Саломатлик

Болангизни баҳорий касалликлардан эҳтиёт қилинг!

Баҳор бошланиши болалар касалликлари бош кўтарадиган мавсум ҳисобланади. Узоқ қишдан сўнг болаларнинг иммунитети пасайиб, уларга хавф солиши мумкин бўлган баҳорий хасталиклар анчагина. Қиш давомида камҳаракатлилик, қуёш нури ва витаминлар етишмаслигидан организм бироз заифлашади. Баҳорнинг илк ойида қуёш кучсизгина чарақлаб, «уйқуда ётган» инфекциялар гуркирашига имкон яратади. Эрта баҳорда авж оладиган касалликлар ҳақида сўз юритамиз.

ЎРВИ ва грипп

Бу энг кенг тарқалган инфекциялардан сақланиш учун «қишки уйқу»дан сўнг организмдаги кучни тиклаш, яъни овқатланиш тартибига риоя қилиб, таомномага фойдали, витаминларга бой маҳсулотларни киритиш керак (масалан, кўкатлар, цитрус ва резавор мевалар, наъматак ҳамда туршак дамламаси, ялпизли чой).

Инфекцияли мононуклеоз

Бу одамлар орасида «без келиши» деб тушунилади. Мазкур касалликдан ҳимояланиш учун гигиена қоидаларига амал қилиш лозим. Инфекцияли мононуклеоз ҳам кир қўллар ва ўпич орқали юқувчи хасталиклар сирасига киради. Аниқроғи, у ҳаво-томчи йўл билан юқади. Тана ҳарорати бирдан кўтарилиб, узоқ вақт давомида пасаймайди. Лимфа тугунлари катталашиб, бурун-ҳалқум йўллари қизариб, шишади. Аниқ ташхис қўйишга умумий қон таҳлили ёрдам беради. Вақтида даво чоралари кўрилса, касаллик тезда ўтиб кетади ва беморда ўзига қарши бир умрга иммунитетни шакллантиради. 2-8 ҳафта ичида касалликдан асар ҳам қолмайди.

Сохта сил

Касаллик узоқ муддат сақланган озиқ-овқат маҳсулотлари, яхши ювилмаган полиз экинларини истеъмол қилганда ва хасталик ташиб юрувчи жонивору қушлардан юқади. Ошқозон-ичак инфекциясидан ҳимояланиш учун егуликларни тўғри сақлаш, кемирувчи жониворларга қарши курашиш ҳамда санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш керак. Касалликда қувватсизлик, иштаҳанинг йўқолиши, ич бузилиши кузатилади ва 1-3 ҳафта давом этади. Беморнинг юзи қизариб, шишади. Танада майда тошмалар пайдо бўлади, 3-7 кун ичида улар йўқолиб, тери кўчиши кузатилиши мумкин. Сохта сил касаллиги бўғимларга зарар етказиш эҳтимоли юқори бўлгани учун антибиотиклар билан даволанади.

Ангина

Ангина — хавфли инфекцион касаллик. Ундан ҳимояланиш учун иммунитетни шакллантириш керак. Чунки тиш, оғиз бўшлиғи хасталиклари ва шамоллаш ангинага сабаб бўлади. Бундан ташқари, баъзи оналарни ҳайратга солса-да, томоқни чиниқтириш лозим. Болани муздекка эмас, совуққа ўргатиш лозим. Ангина туфайли бўғимлар, юрак ва буйрак фаолияти бузилиши мумкин. Тана ҳарорати тўсатдан 38 ва ундан юқори даражага кўтарилиб, ҳалқум, бодомча безлари қизариб шишади, яллиғланади. Самарали даво чораларини танлаш учун умумий қон ва пешоб таҳлили тавсия этилади.

Қизилча

Бу инфекция ҳаво-томчи йўли, касалланган боланинг идиши ёки овқати орқали юқади. Иммунитети кучли болалар ҳам қизилчадан ҳимояланмаган. Бу хасталикда албатта карантин эълон қилинади. Бемор касалликдан сўнг бир умрлик иммунитетга эга бўлади. Ҳолсизлик, томоқ оғриши, танада, айниқса, унинг букилган жойларида пушти-қизил рангли тошмалар кўпаяди. Асорат қолишини истамасангиз, қизилчага шубҳа қилишингиз билан шифокор кўригидан ўтинг.

Юқумли моллюскалар

Тери касалликлари сирасига киради. Бемордан, кир буюмлардан, ҳаттоки ҳовуздаги сувдан ҳам юқади. Танада бир неча миллиметрлик пушти доирачалар пайдо бўлади. Бироз қичишишни инбоатга олмаганда ҳеч қандай ёқимсизлик пайдо бўлмайди. Бир неча ойда тошмалар ўзи ҳам йўқолиб кетиши мумкин. Лекин дерматолог-шифокорга учраб даволаниш, баъзида эса уларни дори воситалари ёрдамида куйдириш тавсия этилади.

Паразит гижжалар

Бола кўчада ўйнашни бошлаши билан паразитларни юқтириб олиш хавфи кучаяди. Улар билан зарарланиш ёқимсиз оқибатларни келтириб чиқаради: аллергик реакция, тери, ўпка касалликлари ва бошқалар. Профилактика қоидаси: болани гигиена қоидаларига ўргатиш, мева-сабзавотларни тоза ювиш, ҳайвон ва жониворлар билан мулоқот қилмаслик.

Замбуруғли касалликлар

Баҳорий илиқ нам ҳаво замбуруғларнинг кўпайиши учун идеал муҳит саналади. Уларнинг ҳужайралари нафас олиш аъзоларига тушиб, организм бўйлаб тарқалади. Кучли аллергия, заҳарланиш ҳамда яллиғланиш жараёнига сабаб бўлади. Кўпинча замбуруғли заҳарланиш тери қичишиши билан намоён бўлади, аниқ ташхисни миколог-шифокор қўяди.

Эрта баҳорда аҳамият беринг!

 

  • Кўкатлар, цитрус, резавор мевалар ва гиёҳлардан тайёрланган дамламалар иммунитетни кўтаради.
  • Боланинг қушлар, эгасиз, дайди жониворлар ва ташландиқ нарсалар билан алоқа қилишига йўл қўйманг.
  • Кун тартибига риоя қилинг.
  • Касалликнинг илк аломатлари кузатилганда албатта шифокорга мурожаат қилинг.

 

Олий тоифали шифокор-педиатр Нафиса СУЛТОНОВА тавсиялари асосида

Дилноза МИРТОЛИПОВА тайёрлади

Манба: Darakchi.uz