Ёш ота-оналарга боласини тарбия қилиш борасида маслаҳат берувчилар кўп. Телевизор ёқсангиз ҳам, газета-журнал варақласагиз ҳам, радиода ҳам бир гап, фарзандни комил қилиб ўстириш бўйича тавсияларни эшитасиз. Тўғри-да, фарзанд худди ниҳол каби, уни парваришлаб, қаддини тик тутишни ўргатмасангиз, эгри бўлиб ўсиши тайин. Хўш, азиз дугонажон, сиз бу ишни қай даражада уддалаяпсиз? Қандай она эканлигингизни қуйидаги тестни ечиб, билиб олиш имкониятига эгасиз. Қани бошлаймизми?!
1. Болага туғилган кунидан бошлаб тарбия бериш лозим, деб уқтиришади. Сизнингча чақалоққа қандай тарбия бериш мумкин?
А) Гўдакка одоб ҳақида насиҳат қилиш бефойда. Уни тоза тутиш билан озодаликка ўргатиш мумкин.
Б) Алла айтиш ҳам тарбия беришнинг бир усули-ку?!
В) Бу ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман...
2. Турмуш ўртоғингиз билан тарбия борасидаги қарашларингиз муштаракми?
А) Бола учун ҳар иккимиз ҳам масъулмиз, демак, «бир ёқадан бош чиқарамиз».
Б) Қарашларимиз турли хил бўлса-да, буни фарзандимизга сездирмасликка ҳаракат қиламиз.
В) Эримга қўйиб берсам, болаларни ғирт танбал қилиб ўстиради.
3. Қайнота-қайнона ёки ота-онангиз сизни тез-тез болага нотўғри тарбия беришда айблашадими?
А) Йўқ, чунки болаларимни тарбия қилишда уларнинг иштироки ва ўрни катта.
Б) Ҳа, баъзан бўлиб туради.
В) Болаларим ва менинг ўртамдаги муносабатга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
4. Жуфтингиз, қайнонангиз, ишхонадаги раҳбарингиз ёки қўшнингиз билан уришиб қолдингиз. ғазабингизни жиловлай олмай қолсангиз, бу фарзандингизга таъсир кўрсатмайдими?
А) Имкон қадар жаҳлимдан тушгунимча ёлғиз қолишга ҳаракат қиламан.
Б) Баъзан жаҳл устида болаларимга бақириб юбораман, кейин бундан виждоним қийналиб юради.
В) Болалигимда онам дадам билан уришиб қолса, биздан аламини оларди. Мен бундай қилишни асло истамасдим. Аммо худди онамдек бўлиб қолганман.
5. Севимли (қимматбаҳо) либосингиз ёки буюмингизни кичкинтойингиз яроқсиз ҳолатга келтирди. У буни атайин қилмагани кўриниб турибди. Сизнинг ҳаракатингиз...
А) Жаҳлимни тийиб, унга бошқаларнинг шахсий нарсасига тегиш ва бузиш одобсизлик эканини тушунтираман.
Б) Бўладиган иш бўлди, энди жаҳлдан ҳам, насиҳатдан ҳам фойда йўқ.
В) Яхшигина таъзирини бераман! Шунда иккинчи марта бундай қилмайдиган бўлади.
6. Фарзандингиз оила аъзоларингиз ёки жамоат жойида сизнинг сўзингизга қулоқ солмади ёки гап қайтарди. Вазиятдан қандай чиқасиз?
А) 1-2 дақиқа кутиб, болам чалғиганида яхши гап билан айтганимни қилдираман.
Б) Ўзимни эшитмаган ёки кўрмаганга соламан, ёлғиз қолганимизда «қулоғини бураб» қўяман.
В) Иссиғида боламни тартибга чақираман.
7. Болани калтак билан жазолаб туриш фикрига муносабатингиз?
А) Бу усул мурғак қалбда аламзадалик кайфиятини пайдо қилишга эришишдан бошқа нарса эмас.
Б) Баъзан бола қуюшқондан чиқиб кетадиган ҳолатлар ҳам бўлади, ана шунда оғир жазо сифаида қўллаш мумкин.
В) Мен ва болам учун бу усул яхши таниш.
8. Фарзандингизни дўстлари билан танишмисиз?
