Тарбия

Фарзанд тарбиялаш ҳақида бебаҳо 21 та фикр ва 1 масал

Руҳий тадқиқот натижаларига кўра, инсон феъл-атворининг 80 фоизи у 5 ёшгача бўлган даврда шаклланиб улгурар экан. Айни шу даврда ота-онанинг тарбиядаги эътибори, оилавий муҳитнинг соғломлиги фарзанд камолида катта аҳамият касб этади.

Қуйида эътиборингизга тарбияга оид 20 та фикр-мулоҳазани ҳавола қиламиз.

Дарахтдан мева оламан десанг, уни ниҳоллик давридан парвариш қил.

Ўзбек халқ мақоли

 Отанинг қандайлигини ҳеч ким йўқлигида боласига қилган муомаласидан билиш мумкин.

 ― Ден Пирс

Ота-онанинг ўз фарзандига "Сен менинг ғурур-ифтихоримсан" дейиши фарзанд тарбиясидаги энг муносиб хатти-ҳаракатдир.

― Унарин Ромару

 Оилада катта ёки кичик нарса бўлмайди. Ҳамма нарса, ҳатто, энг оддий бўлиб кўринган оилавий муносабатлар ҳам болага таъсир кўрсатади. Айнисқа, ростгўйлик, самимийлик, садоқатлилик, ширин сухан бўлиш бола камолотидаги зарур ҳаётий воситалардан биридир.

― Абу Али ибн Сино

Яхши ота ёки она бўлиш учун ҳар доим ғазабланиш керак бўлганида вазмин бўлишинг, хафа бўлишинг зарур маҳалда эса табассум қилишинг керак бўлади. Шу боис ҳам, ота-она бўлиш катта маҳорат.

― Ден Пирс

Болалар ҳеч қачон катталарга қулоқ солишмаган бўлишса ҳам, улар катталарга тақлид қилишда ҳеч қачон хато қилишмаган.

― Жеймс Болдвин

Менга айт ва мен унутаман. Менга сабоқ бер ва мен эслаб юраман. Мени қизиқтир ва мен ўрганаман.

― Бенжамин Франклин

Сиз ўзимники деб ўйлаган болалар аслида сизнинг фарзандингиз эмас – улар ҳаётнинг ўғил-қизлари.

Гарчи, улар сиз орқали дунёга келган бўлишса ҳам, ўзларини умрга тегишли ҳисоблайдилар.

Улар ёнингизда улғайишса ҳам, кун келиб олисга кетиб қолишлари мумкинлиги айни ҳақиқат.

Сиз фарзандга ўз меҳр-муҳаббатингизни ҳис қилишларига ёрдам беришингиз мумкин. Аммо уларни ўз ўй-хаёлларингиз билан банд қила олмайсиз. Чунки уларнинг ўз дунёлари, хаёл ва режалари бор.

Уларнинг қад-қоматлари сизнинг уйингизда бўлса ҳам, кўнгиллари ҳали бу ерда қўним топмаган бўлади. Боиси уларнинг кўнгиллари келажакка мансуб. Сиз эса ўзингизни келажакда хаёлларингиз орқали ҳам тасаввур қила олмайсиз. Боиси сиз бугуннинг одамларисиз.

Сиз фарзандингизни тушуниш учун унга ўхшашингиз мумкин. Аммо уларни тамоман ўзингиздек бўлишга мажбурламанг. Сабаби ҳаёт олдинга юради ва кечаги қоидалар бугунга муносиб келмайди.

Сиз мисоли фарзандингизни олдинга йўналтирган камонсиз. Ўқнинг имкон қадар узоққа бориши ва мўлжалша тегиши учун камон мустаҳкам бўлиши керак.

― Халил Жуброн

Фарзанд – Яратганнинг ота-онага энг юксак инъоми. Фарзанд қалби эса – Худонинг ота-она қўлига парваришлаш учун берган энг катта омонати. Болангизга вақт ажратинг, уларни Худога эътиқодли, одамларга ишончи баланд қилиб тарбияланг. Уларнинг ҳаётдаги энг ишончли дўстига айланинг. Кексаликда шулардан бошқа амалларнинг ҳеч бири иш бермайди.

― Лиза Уингейт

Болалар ота-оналар тиззасидаги ўқувчилардир.

