Театр катта тарбиявий кучга эга. У болаларнинг кечинмаларига кучли таъсир қилади, ахир улар театр қаҳрамонлари билан бирга яшаб, уларнинг хурсандчилик ва қайғусини бўлишади. Севимли ўйинчоқлар иштирокидаги энг оддий театр саҳна кўриниши бу нафақат қизиқарли машғулот, балки ота-она учун бола нутқи, хотираси, ижодий қобилияти, ахлоқ-одоби, дўстона муносабатлар ва дунёқарашини кенгайтириш ва ривожлантириш учун ажойиб имкониятдир.
Бола ундаги безакларни ўзи тайёрлаб, рассом ва дизайнерлик қобилиятларини уйғотиши, ундаги костюмларни ўйлаб топиши, сценарийсини ёзиши ва саҳна кўринишида рол ўйнаши мумкин. Бу уй шароитидаги оддий театр саҳнаси бўлса ҳам унинг имкониятлари катта эканлигини унутмаслик зарур.
Театр болага ундаги қўрқув ва бошқа камчиликларни, шунингдек, ўзига нисбатан ишончсизликни енгишга ёрдам беради. Бола саҳна кўринишини саҳналаштириш давомида мулоқот қилишни ўрганади, унинг яширин қобилиятлари юзага чиқади.
3—5 ёшли болакайлар учун уй театри
Бу ёшдаги болаларга кичикроқ роллар ва вазифалар бериш орқали саҳна асарини тайёрлашга жалб этиш мумкин. Бундай саҳна кўринишини болага яхши таниш эртаклар асосида тайёрлаш мумкин. Дўстлик, яхшилик, бир-бирига ёрдам бериш мавзуларига бағишланган оддий эртаклардан фойдаланиш мумкин. 4 ёшгача бўлган болаларга қўғирчоқ театрини катталар ташкил этгани маъқул.
7—13 ёшли болалар учун театр
Бу ёшдаги болалар бутун саҳна кўринишини тайёрлашни ўз зиммасига олишни истайди ва буни уддалай олади. Бунда ота-она фарзандининг ташаббусини қўллаб-қувватлаши ва мустақилликка интилишига тўсқинлик қилмаслиги керак. Бундай саҳна кўринишини бирор байрам ёки тадбирга мўлжаллаб, унга тўпланган болалар ва яқинларни хурсанд қилиш мумкин.
Уй театрини ташкил қилиш
Сиз бунинг учун уйингизнинг исталган қулай жойини танлашингиз мумкин. Қўғирчоқ театрининг саҳнасини столда, уйча ясаб, бирор пардани осиб қўйиб ижро қилиш мумкин. Роллар билан ижро этиладиган саҳна кўринишида турли безакларни ўйлаб чиқиш мумкин. Улар албатта мураккаб безаклар бўлмасдан, қўл остидаги бор нарсалардан тайёрланиши керак.
Масалан, картондан парда ёки дарахтни кесиб олиш ёки уй ва шунга ўхшаш нарсаларни чизиб олиш мумкин. Болаларга ўзлари ўйлаб топадиган костюмлар жуда қизиқарли бўлади. Бу уларнинг фантазиясини ривожлантиради.