Биласизми?

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида боғча учун тўлов пули пасайтирилди

2018 йил 1 январдан мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчи болалар учун ота-оналар томонидан тўланадиган тўлов миқдори ўзгарди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Тошкент шаҳри учун алоҳида, вилоят марказлари учун алоҳида ҳамда вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар учун алоҳида тўлов миқдорлари белгиланди.

Шунингдек, туман марказлари ва қишлоқ жойларда жойлашган мактабгача таълим муассасалари учун ҳам алоҳида тўлов миқдорлари жорий этилди.

Хусусан, 9 соатли гуруҳлар учун тўлов миқдори қишлоқ жойларда 33 фоизга, туман марказларида 5 фоизга, вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда 9 фоизга, вилоят марказларида 1 фоизга пасайтирилди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган мактабгача таълим муассасаларида ҳамда Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳрида ҳам ота-она тўловлари республика бўйича белгиланган тўлов миқдорига нисбатан икки баробар арзонлаштирилди.

Тошкент шаҳрида тўлов миқдорининг бир оз оширилиши эса тарбияланувчиларга бериладиган озиқ-овқатлар нархларининг ошганлиги билан изоҳланади.