Тарбия

Фарзанд тарбиялашда яҳудий миллатига хос 7 қоида

Ҳар миллатда бўлгани каби, яҳудийларнинг ҳам фарзандларига нисбатан меҳр-муҳаббати туганмасдир. Одатда яҳудийлар бола тарбиясига энг масъулиятли миллат сифатида эътироф этиладилар. Шу сабаб бўлса керак, бу миллат жаҳонга кўплаб буюк инсонларни берган.

"Ўғил тарбиялаш катта иш, қиз тарбиялаш эса – шарафли ишдир," дейди яҳудий халқи. Қолаверса, бу миллат фарзанди келажагига унинг жинсидан келиб чиқиб қайғурмайди. Қизми ёки ўғилми иложи борича уни қўллаб-қувватлайди.

Яҳудийлар ҳар бир болага қандайдир истеъдод берилганига ишонадилар. Қуйида фарзанд тарбиялашда бу миллатга хос баъзи қоидаларни эҳтиборингизга ҳавола қиламиз.

  1. Ҳеч қачон болани айбдор кайфиятга солмайдилар.

Оналар болаларини бирор айби учун жазолашга ёки у айбни боланинг бўйнига қўйиб, уни мулзам қилишга шошмайдилар. Улар бу вазиятда "сен аҳмоқ бола қандай қилиб бу ишга қўл урдинг?" дейиш ўрнига "менинг ақлли болам бу каби хатони нима сабабдан қилди экан?" қабилида иш тутадилар.

"Менинг болам бекам-кўст ва бирор камчилиги бўлиши ҳам мумкин эмас" деган ўй-фикр оналар онгида мудом туради ва оналар бунинг исботи учун қўлларидан келганча ҳаракат қиладилар.

Айниқса, оналар "болани онасининг эмас, қўшниларнинг сўзларига қараб бил" деган яҳудий мақолига жуда эътиборли бўладилар. Модомики, фарзандда бирор камчилик кўзга ташланса, она буни зудлик билан бартараф этишга киришади.

  1. Фарзандга ақлий эркинлик берадилар.

Замонавий яҳудий ота-она фарзанд тарбиясида икки бир-бирига зид қоидага амал қилади: боланинг эркин бўлишига ҳаракат қилади ҳамда унга нисбатан қаттиққўл муносабат. Бу тарбияни мажозий маънода мустаҳкам деворли катта ва эмин-эркин юриш учун шароит яратилган хонага қиёслаш мумкин.

Баъзи яҳудий оилаларининг қонун-қоидаларига кўра, ота-она ва фарзанд ўртасида бирор музокара олиб борилаётганида гапириш истагида бўлган бола қўл кўтариб, ота-онасидан изн сўраши керак бўлади.

Бу миллат ота-оналари қимматбаҳо буюмга зарар етказган ёки керакли ҳужжатни йиртиб қўйган фарзандларига таъна тошларини ёғдирмайдилар.

Яҳудий ота-оналари фарзандларини тарбиялашда махсус қонун-қоидалар ҳам ишлаб чиқмайдилар. Аслида, уларни "заҳарли ҳаво"дан ҳимоя қилишга интиладилар.

Қаттиққўлликка асосланган тарбияга эса болада ножоиз хатти-ҳаракат намоён бўла бошлаган пайтдан амал қилинади. Лекин ота ёки онанинг қимматбаҳо кийимига доғ теккизган фарзандни жазолаш бу миллатга хос эмас.

  1. Ҳар қандай кичик сабаб болани мақташ учун айни муддаодир.

Оналар фарзандларини тинмай мақтайдилар, эътироф этадилар. Бу одат фарзанд дунёга келиши билан бошланади. Ҳатто боланинг энг кичкина, арзимас иши, дейлик бирор сўз ўрганиши ёки оқ қоғозга илк маротаба ажи-бужи чизиқларни тортиши ҳам мақтов учун айни муддао.

Оналар боласининг бу қобилиятини тез орада барча яқинлари, дўстлари билан ўртоқлашадилар. Ва оналар бу ишни боланинг кўз ўнгида амалга оширишни маъқул кўрадилар.

Модомики, фарзанднинг муваффақияти юксакроқ бўлса, унда бу воқеа расман эълон қилинади, оила аъзолари, қариндошлар томонидан бола шаънига мақтовлар ёғилади.

Агар биз болада унинг ҳамманинг диққат ва эътиборида эканини, унинг кичик ҳаракати ҳам катта эътибор олиб келишини тушунтира олсак, бола аста-секин жамиятда ўзини қандай тутиши кераклигини англайди ҳамда ўз-ўзидан ижобий кайфиятдаги шахсий феъл-атвори шаклланади.

Фарзанднинг бу ютуқларини овоза қилиш эса уни бу яхши ишларни давом эттириши учун тиришишини таъминлайди.

  1. Ота-онада хулқ-атвор ва ўзини тутишда юқори даражадаги масъулият керак.

