Тарбия

Болалар аравачасидан фойдаланиш қоидалари

Болалар аравачасидан фойдаланиш жуда оддий ва тушунарли бўлиб туюлиши мумкин, аслида эса боланинг шикастланишига олиб келувчи хатони қилиш ҳеч гап эмас. Энг кўп жароҳатларни болалар аравачадан тушиб кетиш натижасида олади. Мақолада ота-оналар томонидан йўл қўйиладиган энг “оммабоп” хатоликлар ва уларга йўл қўймаслик борасида маслаҳатлар ҳақида айтиб ўтамиз.

Аравачани йиғиш ва очишда эҳтиёт бўлинг

Болалар аравачасини йиғиб-очишда чиқиллаган товушни эшитганингизга ишонч ҳосил қилинг. Шошаётган вақтингизда ёки аравачани очишда бироз куч талаб қилинган пайтда чиқиллаган товуш эшитилган-эшитилмаганини эътибордан қочиришингиз мумкин. Бу ҳолатда боланинг бармоғи ҳали очиқ турган ошиқ-мошиққа қисилиб қолиши ёки, ҳатто, аравача ичидаги бола билан йиғилиб қолиши мумкин.

Болангизни аравача тасмаси билан маҳкамлаб қўйишни унутманг

Фарзандингизни ҳар сафар аравачага ўтқизганингизда, уни хавфсизлик камари билан боғлаб қўйинг. Болангиз катта бўлиб қолган ёки аравачага ётқизганингизда ухлаб қолган бўлса ҳам, камар тақилганига ишонч ҳосил қилинг. Уч нуқтали хавфсизлик камаридан бола айланиб тушиб кетиши мумкин, шу туфайли елкаларни ҳам маҳкам ушлаб турувчи камарларни танланг.

Зина ва эскалаторларда сайр

Ичида бола бўлган аравачани ҳеч қачон эскалаторда олиб юрманг, пандус ёки лифтдан фойдаланинг. Бошқа вариант бўлмаса, кимдандир ёрдам сўнг. Биров аравачани юқоридан, бошқаси пастдан кўтариши керак.

Шунингдек, аравачани зинадан ҳам туширманг. Пандус ёки лифт бўлмаса, болани аравачадан олиб, қўлингизда кўтариб туширинг. Кўплаб жиддий шикастланишларни болалар зинапояларда олади.

Пинакка кетишми ёки хайрли тун?

Беланчакли болалар аравачасини сотиб олаётган бўлсангиз, уни каравотча сифатида ишлатиш мумкин деб ўйламанг. Беланчакдан болани кечаси ухлатишда ҳеч қачон фойдаланманг. Беланчакда тўшак бор-йўқлигини текширинг, бўлмаса, алоҳида сотиб олинг. Тўшакнинг қалинлиги 1,5 сантиметрдан ошмаслиги керак, чунки ўта юмшоқ ва қалин тўшакда бола бошини ўгира олмаслиги ва нафаси қайтиб қолиши мумкин.

Болалар аравачасининг дастасига ҳеч нарса илманг

Аравача дастасига йўргаклар солинган пакет ёки сумкани осиб қўйиш истагига берилманг, чунки аравачанинг мувозанати бузилиб, у бола билан бирга ағдарилиб кетиши хавфи бор. Аравача остидаги саватдан фойдаланинг, бозордан буюмлар харид қилмоқчи бўлсангиз ёки ўзингиз учун кўпроқ нарсалар олмоқчи бўлсангиз, рюкзакдан фойдаланинг ва уни елкангизга осиб олинг.

Мақолани тайёрлашга “Первая коляска” сайти маълумотларидан фойдаланилди.