А) Боламнинг яқин дўстлари ва уларнинг ота-онасини яхши танийман.
Б) Бу ишни отаси назоратга олган.
В) Боламга ким билан дўст тутиниш ва кимдан узоқроқ юришни мудом айтиб тураман.
9. Жигарбандингизнинг ширинтомоқлигига қарши қандай курашасиз?
А) Аввало оиладаги катталар овқат танламаса, бола ҳам бунга ўрганмайди.
Б) Имкон қадар унга ёқадиган овқатларни пиширишга ҳаракат қиламан.
В) Дастурхонга қўйилган ҳар қандай таомни ейишга мажбур, акс ҳолда оч қолади.
10. «Кун давомида боламга етарли вақт ажратаман, меҳримни бера оламан» деб айта оласизми?
А) Бу масала мен учун жуда оғриқли. Боламга бутун кунимни бағишласам ҳам камдек туюлаверади.
Б) Ҳа, айта оламан. Баъзан бу совға-саломлар кўринишида бўлади.
В) Ҳамма нарсада меъёр бўлиши керак, ҳатто меҳрда ҳам! Бола ота-онасининг шахсий ҳаёти борлигини ҳам тушуниши лозим.
11. Дилбандингизни тез-тез (кичик ютуқлари учун ҳам) рағбатлантириб турасизми?
А) Бу ишни отасига ишониб топширганман. Мен болаларимни руҳлантираман, у киши эса совғалар улашади.
Б) «Баракалла, сен билан фаҳрланаман!» деган сўзларни тез-тез айтаман.
В) Ютуқларидан ич-ичимдан севинсам-да, буни ҳар доим ҳам кўрсатавермайман. Талтайиб кетишини истамайман-да!
12. Фарзандингизни тарбиячиси, мактабдаги ўқитувчиси, мураббийлари билан тез-тез учрашиб, суҳбатлашиб турасизми?
А) Боламнинг ўқитувчилари билан алоқам яхши. Учрашиш имкони бўлмаса, қўнғироқлашиб тураман.
Б) Ҳа, фарзандимнинг оиладан ташқаридаги ҳаёти ҳақида маълумот олишнинг энг яхши усули бу.
В) Мажлисларга чақирганидагина улар билан кўришаман.
Йўриқнома
Тест саволларига белгилаган жавобларингизни кўздан кечиринг. Қайси жавоб вариантини маъқул билиб, кўпроқ белгилагансиз? А ми, Б ми ёки В? Шунга кўра тест натижаси билан танишинг.
«А» жавоби кўп бўлса...
Табиатан вазмин аёлсиз. Бола тарбиясида эса оғир-босиқлик муҳим аҳамиятга эга. Бу сиз учун катта ютуқ. Фарзандингизни ҳуда-беҳудага койимайсиз, бироқ ўрни келганида аяб ҳам ўтирмайсиз. Чақалоқни ҳам оиланинг тенг ҳуқуқли аъзо санаганингиз учун болаларингиз ўзларини худди катталардек тутишга одатланишган. Баъзи-баъзида эркалик қилишлари учун имконият берсангиз ёмон бўлмайди.
«Б» жавоби кўп бўлса...
Болангиз билан дўстлашишга интилишингиз таҳсинга лойиқ. Аммо қай вақт дўст, қай вақт она ролида бўлиш кераклигини биласизми? Роллар ижросида адашиб қолманг. Акс ҳолда, бола ҳам сизга қандай муносабатда бўлишни билмай қолади. Фарзандингизни бобо-бувилари ва отаси ҳам тарбия борасида фаол иштирок этишларига имкон беринг.
«В» жавоби кўп бўлса...
Жуда қаттиққўл онасиз. Фарзандларингиз юзингиздаги табассумни камдан-кам ҳолларда кўришга мушарраф бўлишади. Сиз учун хатонинг катта-кичиги йўқ, ҳар қайси нотўғри иш учун болаларни жисмонан жазолашга ўзингиз ҳам ўрганиб қолгансиз. Тушунтириш, суҳбатлашиш билан вазиятни ўнглашга ҳаракат қилинг. Фарзандингиздаги аламзадалик унинг келажагига салбий таъсир этиши мумкин. Ўйлаб кўринг!
Манба: Darakchi.uz