Тарбия

Беғубор орзулар

Тоғда салқин шабада эса бошлади. Ўйноқлаб дарахтларнинг баргини тортқилади. Болакай ҳузур қилиб осмонга тикилди. Вуй юлдузларнинг кўплигини. Оймомо бунча яқин бўлмаса? Қўлингни узатсанг бўлди, етадигандек. У завқланиб чигирткаларнинг қўшиғига қулоқ тутди. Нималар ҳақида бунчалар бериб куйлашаётганикан-а? Балки улар ҳам туннинг гўзаллиги-ю, мафтункор манзарасига маҳлиё бўлишгандир. Болакай кемтик тишларини кўрсатиб кулди. Ҳаёлида юлдузлар кўз қисиб уни имлаётгандек бўлди-да. Ҳар таътил у бобосиникига келади. Мусаффо тоғ ҳавосидан симириб, муздай сойда чўмилиб чиниқади. Ҳозир эса эса у ҳар доимгидек тунги осмонга маҳлиё бўлиб қолди. Жасурбек тунлари юлдузларни, ойни, кундузлари қуёшни эринмай кузатади. Айниқса, ўтган йили бобосини уни Самарқанддаги Улуғбек расадхонасини кўришга олиб боргандан кейин унда осмон жисмларини ўрганувчи олим — астроном  бўлиш истаги пайдо бўлди. Барибир осмоннинг тунги кўриниши ҳаммасидан бошқача-да. Юлдузлар чаман-чаман бўлиб очилган оқ қўнғироқгулларга ўхшайди. Оймома эса хушбўй қовун тилимидек бўлиб самонинг бир бурчини эгаллайди. Бола ҳозир ўртоғи Сарвардек зўр расм чизолмаганидан афсусланиб кетди. Агар унга ўхшаб расм чизишга уста бўлганида кўз олдидаги манзарани шунақа тасвирлардики, ҳар бир бола само ва ундаги ажойиботларни севиб қолган бўларди. Бобосининг айтишича,   астроном бўлиш жуда қийин. Астроном дегани жуда кўп нарсани билиши, ҳамма фандан аълога ўқиши, энг муҳими довюрак бўлиши керак. Ҳатто кўйлагидаги тугма узилиб қолса ҳам ўзи қадаши керак эмиш. Ахир космик кемада юлдузларни ўрганиш учун чиққанида тугмачаси узилиб тушса ойисини ёрдамга чақиролмайди-ку. Шуларни ўйлаб ётар экан, бола яна орзуларга берилди. Ўзини шундоққина атрофни қуршаб турган ҳайбатли, қоронғуда жонли маҳлуқни эслатувчи тоғлар устидан кўтарилиб, кичик, шаффоф космик кемасида самога йўл олгандек ҳис қилди. Шунда оймома ҳам, юлдузлар ҳам тилга кирди. Улар бир тебраниб олишди-да, бир-бирига навбат бермай сўзлай кетишди. —       Хуш келибсан, митти олим, — деди оймома ойисидек ёқимли жилмайганча. —       Хуш келибсан, — деди юлдузлар ҳам милт-милт қилиб. —       Сен албатта биз билан дўст бўлишинг керак, ахир эзгу орзулар амалга ошиши керак-да. Айниқса,  болаларнинг орзулари,— давом этди оймомо. —       Нега энди айнан болаларнинг ?— савол берди Жасурбек. —       Чунки уларнинг ўй-ҳаёллари ҳам, озу-истаклари ҳам ўзларидек беғубор бўлади-да. —       Ахир сен юртингда доим тинчлик бўлишини, ота-онанг кўп китоблар, дафтар-ручкалар олиб келишини хоҳлайсан-ку тўғрими? —       Албатта-да. —       Ана кўрдингми?— оймомо кўз қисиб жилмайди. Болакай ширин бир нарса чайнагандек ҳузур қилди. Ахир оймомонинг гаплари унга жуда ёққанди-да. Сойдан бақаларнинг янгроқ қўшиғи эшитилиб, унинг ҳаёли бўлинди. Шу пайт бобосининг: —Жасурбек, болам тур кетадиган пайтинг бўлди. Ҳали нарсаларингни йиғиштириш керак деган чорлови эшитилди. Эҳ, бобоси. Билмайди-да Жасур ҳамма нарсасини тахт қилиб қўйганини. Ахир яхши болалар тартибли бўлиши керак. Жасур эса яхши бола.  Таътилни мароқли ўтказиб, бўйи анча чўзилган болакай оқариб келаётган тонг ёруғида ғира-шира кўринаётган оймомо-ю, юлдузлар билан хайрлашди. Ахир шаҳарда улар билан бемалол гаплашиб бўлмайди-да. Келгуси йили у албатта телескоп билан келади.  Дадаси  : — Яхши ўқисанг, телескоп олиб бераман. — деб ваъда берган-да. Жасур кетгиси келмаётган бўлса ҳам бобосига эргашди. Кўп ўтмай тоғ йўлида шаҳарга элтувчи  автобус кўринди.

Саида ИБОДИНОВА