Саломатлик

Янги туғилган чақалоқ нега сарғаяди?

Мана узоқ кутилган онлар етиб келиб, янги меҳмонни қўлга олдингиз. Шифокор айтишича, фарзандингиз соғлом. Аммо эртаси куниёқ унинг териси сарғая бошлади. Сариқлик бутун баданига тарқалди. Лекин хавотирга ўрин йўқ. Бу чақалоқлик даврида учраб турадиган ҳолат. Шу тариқа фарзандингиз янги шароитга мослашаяпти. Лекин айрим ҳолларда гўдакдаги сариқлик бир қатор касалликларнинг белгиси сифатида онани сергаклантириши зарур. Бундай пайтда қандай йўл тутиш керак? Бу ҳақда неонатолог Умида АЗИМОВА батафсил маълумот беради.

БУ ТАБИИЙ ҲОЛМИ?

Кичкинтой она қорнида эканлигида кислородни йўлдош орқали олган.Туғилгач, ҳомила кислороди ҳаводаги кислород билан алмашинди. Эски қон таначалари парчаланишга улгурмай, бола жигарида билирубин номли модда сифатида йиғилади. Айнан шу модда бола терисини сариқ рангга бўяйди.

Билирубин қонда кўпайгани сайин боланинг бош териси, бўйни, кўкрак ва қорин соҳасидаги тери сарғайиб боради. Сариқликни аниқлаш учун:

*боланинг пешона терисига кўрсаткич бармоқ билан енгил босилади. Агар босган жой қизармай, сариқлик сақланса, албатта, шифокорга хабар берилади.

* сариқлик қўл ва оёқ кафтларига тарқалиши хавфли.

Агар бола муддатига етиб туғилиб, тана вазни меъёрида бўлса, теридаги сариқлик илк ҳафтанинг охирларидаёқ ўз-ўзидан ўтиб кетади. Бу табиий (физиологик) сариқлик ҳисобланади. Аммо соғлом, тана вазни меъёрида туғилган, кун сайин вазн қўшиб борса-да, сариқлик 2 ҳафтадан кейин ҳам йўқолмаса, албатта, болалар шифокорига мурожаат этиш керак. Муддатдан илгари туғилган болаларда сариқлик 12-14 кунлик бўлгунича давом этиши мумкин. Негаки, уларнинг жигари тўла етилмагани сабаб,билирубинни организмдан чиқаришга бироз ожиз. Борди-ю, улардаги сариқлик 3 ҳафтадан ортиқ сақланса, шу билан бирга бола инжиқ, эмишдан бош тортса, бу ҳақда албатта, болалар шифокорини хабардор қилиш лозим.

Аслида, янги туғилган чақалоқларнинг ҳар 10 тадан 5-6 тасида сариқлик кузатилади. Қолганларида эса бу жараён меъёрда кечиб, бола рангига урмайди.

ТЕЗ-ТЕЗ ЭМИЗИНГ

Бола сарғайишининг яна бир сабабларига:

*туғилгач, совуққотиши,

*онанинг тўғри эмизишни билмагани сабаб, боланинг оч қолиши,

*кам эмгани сабаб, ичи қотиши кабилар киради.

Айнан шунинг учун чақалоқ туғилиши биланоқ унга кўкрак тутилади. Тез-тез эмизиш боланинг жигари, ичакларининг фаол ишлашига ва ортиқча билирубинни тезроқ организмдан чиқаришига хизмат қилади. Қарабсиз-ки, 3-4 кун ичида боладаги сариқлик ўз-ўзидан йўқолади.

ОНАНИНГ ЎЗИ АЙБДОР?

Баъзан боладаги сариқликка она сути сабаб бўлади. Гап шундаки, туғруқдан кейин айрим аёлларнинг сутида бола терисини сарғайтирувчи модда топилади. Лекин шунда ҳам болани она сутидан айириш нотўғри. Шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда, эмизишда давом этилаверади, фақат она-бола тегишли даво чораларидан ўтиши керак.

САРИҚЛИК КАСАЛЛИК БЕЛГИСИ БЎЛСА...

Айрим ҳолларда чақалоқдаги сариқлик айрим касалликларнинг белгиси бўлиши мумкин.У ҳолда гап патологик сариқлик ҳақида кетмоқда. Унинг сабаблари турлича:

*она-бола қонининг бир-бирига тўғри келмаслиги. Мисол учун, онанинг қони I-чи, болада эсаII-чи, камдан-кам ҳолатларда III-чи гуруҳ бўлиши мумкин. Ёки онанинг резус-фактори манфий, болада эса мусбат бўлиб қолиши мумкин. Ана шунда чақалоқнинг ранги кескин сарғайиб кетади. У эмишдан бош тортади, беҳол ва инжиқ бўлиб қолади.

