Кўпчилик "болалар" ва "тартибсизлик" сўзлари ўртасига тенглик белгисини қўяди. Сочилиб ётган ўйинчоқлар, билмасдан босиб олишимизга тўғри келадиган пластмасса конструктор қисмлари, ўта муҳим суратлар акс эттирилган қоғозчалар, тошчалар, таёқлар ва бошқа буюмлар - буларнинг барчаси одатдаги болалар хонасига хос нарсалардир. Бу ҳолатни ўзгартириш мумкинми?
Мумкин, фақат бунинг учун болага ёрдам бериш ва тегишли қоидаларни белгилаб олиш керак бўлади.
- Ижобий йўналтириш
"Тезда хонани йиғиштир, акс ҳолда ҳеч қандай мультфильм кўрмайсан!", "Ҳозир ҳаммасини бир халтага соламан-да, ташлаб юбораман"... Бу каби кўрсатмалар хонани тартибга келтиришга жазо тусини беради. Ҳамда шунга хос реакцияни юзага келтиради: хоҳламайман, қилмайман, йўқ каби.
Тескари усулни қўллаб кўриш мумкин. "Кел, хонангни яна ҳам чиройли қиламиз!", "Ҳамма нарса жой-жойида турса, қандай яхши-а?", "Керакли нарсани бирданига топа олсанг жуда қулай экан, тўғрими?". Яна қувноқ мусиқани ёқиб, хонани йиғиштиришдан аввал куч тўплаш учун махсус пишириқ еб олиш мумкин.
- Фарзандингизнинг фикрини ҳам ҳисобга олинг
"Бу кераксиз нарсани ташлаб юбор!", "Шу туриш чиройлими?", "Қанақа кераксиз нарсаларни сақлаб юрибсан?" - бу каби билдирилган фикрлар хонани тартибга келтириш истагини бутунлай сўндиради. Хонанинг шинамлиги ҳақида катталар ва болаларнинг қарашлари бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Хонанинг айнан болалар хонаси эканлигини ҳисобга олиб, ундаги нарсаларни жойлаштириш бўйича боланинг фикрини ҳам эътиборга олиш зарур.
Хонани "меҳмонлар келиб қолиши учун" ёки "уялиб қолмаслик учун" йиғиштириб қўйишга ундаш ҳам нотўғри ҳисобланади.
- Аниқ режа
"Барчасини йиғиштир" кўрсатмаси бола учун жуда умумийдир. Вазифаларнинг рўйхатини тузиш самаралироқдир. Ўйинчоқларни ердан йиғиб олиш, чангларни артиб чиқиш каби алоҳида-алоҳида топшириқлар беринг. Агар фарзандингиз ўқишни билса, уларни ёзиб қўйиш ҳам мумкин. Вазифалар якунида қаҳрамонни мақтаб қўйишни унутманг!
- Сақлаш учун жой
Агар ҳар бир нарсанинг аниқ жойи бўлса, хонани йиғиштириш осон кечади. Булар конструкторлар учун қути, қаламлар учун қутича, қўғирчоқлар учун уйча, юмшоқ ўйинчоқлар учун шкаф бўлиши мумкин. Булар нафақат тартибли бўлишга, балки бирор буюмни тезда топишга ҳам ёрдам беради.
- Қизиқарли топшириқ
Боғча ёшидаги болалар учун хона йиғиштиришда ўйин шаклидаги топшириқ айни муддао ҳисобланади. "Хонани тартибсизлик кучлари эгаллаб олди. Қанчалик кўп кераксиз буюмларни топсак, ўйинчоқларни қанчалик чиройли жойлаштирсак, унинг кучи камайиб боради". Ким тезроқ чангларни артиб чиқади... Вазифа охирида энг чаққон ҳаракат қилганга совға бериш мумкин.
- Кераксиз нарсалардан қутулиш
Болалар хонасида буюмлар қанчалик кўп бўлса, у ерда тартибни сақлаш шунчалик қийин бўлади. Вақти-вақти билан ўйинчоқларни текшириб туринг. Улардан баъзилари билан фарзандингиз улғайганлиги учун ўйнамай қўйган бўлиши ёки улар яроқсиз ҳолга келиб қолган бўлиши мумкин.
- Фойдали одатлар
"Ўйнаб бўлдингми (ўқиб, расм чизиб) - йиғиштириб қўй", — оддий, лекин жуда фойдали қоида. Бу тарзда озодаликка риоя қилиш, кейин ҳаммасини бирданига йиғиштиришдан осонлигини тушунтиринг. Ўйинчоқларни боланинг уйқуси келиб, инжиқлик қилишни бошлаган пайтда эмас, кечки овқат ёки кечки мультфильм томошасидан олдин йиғиб қўйиш одатини шакллантиринг.
Фарзандингизга ўзингиз ҳам ўрнак бўлинг!
Мақолани тайёрлашда "Мама.ru" сайти маълумотларидан фойдаланилди.