Болаларга бошқа кишиларнинг алдовига учмаслик, бегона машинага ўтирмаслик, хавфли вазиятга тушиб қолганда ўзини қандай тутиши лозимлиги, энг муҳими ота-она назоратидан ташқарида у билан нима ҳодисалар юз бераётганлигини очиқ сўзлаб беришни ўргатиш ҳар биримиз учун муҳим вазифа ҳисобланади.
Психологлар камида 2000—3000 нафар болалар ўртасида улар жиноятчини қандай тасаввур қилиши ва хавфли вазиятда қандай йўл тутиш лозимлиги юзасидан сўров ўтказди.
Қуйида аниқ статистикага асосланган хулосаларни келтириб ўтамиз:
7—9 ёшдаги 10 нафар боладан 9 нафари ота-оналарининг телефон рақамини ёддан билмайди. Ўйлаб кўринг, фарзандингиз мобил телефонсиз кўчада қолиб кетса, нима юз бериши мумкин?
Барча ёшдаги 20 нафар боладан 19 нафари хушмуомала холани яқин дўконгача кузатиб қўйиши, ёши каттароқ амакига мушугини машинасигача олиб бориб бериши ёки сумкасини кўтаришга ёрдам бериши мумкин. Шуни таъкидлаш жоизки, бошланғич мактабнинг 10 нафар ўқувчисидан 10 нафари ҳам қирқ ёшлар атрофидаги одамларни ёши катта одамлар сафига қўшади. "Ёши катталар"га эса ёрдам бериш керак деб ҳисоблайди.
10—14 ёшли болаларнинг ярмига яқини кўчада жиноятчини қийинчиликсиз таний олишига ишонади. Бунда улар жиноятчи деганда қора кийимдаги, қўрқинчлироқ, ғалати қарайдиган, айёрлик билан нотабиий жилмайиб турган, конфет бераман деб алдайдиган, уйсиз одам ёки жиноятчига ўхшаб кийинган кишиларни тушунади.
Болаларнинг камида ярми хавф туғилган вазиятда подезд ёки яшиниш мумкин бўлган бошқа бирор жойга қочишини маълум қилган.
Барча болалар "таниш катта кишиларга", жумладан, қўшнилар, дўстларининг ота-онаси, умуман, аввал ҳам кўрган одамларнинг барчасига ишонса бўлади деб ҳисоблайди.
20 нафар боладан 19 нафари уларни исми билан чақирган ҳар қандай одамнинг ортидан боришга тайёр ва "Ёрдам беринг! Мен бу одамни танимайман!" деб баланд овозда ёрдамга чақиришдан уялади.
Бу унчалик ҳам қувноқ бўлмаган статистиканинг фақат ярми холос.
Ҳақиқий жиноятчи — умуман шубҳа уйғотмайди. Аксарият ҳолларда у ўткинчилар орасидан энг шубҳа уйғотмайдигани бўлиб чиқади. Бу жуда хушмуомала, яхши кийинган одам, эҳтимол ихчам қария ёки ёқимтой аёл бўлиши мумкин.
Бундай статистик маълумотлар билан фарзандимиз хавфли вазиятларда ўзини ҳимоя қила олиши ёки бундай вазиятдан жабрланмасдан чиқиб кета олишига ишона оламизми?
Мақоланинг II қисмида фарзандингизга ўргатишингиз лозим бўлган хавфсизликнинг олтин қоидалари билан танишишингиз мумкин.