Саломатлик

"Боламга "тепки" чиқди, даволатайми ё тептирайми?"

«Тепки» чиқса, тептириш одатнинг таг замирини суриштириб билишга роса уриндик. Аммо ҳеч ким қаердан келгани-ю пайдо бўлиш тарихи ҳақида аниқ далиллар келтира олмади. Шунинг учун эътиборингизга қуйидаги фикрларни ҳавола этамиз. Иккитаси мутахассига тегишли, қолган иккитаси ҳаётий тажрибаларга асосланади. Қай бирини танлаш эса сизнинг ихтиёрингизда.

«Динимизда бундай амал йўқ!»

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман бош имом-хатиби, «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом-хатиби— Бу борада динимиз Исломда ҳеч қандай кўрсатма йўқ. Яъни бу касалликнинг «тепки» деб аталиши ва эгизак фарзанд кўрган келинларга тептирилса, тузалиб кетиши ҳақида ҳеч қандай дилил-ҳужжатнинг ўзи йўқ. Бу иш халқ орасидаги илмсиз кишилар ўйлаб топиб, тарқатган нотўғри, хурофий одатлардан бири ҳисобланади. Аслида хасталликка дучор бўлган беморни бу тариқа, яъни томоғи ва қулоғи остини эгизак фарзандли келинга тептириб даволатиши бирор-бир тиббий муолажа услубларида ҳам мавжуд эмас. Афсуски, фарзандлари хасталанганида шифокор кўригига бориш ўрнига ҳали-ҳануз шундай хурофий ишларга мурожаат қилиб юрувчилар етарлича топилади. Айниқса, чекка ҳудудларда. Айнан уларни деб бу одат бизнинг кунларгача ҳам яшаб келмоқда. Шу боис, юртдошларимизга хурофотга берилмасдан шифокорга мурожаат қилишларини тавсия қиламиз. Акс ҳолда ҳам нотўғри эътиқод учун инсон гуноҳкор бўлади, ҳам бефойда муолажа туфайли вақт бой берилиб, аҳвол ёмонлашиши мумкин. Валлоҳу аълам!

«Ота-боболаримизнинг удуми»

Рихси ИБРОІИМОВА, Ўзбекистон халқ артисти: — Тиббий жиҳатдан қандай билмадим-ку, лекин бу қадим замонлардан келаётган удумларимиздан деб ҳисоблайман. Болалик чоғларим «тепки»га чалинганимизда онамиз эгизак фарзанд кўрган аёлни топиб, олиб боришарди. Тептирганидан кейин бутунлай тузалиб кетган кишиларни биламан, аммо аҳволи оғирлашганларни сира эслолмадим. Іатто театримизнинг бир артисти шу касалликка чалинганида эгизак кўрган актрисамиз Ширин Азизованинг уйига бориб тептириб келгани ҳам ёдимда. Нима учун айнан эгизакларнинг онаси, деган савол туғилиши табиий. Чунки улар азалдан табаррук саналган, халқ орасида ўзгача ҳурматга эга бўлишган.

«Якуни — бепуштлик?!»

Шавкат АЗИМОВ, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор-инфекционист: — Сиз «тепки» деб атаётган касаллик тиббиётда эпидемик паротит номи билан юритилади ва худди гриппга ўхшаб вирусларнинг ҳаво томчи йўли орқали юқишидан вужудга келади. Хасталикка чалингач, дори-дармон воситалари қабул қилинмаса, иммун тизимининг ўзи вируслар билан курашиб, маълум вақт ўтганидан сўнг ғолиб келади. Бироқ барини иммун тизимининг зиммасига юклаб қўйиш нотўғри. Чунки паротит нафақат сўлак безларини зарарлайди, балки ўғил болаларда моякларнинг яллиғланишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Агар даво чоралари кўрилмаса, хасталик келгусида бепуштликка сабаб бўлади. Ана ундан кейин эгизак туққан аёл ҳам, ҳомиладор аёл ҳам, ҳатто 10 та фарзанд кўрган эркак тепса ҳам, бефойда. Чунки ҳар бир соғлом фикрли инсон вирусли хасталикни «тепиб» даволаб бўлмаслигини яхши билади. Олдини олиш учун эса эмлатиш лозим.

«Даво бўлганини ўзим кўрганман!»

Мактуба Юнусова, ҳамшира, эгизак фарзандларнинг онаси: — Ўзим тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораман. Іатто шифохонамизда даволанаётган беморлар ҳам олдимга келиб, «Тепиб қўйинг» дея илтимос қилишади. Авваллари билмасдим, эгизакларим туғилганидан кейин аёллардан сўраб-суриштириб ўрганиб олганман. Аслида ўзига хос жараён, аввал беморнинг бўйни пахта ёки сочиқ билан ўралади, кейин қиблага қаратиб остонага ётқизилади. Яратганнинг исмини айтиб, беморнинг ҳам исми уч марта такрорланади ва ўнг оёқнинг бош бармоғи билан оҳиста тегиб қўйилади. Олдимга умид билан келган хаста кишиларни қайтаришга кўзим қиймайди. Жаннат оналар оёғи остида дейишади-ку, балки айнан шунинг учун ҳам бу хасталикка чалинган болажонларни эгизак фарзанд кўрган оналар даволашса керак-да. Биринчи навбатда ихлос ва ишонч туради, назаримда.

Манба: Darakchi.uz