...Оппоқ комбинезон, қўлқоп ва пайпоқчалар кийинтирилган чақалоқ Малайзия жазирамасида жимгина ётарди.
“Мен уни кўтариб олдим. У кулиб турарди”, – дейди Ҳартини Зайнуддин, ҳаётини ўзгартириб юборган ўша иссиқ якшанба тонги ҳақида гапирар экан.
Ҳартини ташлаб кетилган чақалоқларни асраб қолиш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи ҳуқуқбон сифатида машҳур.
Унга чақалоқни 3 минг доллар эвазига фарзандликка беришларини айтишди. Акс ҳолда, гўдакни Таиландга жўнатишларини маълум қилишди. Аёл болаларни Таиландга тиланчилик учун жўнатишдан аввал майиб қилишларидан хабардор эди. Ўйлаб ўтирмасдан қизчани сотиб олди.
Малайзияда чақалоқ бизнеси сердаромад соҳалардан. Контрабандачилар ва шифокорлардан иборат мураккаб жиноий тўдалар ёш ва ҳимоясиз гўдаклардан катта фойда олиш мақсадида буюм каби савдога қўядилар.
Мазкур мамлакатда бола асраб олиш мураккаб жараён бўлиб, ҳужжатлаштириш ишлари бир неча йилларга чўзилади. Шу сабабли одамлар фарзандликка олиш учун бир неча минг долларни “тадбиркор”лар қўлига тутқазиш ва сотиб олинган болалар учун қалбаки ҳужжат тайёрлаб берадиган давлат хизматчиларига пора беришни афзал кўришади.
Чақалоқлар миллати, ирқи, жинси ва вазнига қараб 400 доллардан 7 500 долларгача баҳоланиши мумкин. Гўдакларини сотувга қўйган аёллар ҳар хил бўлади. Айримлари камбағал меҳнат мигрантлари бўлиб, уларга Малайзияда фарзанд кўриш қонунан тақиқланган. Баъзан эса никоҳсиз фарзанд кўрган ва иснодга қолишни истамагани учун фарзандидан воз кечган малайзиялик аёллар ҳам учраб туради.
Харидорлар асосан фарзандсиз оилалар бўлиб, мамлакатнинг фарзанд асраб олишга оид мураккаб қонунчилигидан ҳафсаласи пир бўлганлар. Ҳуқуқ фаолларининг айтишича, айрим гўдаклар мудҳиш мақсадда – педофиллар учун ўлжа тайёрлаш билан шуғулланадиган жиноий гуруҳлар томонидан ҳам сотиб олинади.
“Ал Жазира” ижодкорлари тўрт ойлик ёпиқ текширувлари давомида Малайзияда сотувга қўйилган чақалоқларни топиш ва уларни бошқа ном билан рўйхатдан ўтказиш нақадар осонлигига гувоҳ бўлишди.
Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги махсус саҳифалар кўплаб “уйга муҳтож” болаларни таклиф қилишади. Эълонларда чақалоқнинг туғилажак вақти, кутилаётган тиббий харажатлар ва гўдакни дунёга келтирадиган онасига тўланадиган “сут пули” миқдори маълум қилинади.
“Ўзингизга маъқул вариантни онлайн тарзда танлашингиз мумкин. Миллатлар бўйича алоҳида каталоглар сизга мунтазир. Худди супермаркетда савдо қилишдек гап”, – дейди Ҳартини.
Интернет тармоғида чақалоқларни таклиф қилаётганларнинг баъзилари бу ишни ўзига касб қилиб олганлар. Журналистлар ана шундай сотувчилардан бири билан алоқага чиқиб учрашишди. У ўзини Бонда (малай тилида “она” дегани) деб таништирди. У Малайзиянинг турли бурчакларида 78 нафар ҳомиладор индонезияликлар борлигини маълум қилган.
Бонда тақдим қилган каталогда аёлларнинг исмлари, касби ва ҳомиладорлик даври кўрсатилган. У чақалоқларнинг оналари уларни сотгандан кейин топишга уринмасликларига кафолат беришини айтган.
У, шунингдек, чақалоқни сотиб олиш ва сохта ҳужжат тайёрлаш ишлари учун 2 500 доллар кетишини маълум қилган. Аммо нарх қатъий бўлмасдан, 1 500 долларгача камайтириб бериши мумкинлигини ҳам истисно қилмаган.
Шариат қонунларига риоя қилинадиган Малайзияда зино учун 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, қамчилаш ва 5 000 ринггитгача (тахминан 1 155 доллар) жарима солиниши мумкин. Шу туфайли зинодан бола орттириб олган аёллар фарзандларини сотишни маъқул кўришади.
Тадқиқот давомида журналистлар фарзандини 2 минг долларга пуллашга рози бўлган филиппинлик аёл билан мулоқотда бўлишди. У Малайзияга меҳнат муҳожири сифатида келган. Ушбу мамлакатда меҳнат муҳожирларига фарзанд кўриш тақиқланади. Агар болани Малайзияда дунёга келтирса, у фуқаролиги йўқ шахсга айланиши мумкин. Шунинг учун чақалоқни сотишни афзал кўради.
Малайзияда чақалоқни харидор ота-онанинг биологик фарзанди сифатида расмийлаштириб берадиган шифохоналарни топиш унчалик мушкул иш эмас. Хусусий клиникада хизмат қиладиган Паннир исмли доктор чақалоқни етказиб бериш ва қалбаки ҳужжат тайёрлаш ҳақи 5 минг доллар бўлишини маълум қилган.
Унинг айтишича, Малайзияда хитойлик оналар дунёга келтирган чақалоқлар энг қиммат ҳисобланади. Уларнинг нархи 7 500 долларгача баҳоланиши мумкин.
Малайзияда чақалоқларни пуллаш билан шуғулланувчи фоҳишаларни ҳам учратиш мумкин. Чақалоқлар савдоси ва контрабандасига қарши курашувчи Фернандеснинг айтишича, контрабандачилар фоҳишаларни фарзанд кўришга ва чақалоқни сотишга мажбурлашади.
Алдов йўли билан Малайзияга ишга таклиф қилинган аёллар исловотхоналарда қулликда сақланади. Номусидан айрилган ва ҳомиладор бўлган аёлларнинг фарзандлари кейинчалик қора бозорда сотувга қўйилади.
Малайзиялик оилалар томонидан сотиб олинган болалар келажакда яхши турмуш кечиришидан хавотир олмаса ҳам бўлади. Аммо айрим синдикатлар уларни ёвуз мақсад учун сотиб олишади. 8 ёшга етган болалар педофилларнинг нафсини қондириш учун ишлатилади.
Малайзияда асраб олинган болаларга ҳужжат олиш жуда қийин иш. Туғилганлик ҳақида гувоҳнома ололмаган ноқонуний болалар мактабга боролмайди ва тиббий хизматдан фойдалана олмайди. Вояга етганларида эса паспорт берилмагани учун турмуш ҳам қуролмайди. Ҳуқуқ фаоли Ҳартини асраб олган фарзанди Зарага фуқаролик олиш учун узоқ йиллардан бери курашиб келади. Қаҳрамонимиз 8 йилдан бери мақсадига эриша олмаяпти.
Манба: Sof.uz