Юлия Борисовна Гиппенрейтер — машҳур психолог, қобилиятли педагог, профессор, бола тарбияси бўйича кўплаб китоб ва қўлланмалар муаллифидир. У юқори малакали мутахассис бўлишдан ташқари, сўз устаси ҳамдир. Шу сабабдан унинг болалар психологиясига оид мураккаб мавзулардаги йўл-йўриқлари ва маслаҳатларини тушуниш осон, улар барча учун тушунарли ва содда тилда баён этилган.
Муаллифнинг сўзлари биз ота-оналарни ҳаммаси ўз-ўзидан изига тушиб кетишини кутмасдан, ўзаро муносабатлар устида ишлашга ундайди. Қуйида келтирилган тавсия ва йўл-йўриқлар чуқур маънога эга бўлиб, уларни яхшилаб мушоҳада қилиш талаб этилади.
- Итоатсизлик - бу бола ўзига нисбатан нотўғри муносабатда бўлишга қарши қўйиши мумкин бўлган ягона йўл.
- "Қулоқсиз", "муаммоли", "ўзига ишонмайдиган" ва "бахтсиз" болалар - доим нотўғри шаклланган оилавий муносабатларнинг натижасидир.
- Болани ҳеч бир шартсиз қабул қилиш - бу уни чиройли, ақлли, қобилиятли, аълочи, ёрдамчи бўлганлиги учун эмас, шунчаки борлиги учун яхши кўришни англатади!
- Болани қанча кўп урушсак, у шунча ёмонлашиб бораверади. Ота-онанинг вазифаси болада шартли рефлексларни ишлаб чиқишдан иборат эмас.
- Ота-она қанчалик тез-тез болага зарда қилиб, уни танқид қилиб, жеркиб турса, у шунча тез "Мени яхши кўришмайди" деган хулосага келади.
- Тартиб-интизом яхши алоқалар ўрнатилишидан аввал эмас, фақат улардан сўнг ва улар асосида шаклланади.
- Бола ёрдам сўрамаган пайтда унинг ишларига аралашманг. Унинг ишларига аралашмаслик орқали унга "Ҳаммаси жойида! Сен албатта уддалайсан!" деган ундов берасиз. Фарзандингиз мураккаб вазиятларга дуч келган ҳоллар бундан истисно, албатта.
- Боланинг шахсияти ва қобилияти фақат унинг ўзи қизиққан ва истаган машғулот билан шуғулланганда ривожланади.
- Ўсмирликдаги мода кетидан эргашиш худди сувчечак кабидир - аксарият болалар уни ўзига юқтириб, енгил ёки оғирроқ бошдан кечиради, бир неча йилдан сўнг эса ортига ўгирилиб, ўзининг кулгуси қистайди.
- Фарзандингизга ўз ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигининг салбий оқибатлари билан юзма-юз келишига имкон беринг. Шундагина у улғая бошлайди ва ўз ҳаракатларини идрок эта бошлайди.
- Ўз норозилигингизни боланинг алоҳида ҳаракатлари юзасидан билдиришингиз мумкин. Боланинг ҳаракатларини муҳокама қилиш мумкин, унинг ҳис-туйғуларини эмас. Бола ҳаракатларидан кўнгил тўлмаслик мунтазам бўлмаслиги керак, акс ҳолда бу уни қабул қилмасликка айланади.
- Боланинг номақбул хатти-ҳаракати ҳаётнинг нормал бўлмаган шарт-шароитига жавобан нормал реакциясидир.
- Қаттиққўл она боладан ҳиссий узоқлашган ҳисобланади, ҳар ҳолда бола шундай ҳис қилади.
- Боланинг ўзлигини сақлаб қолишига имкон беринг. Унга доим нималарнидир қилишга мажбурлаб, насиҳат қилиб, сиз айтган вазифаларни нима бўлишидан қатиъ назар бажаришга ундаманг.
- Ўз-ўзини англаш ва ўз-ўзини тарбия қилиш - бу бола тарбияси учун даъвогар ота-она ва ўқитувчининг биринчи бурчидир.
Фарзандингиз хафа бўлган, ранжиган, омадсизликка учраган ёки нимадандир уялган ёки қўрққан ҳолатларда, ё унга нисбатан қўпол ёки ноҳақ муносабатда бўлишганда ва ҳаттоки у жуда чарчаганда ҳам биринчи қилишингиз лозим бўлган иш — бу унинг ҳолати ёки кечинмаларидан хабардор эканлигингизни унга билдиришдир!
Мақолани тайёрлашда "Я Happy мама" сайти маълумотларидан фойдаланилди.