Улуғ аллома ва олимларга бешик бўлган юртда яна шундай фозил кишилар тарбия топмоқда. Kun.uz жамоаси ноёб иқтидор эгаси, ёш математик Муҳаммадали билан суҳбат қуриш мақсадида Навоий вилоятига йўл олди.
13 ёшли Муҳаммадали Тотлибоев айни пайтда Навоий шаҳридаги 14-умумтаълим мактабида ўқийди. Унинг тенгдошлардан ажралиб турган жиҳати шундаки, ёш ўқувчи ҳар қандай сонлар устида арифметик амалларни бир зумда бажаради. Бунинг учун Муҳаммадалига ҳеч қандай қоғоз, қалам ё калькуляторнинг кераги йўқ.
«Дастлаб, мендаги тез ҳисоблаш қобилияти бошланғич синфни якунлаганимда билинганди. Аввалига, икки хонали сонлар тез кўпайтиришни, кейинроқ рақамларнинг мураккаблиги ҳам ошиши билан тезкорлигим ҳамривожланди», дейди Муҳаммадали.
Унинг айтишича, бу қобилиятни ҳам ривожлантириш лозим, шунчаки мунтазам машқ қилиш, математикага бўлган муҳаббат барча ўқувчини у каби иқтидорли бўлишига ёрдам беради.
«Ўқувчиларга топшириқ берсам, Муҳаммадали бир дақиқага қолмасдан барчасини ечиб келади. Кейинроқ, у билан мунтазам машғулотлар ўтказишни бошладик. Келгусида «Билимлар беллашуви» фан олимпиадасида ғолиб бўлишни ният қилганмиз», деб самимият билан сўзлаб берди 14-умумтаълим мактабида фаолият олиб бораётган математика фани ўқитувчиси Шоҳиста Турдиева.
Ёш математик келгусида «Гиннесс рекордлар китоби»га киришни кўзлаётганини билдирди.
«Ҳозир айнан шу рекордни янгилаш учун доимий машқларни олиб бормоқдаман. Насиб қилса, математик амалларни мияда тезкор ечиш бўйича жаҳон рекордини ўрнатаман», деб фикр билдирди у.
Иқтидорли ўқувчининг отаси Қодиржон Оқбўтаевдан фарзандлари бу қадар фанни яхши ўзлаштиришига нима сабаб бўлганини сўраганимизда, қуйидагича жавобни олдик:
«Уйда болаларимга телевизорни кам кўришини тавсия этаман. Энг аввало, таълим ва тарбия уйда шаклланади, шундай экан, уйдаги муҳит ва шароитни ҳозирлаш менинг бурчим. Балки, шу туфайли, оиламиз билан қишлоқдан Навоий шаҳрига кўчиб келдик», деб эслайди ота.
Биз ёш Муҳаммадали ва унинг яқинларига омад тилаб, юртимизда иқтидор ва билим соҳибларини қидириб яна йўлга равона бўлдик.