Биласизми?

Чақалоққа нима учун сўрғич бермаган маъқул?

Резина сўрғич ҳақида ҳар хил фикрлар мавжуд. Ушбу мақолада сўрғичнинг бефойдалиги, бунинг устига зарарли ҳам эканлигини таъкидловчи фикрлар билан танишамиз.

Ҳар бир нарса, шу жумладан сўрғич ҳам қаровни талаб қилади

Болага сўрғич бера бошлагандан кейин, сўрғични тоза тутиш ва ҳамма жойга бола билан бирга олиб юришингиз керак, бу эса сизнинг вақтингиз ва диққатингизни талаб қилади.

Бола сўрғичга ўрганиб қолади

Кейин болани сўрғичдан ажратиш қийин бўлади.

Сўрғич бола нутқининг ривожланишини секинлаштиради

Кўпинча сўрғич эмадиган болаларнинг нутқи тенгдошларидан орқада қолади. Шу хусусда эксперт хулосасини келтириб ўтамиз. Логопед Татьяна Вискварко: «Боланинг куни бўйи тинмасдан сўрғич эмиши нутқ аппаратининг ўзгаришига олиб келади, болани билим олиш жараёнидан чалғитади, кейинроқ эса нутқ ривожланишининг анча орқада қолишига олиб келади. Ҳамма нарса меъёрида бўлгани яхши, шу жумладан боланинг сўрғич эмиш вақти ҳам.»

Сўрғич тишламни, яъни тишларнинг бир-бирига тегиб туриш ҳолатини бузади

Сўрғични узоқ вақт ва давомли эмиб юриш боланинг бўлғуси тишлами (прикус)нинг бузилишига олиб келади. Бу эса келажакда болани ортодонтлар ёрдамига муҳтож этади, баъзи товушларни тўғри талаффуз этолмагани учун логопедларга мурожаат қилишга ҳам тўғри келади.

Сўрғич йиғлаш сабабини бартараф этолмайди ва онанинг ўрнини босмайди

Баъзан сўрғич болани тинчлантиради, лекин бундай ҳолларда сўрғичсиз ҳам болани юпаца бўлади. Боланинг бирор жойи оғриганда ёки қорни очганда, онасини соғинганда сўрғич фойда бермайди.

Бола сўрғичсиз уйқуга кетолмайдиган бўлиб қолади

Туннинг ўртасида уйғониб кетган бола сўрғични тополмагач, йиғлай бошлайди, чунки у фақат оғзида сўрғич билан уйқуга кетиб ўрганган. Тунги уйқусининг тинч бўлишини хоҳлаган она боласини сўрғичдан ажратишига тўғри келади. Ундан кўра, болага бошидан сўрғич бермаган маъқул эмасми?

Яна бир муҳим нарса

Кўкрак сути билан боқилаётган болага сўрғич беришнинг ҳожати йўқ. Лекин болани вақтинча кўкракдан ажратишга мажбур бўлган ҳолларда, сунъий овқатлантиришга эҳтиёж бўлган вақтда педиатр билан маслаҳатлашиб, сўрғичга талаб бор ёки йўқлигини аниқлаб олган яхши. Сўрғичга ростдан ҳам талаб туғилса, уни вақтинчалик ёрдамчи сифатида ишлатинг. Яхши нарса ҳам меъёрида бўлгани яхши, деган қоидани эсдан чиқарманг.

Манба: Daryo.uz