Ҳeч бир ота-она боласини уриб ёки урушиб катта қилишни истамайди. Лекин барчамизга сир эмас, боласини бирон марта урмаган ота-она жуда кам. Фарзандимизни урамиз, кейин эса айнан урганимиз учун ўзимизни кoйиб ачинамиз. "Боламни ургим келмайди, боламни урушгим келмайди, лекин ўзи шунга мажбур қилади", деб ўзимизни оқлаймиз.
Биз ҳозир нега ота-она боласини жазолаши ҳақида эмас, балки қандай қилиб болани урмаслик ёки урушмаслик мумкинлиги ҳақида суҳбатлашмоқчимиз. Ахир боланинг баъзи қилиқлари, фаолияти, гаплари уни жазолашга мажбурлайдику...
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, болани жазолашга юзлаб факторлар сабабчи бўлар экан. Қизиғи шундаки, бирон фактор ҳам болага таалуқли эмас, яъни жазолашга боланинг ўзи ҳеч қачон сабабчи бўлмас экан.
Қандай қилиб? "Ахир у ойнани синдириб юборди, у 4 соатдан бери компьютердан бошини кўтармаяпти, у қўшни боласини сочини юлди, у онасини атир упасини тўкиб юборди, айнан у холодилникдаги овқатни ағдариб кетди, у телевизорда ёмон нарсалар кўрди, у яна у ва яна у", деймиз, лекин бу фақат муаммонинг юзаси эканлигини тушунмаймиз.
Боланинг юқоридаги "хатолари" муаммо эмас, балки чуқур муаммонинг бир кўриниши, холос.
Бу чуқур муаммо ота-она билан бола орасидаги муносабат дарс кетганлигидир. Бола 2 ёш бўлмасин 20 ёш бўлмасин, ота-она билан муносабатда бўлади, ана шу муносабат издан чиқса, бола кўп жазоланадиган бўлишни бошлайди.
Муносабатлар нега издан чиқади? Ота-онаси боласи деб шунча тер тўкса, меҳнат қилса, бор-йўғини аямаса, нега бола буни тушунмайди?
Аслида бола ота-онани эмас, ота-она болани тушуниши керак. Ҳамма боласини севади, боласи деб дунё ишларини қилишга тайёр бўлади, баъзилар боласи билан ғурурланади, кимдир боласини бошига ўтқазиб юради, лекин боласини тушунадиганлар жуда кам.
Болани эса тушуниш керак. Севинг, ардоқланг, ҳимоя қилинг, лекин тушунмасангиз ҳаммаси бир пул. Боланинг тилини, дилини, эҳтиёжини тушуна олган ота-она ҳар доим фарзанди билан аъло муносабатларда бўлади.
Икки ойлик бола онасини қўлидан караватга ётганда йиғлайди. "Кичкинагина бўлиб, ҳалиттан қўлни билиб, ота-онасини қийнамоқда," деган гаплар чиқади. Кулгилик эмасми? Икки ойлик бола ота-онасини ўйнатиш учун ёки уларни ўзини ёнида кўпроқ ушлаб туриш учун режали иш қила олмайди, балки қўлда юриш 2 ойлик боланинг жисмоний ва психологик эҳтиёжи бўлгани учун у шуни истайди, холос. Ахир у гўдак, у ҳозир айёрликни қаердан билсин? У фақат ўз эҳтиёжларини қондиришни истайди.
Уч яшар болага сув ўйнамасликни таъкидлаганингиз билан имкони бўлса ўйнайди, чунки у бола. У сизга ўхшаб камида 20 йил яшаб, кўп сув ўйнаш натижасида касал бўлиб қолиш мумкинлиги ҳақида ҳали тушунмайди, айтсангиз ишонмайди, у ҳозир мириқиб ўз болалик эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда сувни ўйнамоқчи, холос. Сизни ранжитиш ёки сизни жаҳлингизни чиқариш учун эмас, бола бўлгани учун!
Саккиз яшар бола уй ишини қилишдан кўра, телевизор олдидан кета олмаётган бўлса, у ақлсиз, маъсулиятсиз ёки ота-онасининг гапига кирмайдиган инсон эмас, у болалик гаштини суришни истаётган бир гўдакдир, холос.
Он беш ёшли бола уйга кеч келишни одат қилиб, ота-онаси чизиб қўйган чизиғидан чиқиб кетаётган бўлса, бунга сабаб ота-онасининг жиғига тегиш ёки уларга нисбатан беҳурматлик кўрсатиш эмас, балки ўсмир ёшдаги боланинг шахсий психологик эҳтиёжларини қондириш, холос.