Яҳудийларда "отасини бош оғриқ қилган болага эътиборсизлик – келажакда отанинг юрак оғриғига мубтало бўлишига тенг" деган нақл бор.

Ушбу миллатнинг тарбия анъаналарига кўра, ҳатто ота-онанинг шошилинчда айтган арзимас сўзи ёки ножўя ҳаракати, фарзандга эътиборсизлик ҳам фарзанднинг тарбиясини бузиши мумкин бўлган сабабдир. Шу туфайли, яҳудий ота-оналар турли вазиятда ўзларини тутишлари ва оғизларидан чиқаётган сўзлари билан фарзандларига намуна бўладилар.

Шу сабабли бўлса керак, яҳудийлар фарзандга ном танлашда ҳам жуда эътиборли бўлишади. Боиси, улар фарзанднинг улғайиш жараёнида унинг номи феълига таъсир қилишига ишонадилар.

  1. Оиладаги муҳаббат ва ҳурмат – руҳий соғлом бола тарбиялашнинг омилидир.

Мазкур миллатнинг урф-одатларига кўра, ҳар қандай оиланинг устуни – ота-она, яъни эр ва хотиндир. Шу боис ҳам, фарзандга унинг эрта ёшидан бошлаб оилада отанинг онага ва онанинг отага бўлган муносабатларига оид билимлар ўргатиб борилади. Бунда ота-она фарзандига ўрнак бўлади.

Руҳшуносларнинг фикрича, агар фарзанд ота-онаси ўртасидаги муҳаббатни ҳис қилса, уларнинг эр ва хотин сифатида бир-бирларига бўлган ҳурматлари, ғамхўрлиги ва севгисини ҳис қилса, бу каби фарзанднинг ўзига бўлган ишончи, ҳаётдаги омади ва муваффақияти доимо юқори бўлади.

Шу билан бирга, ота-онанинг ўзини тутиши – камолга етаётган навниҳолнинг ўсиб-униши учун мисоли булоқ манбаи. Бу каби болалар келажакда ўз оилаларида ҳам худди шундай самимий муҳитни яратишга ҳаракат қиладилар.

Яҳудийлар ҳар қандай шароитда, ҳатто гадога айланган маҳалда ҳам, фарзанд ота-онасини қадрлаши, кексайиб қолган ота-онага нисбатан меҳр-муҳаббат билан муносабатда бўлиши кераклигини болаларига уқтиришдан чарчамайдилар.

  1. Ота-оналик учун тайёрланиш – қобил фарзанд тарбиялашнинг муҳим калити.

Яҳудийлар фарзандлари дунёга келгунига қадар фарзанд тарбиялашнинг сир-асрорлари билан танишиб чиқадилар ва бунинг учун жиддий тайёргарлик кўрадилар.

Баъзи бир яҳудий анъаналарига кўра, фарзанднинг миллати бевосита онага кўра белгиланади. Яъни, онанинг иштироки – фарзанд тарбиясида муҳим омилдир.

Турмушга чиққан қиз аста-секин ўзини оила учун тайёрлаб боради ва энди ўзи учун эмас, рўзғор ва оила учун яшаши кераклигини ўзига уқтиради, бунга амал қилади.

Яҳудийлар эр ва хотин аввал бошданоқ муносиб фарзанд тайёрлаш мақсадини олдиларига қўйишмаса, кейин кеч бўлиши, имконият қисқариши мумкинлигини таъкидлашади.

Айтишадику, куч қайси томонга йўналтирсанг, натижани ҳам шу томондан оласан.

Қолаверса, қобил фарзанд тарбиялаш юзасидан яҳудий донишмандлари томонидан бутун бошли тарбия тизими ишлаб чиқилган. Анъанага кўра, турмуш қураётган ҳар бир ёш ундаги билимлардан бохабар бўлиши лозим. Бу каби билимлар илгари диний масканларда ўргатилган бўлса, ҳозир бу каби курсларни бутун жаҳондан топса бўлади.

Яҳудийларнинг фикрича, ҳаётда "рафиқа ва она", "эр ва ота" деган муҳим касблар бўлиб, уларни эгаллаш учун ҳам ўқиб, изланиш керак бўлади. Бу эса тарбиянинг бош калитидир.

  1. Фарзандни вақтни тўғри тақсимлашга ўргатиш – табиийдир.

Яҳудий болалар данагасалик ва кўчага чиқиб олиб, бошқа болалар билан гап сотиш, кўча чангитиш нималигини билишмайди. чунки улар ҳеч қачон бўш ўтиришмаган. Ота-оналар болаларнинг ёшлигиданоқ банд бўлишлари учун ҳаракат қиладилар. Улар математика ва хорижий тилларни ўрганишади, бирор мусиқа асбобида чалишни машқ қилишади. Болаларнинг доимо банд бўлиши – яҳудийча тарбияда табиий жиҳат ҳисобланади.