Мақоланинг биринчи ва иккинчи қисмларида машҳур педагог, “Йил ўқитувчиси” мукофоти соҳиби Рон Кларкнинг ўз ўқувчилари учун ишлаб чиққан 55 қоидадан 35 тасини тақдим қилган эдик. Қуйида мазкур қоидаларнинг 15 тасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
36-қоида.
Эшикка яқинлашган вақтингизда ортингиздан кимдир келаётганини кўрсангиз, унда эшикни очиқ тарзда ушлаб туринг. Агар эшик сиз томонга очиладиган бўлса, унда эшикни очиқ ҳолда ушлаб туриб, сиздан кейинги инсонни биринчи бўлиб ўтказиб юборинг ва ортидан ўзингиз киринг. Агар эшик қарама-қарши томонга очиладиган бўлса, унда аввал ўзингиз ичкарига кириб, сўнг эшикни очиқ тарзда ушлаб туринг.
37-қоида.
Агар сизга кимдир урилиб кетса, гарчи айб сизда бўлмаса ҳам, дарров кечирим сўранг.
38-қоида.
Экскурсияга чиққан вақтимизда, диққатга сазовор жойларга кирган пайтимизда бир-бирингиз билан гаплашманг. Биноларга бизни ҳеч ким пайқамайдиган даражада тинчлик сақлаб киришимиз керак. Ушбу қоида кинотеатр, ибодатхона, театр ва шунга ўхшаш бошқа муассасалар учун ҳам тааллуқли. Мазкур қоидага мактабга қайтганда ҳам амал қилишимиз керак.
39-қоида.
Экскурсия вақтида, борган жойимиз ҳақида бир-икки оғиз мақтов айтсангиз нур устига аъло нур бўлар эди. Масалан, биз кимнингдир уйига кирсак, уй эгасига пардалари чиройли эканлигини айтсангиз ёмон бўлмасди. Меҳмон кутаётган инсонлар одатда хижолат бўлиб туришади, шу сабабли ўзларини эркинроқ ҳис қилишларига имкон яратиб берсангиз зиён қилмайди. Шунингдек, бошқа жойларга борганда ҳам, масалан, музей ёки театрга, ўша иншоотнинг архитектураси чиройли эканлигини ёхуд сизни олиб юрган гидга жуда яхши хизмат кўрсатаётганлигини таъкидласангиз ажойиб иш бўлар эди.
40-қоида.
Мажлис вақтида гаплашманг ва атрофга олазарак бўлманг, синфдаги дўстларингиз диққатини ўзингизга қаратманг. Биз биргаликда баҳамжиҳат бўлиб ишлаётганимиз ҳақида таассурот уйғотишимиз керак.
41-қоида.
Уйда телефон қўнғироғига жавоб бераётган вақтингизда, ўзингизни тутишингиз ахлоқ қоидаларига мос бўлсин.
42-қоида.
Экскурсиядан қайтганимиздан сўнг, менга ёки менинг ўрнимдаги исталган бошқа ўқитувчига раҳмат айтинг. Сиз бизга ушбу экскурсияга вақт ажрата олганимиз учун миннатдорлик билдиринг, шунингдек, бундай имкониятдан фойдаланганингиз учун хурсанд эканлигингизни таъкидланг. Менга раҳматларингиз керак эмас, менга керак вақтда, керакли тарзда миннатдорлик билдира олишни ўрганишингиз муҳим. Бу одат қачондир ишни ўз томонингизга оғдира олишда қўл келади.
43-қоида.
Экскурсияга чиққан вақтимизда эскалатор хизматидан фойдаланиш зарурияти туғилса, эскалаторнинг ўнг томонида туришга одатланинг. Бу шошилаётган инсонлар учун чап томондан эркин ўтиб кетишларига имкон яратади. Агар лифтга, метрога ёки шунчаки бирон эшикка кирмоқчи бўлсак, аввал қолганларнинг ўтиб кетишини кутинг, шундан сўнг ўзингиз киринг.
44-қоида.
