Ўзбекистоннинг фахри, шахмат бўйича жаҳон чемпиони, ёш халқаро гроссмейстер Нодирбек Абдусатторовга Президент совғаси топширилди. Ушбу муносабат билан Шахмат бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Qalampir.uz хабар бермоқда.
Халқаро гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов 2011 йили икки йирик мусобақа —Ҳиндистонда мактаб ўқувчиларининг Осиё чемпионатида олтин ва Филиппинда ўсмирлар ўртасидаги қитъа биринчилигида бронза медални қўлга киритган эди.
2012 йил Словениянинг Марибор шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлган, Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасидаги VIII Осиё чемпионатининг рапид — тезкор шахмат баҳсларида кумуш медаль билан тақдирланган.
2014 йили Тошкентда ўтказилган шахмат бўйича Осиё чемпионатида Нодирбек Абдусатторов ўн ёшгача бўлган шахматчилар баҳсида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган, блиц турнирда эса кумуш медални қўлга киритган. Жанубий Африка Республикасининг Дурбан шаҳрида бўлиб ўтган шахмат бўйича 8–18 ёшли ўғил-қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаган.
2016 йили Россиянинг Сочи шаҳри мезбонлик қилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккита олтин медалга сазовор бўлган. 2016–2017 йилларда Россия ва Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, халқаро гроссмейстер талабини бажарган.
“...Фарзандимнинг бундай улкан ютуқларга эришаётгани мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган улкан эътибор туфайлидир. Унинг халқаро майдондаги нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юртимиз ёшлари истеъдод ва салоҳият бобида ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини исботлаётганидан фахрланаман!”, дейди Нодирбекнинг отаси Фазлиддин Очилов.
Жаҳон чемпиони, халқаро гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов Президент Шавкат Мирзиёев томонидан энг сўнгги русумдаги замонавий ноутбук билан тақдирланди.
“Президентимизнинг биз, ёшларга билдираётган юксак ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз, Бу ишонч бизга келажакда янада юксак марраларни эгаллашга куч-ғайрат бағишлайди”, дейди Нодирбек Абдусатторов.