Тарбия

Фарзанд тарбиясида ўйинчоқларнинг ўрни

Мутахассисларнинг фикрича, ўйинчоқ нафақат болани овунтиришга, балки жисмоний ва маънавий камолотига, асаб фаолияти, тафаккурининг шаклланишига ҳам хизмат қилади. Шу боис ўйинчоқларнинг нафислиги, тоза маҳсулотдан тайёрланганлиги, маънавий таъсирига алоҳида эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эга.

Ўйинчоқларни боланинг ёшига мос тарзда танлаш муҳимдир. Бола улғайиб боргани сайин мураккаброқ бўлган, ақлни чархлайдиган бошқотирма шаклидаги ўйинчоқлар танланади. Шифокорларнинг фикрича, ҳар бир ота-она фарзандига ўйинчоқ танлаётганида унинг сифатига, қандай материалдан тайёрланганига, ёшига мос келишига алоҳида эътибор қаратиши жуда муҳим. Чунки таркибида соғлиқ учун зарарли элементлар мавжуд ўйинчоқлар ҳам йўқ эмас.

Оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга қараганда, ҳозир дунё бўйича қўғирчоқларнинг ярмидан кўпроғи Хитойда ишлаб чиқарилади. 2008 йилда маҳсулотлари текширувдан ўтказилган уч мингта ўйинчоқ ишлаб чиқариш корхонасидан олти юзтасининг лицензияси- олиб қўйилган. Чунки мазкур корхоналарда болалар соғлиғи учун зарарли, сифатсиз ўйинчоқлар ишлаб чиқарилаётгани аниқланган. Жумладан, "Маttеl" компаниясида тайёрланган айрим қўғирчоқлар таркибидан қўрғошин моддаси топилган.

2008 йилда Россияда сотилаётган 266 минг хил ўйинчоқ текширилганида йигирма фоизи сифатсизлиги ва санитария нормаларига тўғри келмаслиги аниқланган. Улардан ўткир деталлар ва бошқа заҳарли моддалар топилган. Бундай моддалар асосан ўйинчоқлар бўялган ранглардан чиққан. Болаларнинг бундай ўйинчоқлардан заҳарланиш ҳолатлари кузатилган. Шу жиҳатдан мамлакатимизда фарзандларимизни ҳар жиҳатдан зарарсиз ўйинчоқлар билан таъминлашга, кутилмаган кўнгилсизликларни бартараф этиш мақсадида хориждан келтирилаётган ўйинчоқлар сифати ва хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилмокда. Ҳар хил пиротехника воситалари — "ўйинчоқлар"нинг мамлакатимизга олиб кирилишига бутунлай чек қўйилган. Мамлакатимизга импорт қилинаётган ўйинчоқлар, аввало, божхона масканларида доимий фаолият юритувчи санитария хизматлари назоратидан утказилиши ва кеиин сотувга чиқарилиши истеъмолчиларни сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилмокда.

Шунингдек компьютерлаштирилган ўйинлар фарзандларимиз учун бугун янгилик эмас. Бундай ўйинлар уларнинг билими, тафаккури бойишига хизмат қилиши табиий, албатта. Аммо баъзи ўйинлар болаларнинг ақлий ривожланишига, фикрлашига, қолаверса, соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин. Айрим ҳолларда болалар ҳатто катталарни ҳам саросимага соладиган, шиддатли жанглар, ваҳимали отишмалар билан кечадиган ўйинларни ўйнаши ҳам сир эмас. Психологларнинг хулосаларига кўра, бундай ўйин ва мультфильмлар, қолаверса, қилич, камон, ҳарбий қуроллар, ҳар хил пиротехник ўйинчоқлар болада қўпол хатти-ҳаракатлар, жаҳлдорлик, асабийлик ҳолатлари пайдо бўлишига олиб келади. Бироқ ҳамма ҳам бундай ўйин ва ўйинчоқлар фарзандининг қизиқиши ва тарбиясига қандай таъсир кўрсата-ётганига эътибор бермайди.

Арзимасдек туюлган бу каби ҳолатлар фарзанднинг мурғак тасаввурига сингади ва кийиниши, юриш-туришига, тарбиясига аста-секин таъсир кўрсата бошланди. Мард ва жасур миллий қаҳрамонларимиз, болаларни яхшиликка, эзгуликка, теран фикрлашга ундайдиган қанчадан-қанча эртак ва афсоналаримиз бўла туриб, фарзандларимиз бундай ўйинларга берилиб кетаётганликларига эътиборсиз қараб бўлмайди.

Айни пайтда юртимизда урф-одат ва анъаналаримиз, миллий қаҳрамонларимизнинг ўзига хос феъл-атвори акс этган қўғирчоқлар ишлаб чиқаришга, қўғирчоқсоз хунармандлар учун қулай шароит яратишга алохида эътибор қаратилмокда. Ҳунармандларимиз яратган Барчиной, Хоразм гўзали, Етти гўзал каби қўғирчоқлар, аввало, юқори сифати, қолаверса, ёшларимизни миллий урф-одатларга, қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Тошкентлик дизайнер Насиба Аҳмедова ана шундай маҳоратли уста-ҳунармандлардан. Унинг ижод намуналари - Алпомиш, Келин, Раққоса, Машраб каби ибратли қаҳрамонлар, халқимизнинг бой ва бетакрор дунёсини акс эттирадиган ўзбекона қўғирчоқлар бугунги кунда АҚШ, Франция, Англия, Россия, Украина каби кўплаб давлатлардаги машҳур санъат музейларида сақланмокда.

— Қўғирчоқларнинг ҳар бир деталида - тақинчоғи, либоси, юз кўринишларида миллийлик акс этиб туришига алоҳида эътибор қаратамиз, — дейди Н. Аҳмедова. — Шу боис уларни "кийинтиришда" атлас, адрас, беқасам, олача, парча, сатин сингари миллий матоларимиздан кенг фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Айни пайтда замонавий кўринишдаги қўғирчоқларимизда ҳам халқимизнинг маънавий руҳини акс эттириш биз, уста-ҳунармандларнинг вазифасидир.

Гўзал САТТОРОВА, ЎзА мухбири ("Hayot")

Манба: Oilam.uz