Навбатга турган вақтимиз, турнақатор бўлиб тизилишамиз. Бунда олдингиздаги инсон билан орангиз 1 қадам бўлиши керак. Ҳар доим тўғрига қаранг. Ва ҳеч қандай гаплашишлар бўлмасин.
45-қоида.
Ҳеч қачон навбатни бузманг. Агар сиздан олдинги инсон туриб қолса (олдинга юрмасдан), унда ҳеч нарса деманг. Майли, тураверсин, фақат бу ҳақида мени огоҳлантириб қўйинг. Мен вазиятни қўлга оламан. Агар сиз навбатни бузган инсон билан баҳслашсангиз, унда бу яхшиликка олиб келмаслиги мумкин. Бундай қилиш ярамайди, яхшиси менга хабар қилсангиз кифоя. Илтимос, синфдошларингиз билан ўз ўрнида баҳслашинг. Юзага келган муаммони ўзингиз ҳал қилгандан кўра, менга маслаҳат солганингиз маъқул.
46-қоида.
Кинога тушганимизда ҳеч қандай гаплашишлар бўлмаслиги керак.
47-қоида.
Мактабга чипслар (қовурилган картошка) олиб келманг.
48-қоида.
Агар мактабда кимдир сизни безовта қилса, бу ҳақида мен билишим керак. Мен сизларнинг ўқитувчингизман (синф раҳбари), ва менинг вазифам сизларга кўз-қулоқ бўлиш ҳамда ҳимоя қилиш. Мен ушбу мактабда ҳеч кимга сизларни хафа қилиши ёки сизларга ноқулайлик туғдириши учун имкон бермайман. Ўз навбатида ўзбошимчалик билан вазиятни қўлга олишга уринмасдан, менга имкон беришингизни сўрар эдим.
49-қоида.
Ўзингиз ишонган нарсада қатъий туринг! Ақлингиз ва қалбингиз бошлаётган йўлда ўзингизни кучли ҳис қилсангиз, унда бошқа йўлни танламанг.
50-қоида.
Позитив бўлинг ва ҳаётдан завқланинг. Баъзи нарсалар ҳатто хафа бўлишга ҳам арзимайди. Келажакдаги истиқболлар ҳақида ўйланг ва ҳаётингиздаги яхши нарсаларга эътибор қаратинг.
51-қоида.
Шундай яшангки, кейинчалик сира афсусланманг. Агар бирон ишни бажаришни истасангиз, бажаринг! Ҳеч қачон қўрқув, иккиланиш ёки йўлингизга тўғаноқ бўладиган бошқа ҳиссиётларга берилманг. Агар бирон нарсани жуда хоҳласангиз, унда ўша нарса учун бутун вужудингиз билан курашинг. Агар бирон ишни бажаришни жуда ҳам истасангиз, фақат олға боринг ва токи ўз мақсадингизга эришмагунингизгача тўхтаманг. Агар бирон орзуингиз бўлса, унда умрингиз давомида ўша орзу умидида яшаш ва охир-оқибат уни рўёбга чиқариш учун қўлингиздан келганича ҳаракат қилинг.
52-қоида.
Қаердадир барибир хато қилишингизни ҳисобга олинг. Хатолардан тегишли хулоса чиқариб, мақсадингиз сари яна олға интилинг.
53-қоида.
Қандай ҳолатда бўлишингиздан қатъи назар, виждонли бўлинг. Ҳаттоки бирон ножўя хатти-ҳаракат қилиб қўйсангиз ҳам, виждонан буни тан олиб, менга хабар қилинг. Чунки мен бундай инсонларни ҳурмат қиламан ва виждонли эканлигингиз ҳисобига қилган ножўя ишингизни унутаман.
54-қоида.
Carpe Diem (Вазиятлардан роҳатланинг). Одам бир марта дунёга келади, шу сабабли кунларингизни беҳуда ўтказманг.
55-қоида.
Қўлингиздан келганича, энг яхши инсон бўлинг!
Мазкур мақола ўзбек тилига Хушнудбек Худайбердиев томонидан ўгирилган.