*туғруқнинг шиддатли кечиши ҳам боладаги сариқликка сабаб бўлиши мумкин.

* онасида қандли диабет кузатилган чақалоқларда патологик сариқлик кузатилади.

*чақалоқлардаги сариқлик боланинг бирон касаллик билан туғилишига ишора бўлиши мумкин. Мисол учун, жигар етарлича ривожланмаган бўлиб, ўз вазифаларини етарлича бажармайди. Бунда гап ирсий йўл билан ўтган сариқ касали ҳақида кетмоқда.

*Баъзан болада ўт йўллари ўтмаслиги кузатилади. Бу ҳам ота-онани сергаклантириши лозим.

* Юқумли касалликлар ҳам гўдак терисини сарғайтиради. Патологик сариқлик борган сайин кучайиши, баъзан бир ойгача сақланиши ёки йўқолиб яна пайдо бўлиши билан кечади. Боланинг пешобининг ранги тўқлашади, ахлати эса аксинча оч тус олади.

НИМА ҚИЛАМИЗ?

Аввало, шифокор кўрсатмаларига қулоқ тутамиз. Чунки тўғри ташҳисни фақат у қўя олади. Оддий (физиологик) сариқлик махсус даволанишни талаб қилмайди. Айтилганидек, болани тез-тез, керак бўлса, уйғотиб эмизиш лозим.

Бу даврда чақалоқ учун ҳаво ванналари фойдали. Эрталабки соат 10-11 гача ҳар куни 3-5 дақиқага устини очиб, каравотчани дераза ёнига сурилади. Деразадан тушиб турувчи ёруғлик нурлари бола териси учун шифобахш бўлиб, сариқликнинг йўқолишига хизмат қилади.

Боладаги сариқлик меъёрдан ошадиган бўлса, шифокорлар фотодаволаш йўли билан бу муаммони ҳал қилишади. Бунда кичкинтойингиз махсус ойнабанд бўлимга солиниб, кўзлари ҳимояловчи ниқоб билан тўсилади. Даволовчи чироқлар ёқилиб, ўзидан ёқимли иссиқлик таратувчи муҳитда бола маза қилиб ухлайди, шу билан бирга терисидаги ортиқча сариқликдан халос бўлади. Махсус фоточироқлардан таралаётган ультрабинафша нурларбола организмидаги билирубинни парчалаб, пешоб ва нажас орқали чиқишини тезлаштиради.

Белгиланган чоралардан кейин ҳам сариқлик кетмаса, қайта текширув ўтказилади. Сариқлик гемолитик касаллик(она-боланинг қони бир-бирига тўғри келмаслиги) билан боғлиқ бўлса, қон алмаштириш чоралари қўлланади. Оғир ҳолларда чақалоқни махсус стационарга ўтказилади. Айниқса, сариқлик анча кеч (7-8 кунлигида, баъзан эса 14 кунлигида) аниқланса, бунинг сабабини аниқлаш шарт.Чунки бунда сариқлик боланинг бош миясига тарқалиш хавфи бор. Бунга қарши жиддий чоралар кўрилади, қон зардоби, қувватловчи эритмалар юборилиб, болада аниқланган асосий касаллик белгилари билан курашилади. Сариқлик юқумли касалликлар белгиси бўлса, даволашда вирус-бактерияларга қарши, ўт ҳайдовчи, жигарни тозаловчи дори воситалар қўлланади.

ПРОФИЛАКТИКА ЗАРУР

Бўлажак она саломатлигига жиддий эътибор бериши, ҳомиладорлик пайтида юқумли касалликлардан сақланиши, мавжуд сурункали касалликларни ўз вақтида даволаши муҳим.Сариқликни енгиш учун ҳазми оғир маҳсулотлардан парҳез қилиб, юмшоқ бўтқалар, суюқ таомлар истеъмол қилиш, кўпроқ суюқлик ичиш мақсадга мувофиқ. Ёдингизда бўлсин, чақалоқлардаги сариқлик касаллик эмас, лекин бирон жиддий касаллик белгиси бўлмаслиги учун бу ҳолатга бепарво бўлмаслик жуда муҳим.

Барно Ҳожимирзаева

Манба: Darakchi.uz