Тарбия

Фарзандлар аҳил бўлиб ўсиши учун қандай йўл тутиш керак?

Кўп фарзандли оилаларда низо, рақобат, қизғаниш муаммолари тез-тез учрайди.  Бундай пайтда ота-она уларнинг жим бўлишини талаб қилиб, дакки бериб қўйиши етарли эмас. Фарзандлар ўзаро аҳил, иноқ бўлиб ўсиши учун катталардан кўпроқ куч ва эътибор талаб этилади.

Хўш, фарзандлар ўртасида аҳилликни юзага келтириш учун ота-она нима қилиши мумкин?

Келинг, бу борада дастлаб ота-оналарнинг фикрларига қулоқ тутамиз.

Манзура Жўраева, 5, 3 ёшли ва 7 ойлик уч нафар фарзанднинг онаси

“Тўнғич ва ўртанча қизларим кўпинча битта ўйинчоққа талашиб қолади, бундай пайтда тўнғичига унинг катта эканлиги, синглиси ҳали кўп нарсани тушунмаслигини айтаман. Қизиғи, ўртанча қизим кўп нарсада опасидан ўрнак олади, опаси нима қилса, шуни қилади. Уларнинг аҳил бўлишида тарбиянинг аҳамияти катта деб ҳисоблайман, шунинг учун тез-тез тарбиявий суҳбатлар ўтказиб тураман, ўзларини ёмон тутган пайтда жазолаб ҳам тураман.”

Foto 2

Бу борада психологлар қандай тавсиялар беради?

  • Ҳар бир боланинг индивидуаллигини тан олиш ва қабул қила билиш лозим. Бир оиланинг ўзида ҳам болалар турли темперамент, дид ва қизиқишларга эга бўлиши мумкин. Буларнинг барчасини фарзандларингизда кўра билишингиз ва тан олишингиз лозим.
  • Кундалик ҳаётда фарзандларни ёши бўйича ажратиб, кичиги ёки каттасига ён босманг.
  • Катта фарзандингизни кичиги учун жавобгар қилманг. “Укангга ён бос, каттасан ахир” каби буйруқларни оддий ҳолларда қўллаш тавсия этилмайди, улардан жанжалли ҳоллардагина фойдаланинг.
  • Фарзандларингизга бир-бирини намуна қилиб кўрсатманг. Болани фақат ўз-ўзи билан қиёслаш зарур (масалан, аввал қанақа эди, ҳозир қандай, эртага қандай бўлиши мумкин).
  • Агар жанжал ёки ёмон иш сабабчиси аниқланмаса, болаларнинг барчасини бирдек жазоланг ёки жазосиз қолдиринг.
  • Меҳр ёки дўстона ҳиссиётларни мустаҳкамлаш учун болаларга ҳар қандай йўллар билан оилавий бирдамлик туйғусини сингдиринг, уларнинг бир оила аъзолари эканлигини билдиринг. Хулқ-атвор қоидаларини тушунтиришда гапни “Бизнинг оилада…” қабилида бошланг, масалан, “Бизнинг оилада ҳеч ким бир-бири билан жанжаллашмайди”.
  • Болаларни бир-бири билан муомала қилишга ўргатинг. Биргаликда қандай ўйнаш, баҳсни қандай ҳал этиш, бирор нарсани қандай сўраш, қандай таклиф қилиш, қандай ёрдам бериш ва ёрдамни қандай қабул қилиш, буларни қандай гаплар билан билдириш — буларнинг барчасини ўргатиш ва бундай вазиятларда йўл кўрсатиш зарур.
  • Болаларни ўзаро келишиб олишга ўргатинг. Уларга баҳсни мушт билан эмас, сўзлар ёрдамида ҳал этиш лозимлигини тушунтиринг.
  • Низо учун шароит яратмасликка ҳаракат қилинг. Болаларнинг диққатини бошқа нарсаларга жалб қилиб, улар ўртасидаги келишмовчиликнинг олдини олинг. Масалан, фарзандларингиз сайрга чиққанда ўйинчоққа талашиб қолмаслиги учун, кўчага чиқишдан аввал уларнинг ҳар бири ўзининг севимли ўйинчоғини олиб олишига рухсат беринг.
  • Болалар ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантиринг. Бунинг учун болаларга бир жамоа бўлиб ишлаш талаб этиладиган мажбуриятларни юкланг.