― Эмили Баволд

Гарчи, болаларимиз учун бекам-кўст келажакни ҳозир қила олмасак ҳам, болаларимизни келажак учун кам-кўстсиз қилиб тайёрлашимиз мумкин.

― Франклин Д. Рузвельт

Ким айтганини билмадим-у, инсон қалбида забт этилмаган, ҳис қилинмаган шундай туйғулар бўладики, бу гўзал ҳисларни бизга фақат фарзанд қувончи ҳадя қила олади.

― Энн Ламотт

Эртага фарзандларингиз ёдида бўлиш учун, бугун уларнинг ҳаётидан ва кўнглидан жой олинглар.

― Барбара Жонсон

Она бўлиш – биологик омил эмас, оналик тўлалигича хулқ-атворга тааллуқли.

― Роберт Ҳейнлайн

Фарзандни узоққа кетказмасликнинг энг яхши йўли – оилавий муҳитдаги заҳарли ҳавони кўчага ҳайдаб, оилада фаровон, дилкаш ришталар, одамга хуш ёқадиган иқлимни яратишдир.

― Дороти Паркер

Катталар туғма ақл соҳиблари бўлмиш болаларнинг йўлини тўсишни яхши кўрадилар. Катталарнинг талаб ҳамда вазифаларидан чарчаган болалар бора-бора ҳафсаласиз ва умидсиз бўлиб, хушчақчақ кўнгилларини бекитиб оладилар, қалбларида борини ўртоқлашмай қўядилар. Болага бундай муносабатда бўлиш уларнинг ўз ички оламларига бадарға қилиш, демакдир. Натижада уларни у оламдан ортга қайтариш қийин кечади.

― Ҳаруки Мураками

Ота ўз фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бермайди. Фарзандингга одоб бергин, чунки сен фарзандга одоб бериш ва уни таълим-тарбияли қилишга масъулсан. Бу масъуллик эса фарзанднинг кун келиб сенга яхшилик қилишига масъулдир.

― Ҳадис

 Ота-она табиатига хос шундай тушунарсиз ҳолат бор: улар ўз болаларини уларни жонларидай асраб-авайлаган ота-оналаридан кўпроқ яхши кўрадилар. Кун келиб фарзанд билан бўлиб, ота-оналарининг эътиборини унутиб қўядилар.

Ота-она фарзандини ардоқлашга киришар экан, боласига меҳри шу қадар чуқурлашадики, охир-оқибат фарзанд бу меҳрни англаб етишга ожизлик қилиб қолади. Натижада ўртада жарлик пайдо бўлади.

Сен ана шундагина ота-онангни сенга нисбатан муҳаббатини жавобсиз қолдирганинг ва катта хатога йўл қўйганингни англайсан.

― Урсула Неги

Фарзандингизга кучли ҳис-туйғу маҳалида ўз-ўзини қўлга олишни, туйғусини назорат қилишни, ҳар қандай шароитда адолатли бўлишни ўргатинг. Ана шунда сиз келажакка яхши бир инсонни туҳфа қилиб, жамиятни жиноят таъсиридан қутқариб қолган бўласиз.

― Бенжамин Франклин

Яхши ота-она фарзандига бахт машаққатли меҳнатнинг меваси эканини ўз саъй-ҳаракати билан кўрсатади ва секин-аста фарзандини ҳам ўз сафига олиб, мурғак қалбни муносиб ҳаёт сари бошлайди.

Мег Микер

Масал:

Келишмовчиликлар ва аҳилликнинг йўқлиги боис бир деҳқоннинг уйида доимо жанжал ҳукмрон экан.

Бир куни у ўғилларини тўплаб, уларга бир донадан хивич бериб, синдиришни буюрибди. Ўғиллари буни қийналмай бажаришибди. Сўнгра деҳқон ўғилларидан синдирилган хивичларни олиб,бир бутун қилиб боғлабди ва уни синдиришни сўрабди. Аммо ҳеч бир ўғил буни уддалай олмабди.

–Ўғилларим, дебди деҳқон, — оила ҳам мана шу хивичларга ўхшайди. Агар сиз ҳам ахил бўлиб, жипс яшасангиз ҳеч нима сизни мағлуб қила олмайди. Акс ҳолда парокандалик сиздан устун келиб,барчангизни ҳалок қилади.”

Сиз ҳам фарзандларингизни аҳил қилиб тарбияланг.

― Эзоп

Барчангизга фарзандингиз камоли ва роҳатини кўриш насиб қилсин!