Ундай бўлса, болага ҳамма нарсани рухсат бериб қўйиш керакми? Йўқ албатта. Муҳими рухсат бериш ёки бермаслик эмас, муҳими бола бирон ота-онасига ёқмаган иш қилиб қўйганида уни жазолаш эмас, тушуниш кераклигидир. Болани тушунган ота-она рухсат бермаслик ҳақида ўйламайди, болага нега бу яхши эмаслигини тушунтиришни мақсад қилади.
Бола ёмон, ақлсиз, одобсиз бўлгани учун ёки ота-онасини ўйнатиш мақсадида эмас, балки бола бўлгани учун, ота-онаси унга тўғри йўлни кўрсата олмаётганликлари учун, ниҳоят боланинг ўзи қийналаётганлиги учун бирон ёмон иш қилиб қўяди.
Бола гапга кирмайдиган бўлиб қолдими, демак у ёрдамга муҳтож.
Боласини севиб туриб урадиганлар жуда кўп. Болани тушунишни ўрганинг. Боланинг қилиб қўйган ишига баҳо беришдан олдин, у ҳали гўдак, психологик жиҳатдан ўта нозик инсон эканлигини эсланг. Хато қилиб қўйган бўлса, сизни ранжитиш ёки қийнаш учун эмас, бола бўлгани учун қилганлигини тушунинг. Ёмон нарсани сўраб инжиқлик қилаётган бўлса, ақли шунга етмаётгани учун эмас, бола бўлгани учун истамоқда. Эллик марта бир нарса айтганингиз билан қилмаётган бўлса ҳам, мақсад сизни қийнаш эмас, балки болалик эҳтиёжини қондириш, холос.
Агар ҳар бир ота-она болани тушунишни ўрганиб олса, болага қўядиган талаблари бироз юмшар эди, боланинг қилган ишлари эса ота-онага нисбатан беҳурматлик сифатида эмас, болаликнинг намоёндалари сифатида қабул қилинар эди.
Бола яхши йўлдан юришини истаган ота-она, биринчи уни тушуна олиши керак. Шундагина у боланинг кўнглига йўл топа олади, болани қандай қилиб шу ҳолатда ўзгартириш мумкинлигини топа олади.
"Боламни зўр боғчага бердим" ёки "боламга энг зўр телефон олиб бердим", деб эмас, боламни жуда яхши тушуна оламан деб мақтанинг.
Ота-онаси уни тушунаётганини ҳис қилган бола, ўз эҳтиёжларини ҳам уларга тўғри изҳор эта олади, ўз қарашларига нисбатан ҳурмат кўрган бола, ота-онасининг қарашларини ҳам ҳурмат қила олади.
Болани ақлли, одобли, гўзал ёки бошқа бир ютуқлари учун эмас, бола бўлгани учун тушуниш керак. Бир ойлик, 1 ёшлик, ҳатто 25 ёшлик бола ҳам ота-онаси уни тушунишини истайди.
Бир эсланг, 1 ойлик бола йиғлаётганда уни тушуниб сут берсангиз, қанчалик хурсанд бўлади... ҳар доим шундай. Фақат бола катта бўлгани сари унинг эҳтиёжлари сутдан кўра анча катталашади.
Шунда ота-она унга худди 1 ойликлигидагидек эҳтиёжини қондира олса ёки бунинг иложи бўлмай болага муаммо моҳиятини унинг ҳолати ва истагини тушунган ҳолда тушунтира олса, бу болалик эҳтиёж ва ота-онанинг мақсади болани койиш эмас балки тўғри йўл кўрсатиш эканлигини англаса, болани жазолашга эҳтиёж қолмайди.
Қишнинг совуқ кунида музқаймоқ сўраётган болага: "Ақлинг борми сани, қишда ким музқаймоқ ейди?" ёки "Мумкин эмас, дедимми демак мумкин эмас", дейишдан кўра "Сени тушуняпман, музқаймоқ жуда мазали бўлгани учун уни егинг келяпти, кел яна озгина кутайлик ҳеч бўлмаса баҳор келса олиб бераман", деб кўринг. Натижада бола қанчалик сизга миннатдор бўлганини, музқаймоқ емаслик тўғри эканини тушуниб етганини шу заҳоти ҳис қила оласиз (Сизнинг ҳолатингиздан келиб чиқиб бошқа шунга ўхшаш жавоб топишингиз мумкин. Муҳими боланинг эҳтиёжини тушунганингизни унга кўрсатиш).
Бола ҳеч қачон ёмон бўлмайди, болани тушуна олмай катта қилаётган ота-она ёмон.