Тарбия

Болаларни тарбиялаш мақсадида уларни жисмоний жазолаш мумкинми?

Болаларни тарбиялаш мақсадида уларни жисмоний жазолаш мумкинми? Умуман олганда уларни уриш мумкинми? Агар мумкин бўлса, қанақа шаклда? Бу мавзудаги баҳсли мунозараларнинг охири йўқдек кўринади. Бу масалада руҳшунослар ва олимлар қандай фикр билдиради? Келинг, бу борадаги бир нечта қарашларни ўрганиб чиқамиз.

Болаларни жазолаш мақсадида уларни уриш энг қадимий ва мунозарали тарбия усулларидан бири ҳисобланади. ХХ асрнинг ўрталарига қадар, шапалоқ тушириш ёки қўлида қайиш ё таёқ тутиб турган ота-она ҳеч кимда эътироз уйғотмасдан келган.

Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб болаларни бундай жазолаш усулининг самарадорлиги ва натижалари ўрганила бошланган. Ўтказилган тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатдики, болаларни уриш бу ёмон тарбия воситасидир.

Бундай жазо турини бутунлай тақиқламайдиган руҳшунослар уларни қўллашнинг бир қатор шартларини келтириб ўтади:

  1. Соғлиқ учун хавфсиз эканлиги

Бу шарт шунчалик жиддийки, болани уриш учун қўллаш мумкин бўлган усул фақат думбасига ёки оёқларига қўл билан уриб қўйишдир.

  1. Қўллашдаги такрорийлик даври

Болани уриш қанчалик кам қўлланилса, шунчалик самарали бўлади. Бу усул ҳеч қачон одатий ва доимий тарбия усулига айланиб қолмаслиги керак.

  1. Камситмаслик

Болани омма олдида урмаслик лозим. Бу нафақат уриш, балки бошқа барча жазо турларига ҳам тааллуқлидир.

  1. Кечиктирмаслик

Бола у содир этиши мумкин бўлмаган ишни бажараётган пайтнинг ўзида жазоланиши керак ва бу унинг ушбу ҳаракатни тўхтатишига сабаб бўлиши керак. Агар сиз фарзандингизнинг ножўя ҳаракати ҳақида бир қанча вақтдан кейин хабардор бўлсангиз, болани бунинг учун жазолаш маъносиз ва зарарлидир. Олдини олиш учун жазолаш эса янада кўпроқ зарарлидир.

  1. Тушунтириш

Бола нега жазоланганлигини аниқ тушуниб етиши керак. Ота-она тушунтириш орқали болага ножўя иш ўрнига қандай тўғри йўл тутиши кераклигини таклиф қилиши мумкин бўлади.

  1. Боланинг ёши

Бу борада аксарият руҳшуносларнинг фикрича, жисмоний жазолаш 2 ёшгача қўлланмаслиги лозим. Тўққиз ёшдан кейин улар бутунлай истисно этилиши керак.

Бироқ юқоридаги шартларга риоя этилган тақдирда ҳам, болани жисмоний жазолаш бошқа тарбия усулларига қараганда самаралироқ ҳисобланмайди. Аксинча тарбиянинг бундай усули болалар ва ота-оналар ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашиши ва руҳий ҳолатнинг бузилишига олиб келиши мумкин.