Тарбия

Болалардаги эринчоқлик сабаблари ва уни енгиш усуллари

Эринчоқлик ва нимадир қилишни истамаслик ўз-ўзидан юзага келмайди. Улар ўз сабабларига эга. Биз эринчоқлик сабабини аниқлаш орқали уни енгишимиз мумкин.

Қуйида болалар эринчоқлигининг сабабларини келтириб ўтамиз:

  1. Бола мижозининг (темпераменти) хусусиятлари

Боланинг муваффақиятли фаолияти учун унинг руҳий ўзига хослиги, асаб тизимининг тури муҳим аҳамият касб этади. Масалан, холерик (қизиққон) мижозга эга бўлган болалар узоқ вақт давомида диққатни бир жойга жамлашни талаб этувчи топшириқларни бажаришга қийналиши ва эриниши мумкин. Интроверт бола эса мулоқот ва фаолликни талаб қилувчи вазифаларни бажаришни истамайди.

  1. Қизиқишнинг йўқлиги

Бола топшириқни бажаришдан аввал унга қизиқмаса, уни бажариш истаги ҳам бўлмайди. Шунинг учун сиз фарзандингизнинг бирор топшириқни бажаришини истасангиз, унга қизиқтиринг. Унга янги тажриба ҳаётни янада тўлиқ қилишини кўрсатинг.

  1. Ўзига ишонмаслик ва омадсизликдан қўрқиш

Ҳар доим ҳаракатлари танқидга учраган бола тез орада ҳеч нарса қилмаган маъқул деган хулосага келади. У қўлидан ҳеч нарса келмаслигига ишона бошлайди.

  1. Чарчоқ

Ҳафта давомидаги мактаб машғулотлари ва турли тўгараклар болани чиндан толиқтириши мумкин. Шунинг учун бола ҳеч нарса қилмасдан диванда ётишни ёки шунчаки сайр қилишни исташи мумкин. Боланинг бандлик даражасига баҳо беринг ва имконият бўлган пайтларда унга дам олиш учун вақт беринг.

  1. Ўқитувчи билан ёмон муносабат

Мураббий ё ўқитувчи билан можароли вазият ёки яхши ўзлаштирмаслик боланинг ўқишни истамаслигига сабаб бўлиши мумкин. Дастлаб болага унинг тарафида эканлигингизни кўрсатинг, кейин можаро сабабларини аниқланг. Болага мулоқот қилишни, можароли вазиятдан чиқиб кетишни ва муносабатларни йўлга қўйишни ўргатиш муҳим ҳисобланади.

  1. Ота-онанинг ортиқча талаблари ва кўпроқ натижа кутиши

Боладан унинг қўлидан келмайдиган натижани кутиш ва талаб қилиш ундаги эринчоқлик сабаби бўлиши мумкин. Боланинг руҳияти кўпроқ куч сарфлашнинг ўрнига "қувватни тежаш режими"га ўтиб олиши мумкин. Балки талабларни камайтириш ва болага кўпроқ бўш вақт бериш керакдир.

  1. Асаб тизимининг камолотга етмаганлиги

Тадқиқотлар вояга етмагунча боланинг мияси ҳаракатларини режалаштириш ва ҳодисаларга баҳо бериш учун етарли даражада ривожланмаслигини кўрсатди. Шу тариқа, дангасалик ўз ҳаракатларини режалаштиришга қодир бўлмаслик ёки ҳаракатсизлиги оқибатларига баҳо бера олмаслик натижаси бўлиши мумкин.

Мақолани тайёрлашда "Я Happy mama" сайти маълумотларидан фойдаланилди.