Кутубхона

Қум билан ўйнаш стрессга қарши ажойиб восита

Ёз фаслида вақтимизнинг асосий қисмини фарзандларимиз билан кўчада сайр қилиб ўтказамиз. Кўчада болалар учун энг севимли жойлардан бири бу қум тўлдирилган майдончадир. Болалар у ерда завқ билан турли ўйинларни ўйнайди.

Болалар ўйинида қум билан ўйнаш бежизга оммабоп бўлмаган. Унинг терапевтик самараси ХХ асрнинг 20-йилларидаёқ аниқланган. Қумни психотерапияда қўллашга Карл Густав Юнг асос солган. 50-йиллардан бошлаб қум терапияси мустақил йўналишга айланди ва болалар психоанализи, оилавий терапия ва арт-терапияда муваффақиятли қўлланиб келинмоқда.

Қум терапияси усулларини кўчадаги оддий қум майдонида ёки қумли пляжда қўллаш мумкин. Кўчада ноқулай об-ҳаво бўлган шароитда уни уй шароитида ҳам ташкил этиш мумкин. Бунинг учун кичикроқ қути ёки пластик контейнер ясаш керак бўлади. Ёзда эса уни албатта очиқ ҳавода ўйнаш фойдали ҳисобланади.

Қумдаги машқлар қуйидаги вазиятларда ёрдам бериши мумкин:

- болалардаги қўрқув билан боғлиқ ҳолатларда;

- асаб тизимининг қўзғалишини бартараф этиш ва хавотирланиш ҳамда ваҳимага тушишнинг олдини олиш;

- тасаввур оламини ривожлантириш;

- ҳис этиш, сезги ва ҳаракат координациясини ривожлантириш.

Қумдаги ўйинлар:

  1. Қумни бармоқлар билан ушлаб кўриш ва уни кафтлар орасида ишқалаш. Бола қумнинг хусусиятларини қанчалик қизиқиш билан ўрганаётганлигига аҳамият беринг. Баъзи оналар болага қумга қўли билан тегинишга рухсат бермайди. Бироқ болалар бежизга қумни ковлаб ўтиришни ёки унга кўмилиб ўтиришни хуш кўрмайди. Бу уларга психофизик кескинликнинг олдини олишга ёрдам беради ва организмни бўшаштиради.
  2. Ўйинчоқни қум остига яшириб қўйиб, уни топишни болага таклиф қилиш.
  3. Болага таёқча ёрдамида қумда чизишни таклиф қилиш мумкин. Бу унинг фантазиясини ривожлантиради.
  4. Қумни элакча ёрдамида элаш.
  5. Қум ва сув билан ўйнаш. Нам ва қуруқ қумни таққослаб кўриш имконини беради.
  6. Қумдан уйчалар, қаср, шаҳарлар ясаш. Унга қўшимча равишда бошқа нарсалар, барглар, тошчалар, пластик стаканлар кабилардан фойдаланиш мумкин.
  7. Қурилиш ўйинини ўйнаш. Машинага қум ортиб, кейин уни тўкиш.
  8. Машина учун тоннел, сичқонча учун уйча, ҳайвонот боғи ёки ферма ясаш.
  9. Ошхона ўйнаш: турли тортлар, пишириқлар ясаш.
  10. Қумда бармоқлар, кафт билан айланалар ва бошқа шаклларни чизиш.

Бола кичик ёшда бўлса, унга онаси қум билан турли ўйинлар ўйнашни кўрсатиб бериши мумкин.