнидаги 9 ой давомида бола киндик орқали озиқланган эди-да! Жажжи организм ҳосил бўлган газларни дарҳол чиқариб юбора олмайди. Газлар эса ўз навбатида ичаклар деворларига босим ўтказиб, оғриқ юзага келтиради. Ошқозон-ичак йўлининг етарлича ривожланиши, ферментлар ва ичакларда зарурий микрофлоранинг шаклланиши учун вақт керак. Унгача ота-оналар болага ортиқча газлардан халос бўлишида ёрдам бериб туришлари лозим.
Қандай овқатлантираётганингизга эътибор беринг!
1. Кўкракни тўғри бериш.
Бола кўкракни тўғри олиши ва эмиши жуда муҳим. Тўғри эмизилса, чақалоқ ортиқча ҳаво ютмайди ва қоринда газлар камаяди. Одатда, қоидага мувофиқ эмизилса, ҳеч қандай «чўқиллаган» овозлар чиқмайди. Эмизаётганда кўкракда оғриқ сезиш ҳам боланинг нотўғри эмаётганидан дарак. Чақалоқни сунъий овқатлантирсангиз, бутилкани тўғри ушлаш жуда муҳим.
2. Махсус бутилкалар
Сунъий овқатлантириш учун ичида ҳаво яхши айланадиган махсус бутилкалар ишлаб чиқарилган. Улар ичидаги сутда пуфакчалар ҳосил қилмайди, демак, чақалоқнинг ичига ортиқча ҳаво кирмайди. Шунингдек, сўрғичнинг тешиги жуда кенг бўлмаслиги лозим. Акс ҳолда бола қалқиб кетиб, кўп ҳаво ютиб қўяди.
3. Оналар парҳези
Эмизикли она нималар истеъмол қилаётганига аҳамиятли бўлиши керак. Айниқса, қорнида ортиқча газ тўпланаётган боланинг онаси қатъий парҳез тутиши лозим. Гўдакнинг қорнида газ ҳосил қилиши мумкин бўлган маҳсулотлардан ўзингизни тийинг. Кўпроқ қатиқ ичинг, гўштни эса газ печида пиширинг ёки димланг (қовурилган гўшт еманг!)
Ҳаётбахш илиқлик
4. Грелка
Оғриқ безовта қилганда гўдакнинг қорни иссиқ бўлишига эътибор беринг. Эмизаётганда ёки эмизиб бўлишингиз билан фарзандингизнинг қорнига илиқ чойшаб, ичига илиқ сув тўлдирилган бутилка ёки олча данаклари солинган грелка тутинг. Олча данакли грелка учун қалинроқ мато олиб, халтача тикасиз. Бир четини очиқ қолдириб, унга олча данакларидан тўлдириб соласиз. Кейин халтачанинг очиқ учини ҳам тикиб қўясиз. Чақалоқда қорин оғриқлари бошланганда, халтачани микротўлқинли печга қўйиб, иситасиз ва боланинг қорнига босасиз. Дананаклар ўзида узоқ муддат иссиқликни ушлаб туради.
- Гўдакнинг чойшабини дазмол билан иситинг (фақат қайноқ қилиб юборманг, болани куйдириб қўйишингиз мумкин) ва қорнига қўйинг.
- Ичига илиқ сув солинган бутилканинг таъсири узоқроқ чўзилади. Бутилкани боланинг қорнига қўйишдан аввал сочиққа ўранг.
- Халтача тикиб, ичига олча данаклари солинг ва уни микротўлқинли печда илитиб, болакайнинг қорнига қўйинг.
5. Она кўксининг илиқлиги
Кичкинтой сизнинг бағрингизда яхши исийди ва оғриқлар ўтиб кетади. Болангизни кўксингизга ётқизинг. Бунда ҳам тафтингиз кичкинтойингизнинг қорин оғриғини босади, ҳам сиз билан жисмоний яқинлик уни тинчлантиради. Кўпинча чақалоқлар қорин оғриғи ўтиб кетгандан кейин шу ҳолатда онасининг кўксига бошини қўйганча ухлаб ҳам қолишади.
6. Илиқ ванна
Агар имкон бўлса, оғриқлар безовта қилган пайт кичкинтойни илиқ сувли ваннага туширинг. Мазкур тадбир болакайни тинчлантиради, илиқлик эса оғриқларга барҳам беради.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси