Тўнғич фарзандлар кўпинча оилада энг каттаман деб ўйлаб, ота-онанинг бор диққати ва меҳрига даъвогарлик қилган ҳолда, ўзларини ҳақиқий шаҳзода ва маликалардек тутади. Бу ука ва сингилларга қанчалик адолатсиз бўлиб туюлмасин, илмий маълумотлар дунёга келиш тартиби аҳамиятга эга эканлигини кўрсатмоқда.
Мақолада, тадқиқотларга кўра, тўнғич фарзандлар туғилибоқ қўлга киритадиган устунликларнинг баъзиларигина санаб ўтилади.
Катта фарзандлар кичикларига қараганда ўртача ҳисобда ақллироқ бўлади
2007-йилда 250 минг ёш норвегияликлар ўртасида ўтказилган тадқиқот акаларнинг IQ даражаси укаларникидан ўртача 2,3 бандга баландроқ эканлигини кўрсатиб берди. Олимлар фикрича, бундай фарқ ирсият билан эмас, болалар ўсадиган шароит билан боғлиқ. Масалан, тўнғич фарзандлар одатда кичик болаларга ўргатувчилик қилади, бу уларнинг ўзига ахборотни яхши ўзлаштиришда ёрдам беради.
Бундан ташқари, ҳар бир янги фарзанд дунёга келиши билан, ота-онада уларга индивидуал тартибда эътибор қаратиш учун куч ва вақт тобора камайиб боради, бу болаларнинг ақлий жиҳатдан ривожланиши учун жуда зарур. Тўнғич фарзандга кўпинча ота-онанинг бундай қимматли эътибори энг кўп насиб қилади.
Тўнғич фарзандлар — масъулиятлироқ ва итоаткорроқ
Ука ва сингилларига қараш ва ғамхўрлик қилиш зарурати тўнғич фарзандларга жуда эрта ёшда биров учун жавобгар бўлиш нима эканлигини англаш имконини беради. “Ака-ука ва опа-сингиллар эффекти: қариндошлик алоқалари биз ҳақимизда нималарни сўзлайди” китоби муаллифи Жеффри Клюгер фикрича, катта фарзандлар авлоддан-авлодга ўтадиган оилавий анъана ва қадриятлар муҳофазачиси ҳисобланади, шу туфайли улар кичикларга қараганда анча итоаткор ва юмшоқ табиатли бўлади.
Тўнғич фарзандлар ҳаётда каттароқ муваффақиятларга эришади
Улар ука ва сингилларига нисбатан, нафақат мактабда ўртача ҳисобда яхшироқ ўқийди, балки карьера зинасида ҳам юқорироқ кўтарилади. Нью-Йорк университети психологи Бен Даттнер фикрига кўра, тўнғич болалар туғилганидан ҳаётда кўп нарсага эришиш, “ота ва онанинг ҳақиқий қувончи”га айланишни мўлжаллайди. Бундан ташқари, тадқиқотлар далолат беришича, кичиклар устидан ҳукмронлик қилиш тўнғичларни нафақат оилада, балки келажакдаги профессионал карьерада ҳам етакчи ролига тайёрлайди.
Тўнғич фарзандлар қоидаларга риоя қилади
Кўпинча оила пойдеворига путур етказадиган ва исёнкор бўладиган кичик фарзандларга қараганда, тўнғичлар жорий ҳолатни сақлаб қолишга интилади. “Тўнғич фарзандлар кўпинча ишончли, анъаналарга содиқ ва рақобатга мойил бўлади, кенжалар эса ўзларига бошқача имиж яратиш орқали улардан узоқлашишга интилади — улар унчалик жиддий бўлмайди, балки тентакроқ, киришимлироқ ва итоатсиз бўлади”, — деб ёзади бельгиялик психологлар Вассилис Сароглу ва Лора Фяссе ушбу мавзуга бағишланган мақоласида.
Тўнғич фарзандлар кенжаларига нисбатан ҳалолроқ, самимийроқ ва ҳиссий жиҳатдан барқарорроқ бўлади
Тадқиқотлар кўрсатишича, ушбу шахсий сифатларнинг барчаси ҳаётда муваффақият қозонишга катта ёрдам беради.
Аммо олимлар барчамизнинг индивидуал хусусиятларимиз борлигини ва кўп нарса оиладаги ҳиссий муҳитга боғлиқлигини таъкидлайди. Шу туфайли, тўнғич фарзандлар кўп соҳалар бўйича яхшироқ эканлигини асоссиз таъкидлаб бўлмайди. Тўғри, тўнғич фарзандларнинг баъзилари доимий равишда етакчиликка интилиб, шу тариқа уни сезишларига эришмоқчи бўлиши мумкин. Бироқ бундай ҳолат кенжа фарзандлар билан ҳам содир бўлиши мумкин, айниқса, ота-она уларга катта фарзандларни намуна қилиб кўрсатганида. Бундан ташқари, айнан кенжа фарзандлар муваффақиятларга эришгани борасида кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Менделеевни олиб қарайли, у оилада 14-фарзанд бўлган, аммо қанчалик катта муваффақиятларга эришган!