Саломатлик

Эҳтиёт бўлинг, ларингит!

Сўнгги пайтларда таҳририятимизга қўнғироқ қилаётган ёш оналарни кўп қизиқтираётгани учун бугун ларингит ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.

Бу қандай касаллик?

Ларингит — ҳиқилдоқ шиллиқ пардасининг ўткир яллиғланиши билан кечадиган юқумли касаллик. Кўпинча у ўткир респиратор хасталиклар, грипп билан бирга кечади. Ларингитнинг қоқшол ва қизилча хасталиклари билан бирга кечгани ҳам кузатилган. Аксарият ҳолларда касаллик мактаб ёшигача бўлган болаларда учрайди ва айниқса аллергияга мойиллиги борларда оғирроқ кечади. Бу болалар ҳиқилдоғининг анатомик жиҳатдан тор тузилганига ҳам боғлиқ. Катта ёшдаги инсонларда касаллик кечишида нафас олиш йўлининг торайиши 19 фоиз бўлса, болаларда 75 фоизгача бўғилиш юзага келиши мумкин. Айнан шу ҳолат боланинг ҳаётига хавф солади.

Ларингитнинг бир қанча кўринишлари мавжуд: катарал, гипертрофик, атрофик. Буларнинг барчаси бир-биридан белгилари билан ажралиб туради.

Катарал тури — ларингит касаллигининг енгил формаси. Хириллаш, томоқнинг қичишиб ачишиши, дамба-дам йўтал билан намоён бўлади.

Гипертрофик ларингитда хириллашнинг зўрайиши, йўтал ва қичишиш каби аломатлар бор. Катарал ларингитдан фарқи шундаки, ҳиқилдоқда тўғноғичнинг бошидек келадиган кичик тугунчалар пайдо бўлади. Айнан шу овознинг хириллашига сабаб бўлади.

Атрофик ларингитда ҳиқилдоқ шиллиқ қаватининг юпқалашгани кузатилади. Оғиз қуриб, оғриқли йўтал безовта қилади. Қаттиқ йўталганида балғам қон аралаш кўчиши ҳам мумкин. Ларингитнинг бу тури болаларда деярли учрамайди.

Касалликнинг келиб чиқишига…

  • …умумий ва маҳаллий совқотиш,
  • товуш чиқаришдаги зўриқиш (бақириш, совуқда узоқ гапириш),
  • муздек ичимликлар ва аллергик ҳолатга олиб келувчи егуликлар истеъмоли сабаб бўлиши мумкин.

Аломатларига беэътибор бўлманг!

Болаларда катталарга қараганда бу касаллик турли даражадаги стеноз (нафас бўғилиши) билан кечади. Хасталик тўсатдан ярим тунда тана ҳароратининг ошиши, йўтал билан бошланади. Нафас олиши шовқинли бўлиб, ҳансираш юзага келади. Масофадан ҳам боланинг хириллаб нафас олаётгани эшитилади. Бола томоғининг қуригани, ачишганини, баъзан ҳиқилдоғидаги оғриқдан шикоят қилади. Овоз хириллаши, қўполлашиши ёки умуман йўқолиб қолиши мумкин. Нафас олишдаги қийналиш оқибатида юрак етишмовчилиги юзага келиш эҳтимоли ошади. Бу эса бола ҳаёти учун хавфли. Бемор тўғри даволанса, касалликнинг 3-4-кунларида балғам ажралишни бошлайди. 7-10 кундан сўнг эса ларингит аломатлари бутунлай йўқолиши мумкин. Касаллик бошланган заҳоти ота-оналар томонидан кўриладиган чоралар соғайишнинг тезлашишига ёрдам беради. Ларингитнинг биринчи белгилари пайдо бўлганда шифокорга мурожаат этиш зарур. Касаллик тунда хуруж қилганида эса «Тез ёрдам» чақириш керак.

«Тез ёрдам» етиб келгунича

  • Болани тоза ҳаводан нафас олдириш, кўпроқ суюқлик ичириш ва ярим ўтирган ҳолатда ушлаш керак.
  • Уни чалғитадиган муолажалар ёрдам бериши мумкин. Масалан, оёқ учун иссиқ ванна танада қон айланишини яхшилаб, ҳиқилдоқдаги шишларни камайишига ёрдам беради.
  • Овоз пайларини зўриқтирмаслик тавсия этилади, унга қулай шароит яратиб, камроқ гапиртириш, йиғлатмаслик керак.
  • Нафас олишини кузатиш зарур. Оғзи эмас, бурни билан нафас олсин. Оғзидан нафас олганида томоқ қуриб, хириллаш кучаяди.
  • Тез-тез, оз-оздан суюклик ичириш керак. Қанчалик кўп суюқлик ичса, соғайиш жараёни ҳам тезлашади. Бунинг учун илитилган сут, газсиз минерал сув, шифобахш гиёҳлардан тайёрланган дамлама айни муддао.
  • Тамаки тутуни, бўёқ ёки бошка зарарли нарсаларнинг ҳидидан нафас олмаслиги керак.

Даво чоралари

Ларингитни даволашнинг энг самарали усули ингаляция ҳисобланади. Лекин аҳамият бериш керакки, ларингит билан оғриган беморларга совуқ ингаляция (махсус ингалятор аппарат орқали) қилинади. Ингаляция вақтида бола оғзи билан нафас олади, бу муолажани кун давомида 3-4 марта такрорлаб туриш лозим. Уй шароитида эса ингаляция қилиш мумкин эмас. Бу иш фақатгина шифокор назорати оастида амалга оширилиши керак.

Касалликнинг биринчи кунларида оёқ учун 42-45 даража иссиқ ванналар яхши ёрдам беради. Бу муолажа уйқуга ётишдан аввал 20-30 дақиқа давомида бажарилгани маъкул.

Ларингитда томоқдаги қичишиш ва шиллиқ қаватлар яллиғланишини даволаш учун таркибида гиёҳлар бўлган дорилар, тўқималардаги шишларни кетказишга мўлжалланган антигестамин (аллергияга қарши) дорилардан фойдаланилади.

Кичкинтойни ларингитдан ҳимоялаш учун…

  • Гўдакларни имкон қадар кўкрак сути билан боқиш керак. Бу болани ҳар қандай инфекцион касалликлардан ҳимоялашнинг энг самарали чораси.
  • Кичкинтойнинг организмини чиниқтириб бориш лозим.
  • Аллергияга мойил болаларда парҳез муҳим аҳамиятга эга.

Парҳез

Парҳез ҳам даволашнинг муҳим шартлардан бири ҳисобланади. Совуқ, жуда иссиқ, аччиқ, шўр егуликлар, ширинликлар, газли ичимликлар тавсия этилмайди. Цитрус мевалар, тухум, ширинликлар, асал, ёнғоқ, мош, нўхат, товуқ ва қўй гўштидан тайёрланган овқатлар мумкин эмас. Сут маҳсулотлари ва улардан тайёрланган егуликлар, қизил рангли мева-сабзавотлар, гиёҳлардан тайёрланган дамлама (шифокор тавсиясига кўра), мол гўштидан қайнатиб, буғда димлаб пиширилган таомлар бериш мумкин.

Ларингит билан оғриган болани шифокор назоратида остида даволаш кераклигини унутманг!

Олий тоифали шифокор-педиатр Қаҳҳор РАШИДОВ

тавсиялари асосида

Дилноза МИРТОЛИПОВА тайёрлади.

Манба: Darakchi.uz