Саломатлик

Фарзандингиз дори ичишни истамайдими?

Унча-бунча шамоллашни «қўй ёғи» билан даволайдиган замонлар ўтиб кетди. Ҳозирги оналар жуда таъсирчан. Фарзандининг жони бир дақиқа ҳам қийналмаслигини, касали тезроқ тузалишини ва чопқиллаб юришини исташади. Бунинг ёмон томони йўғ-у, лекин баъзан тезроқ тузатаман деб дориларга ружу қўйиш ва уларни пала-партиш болага бериш ҳолатлари ҳам учраб туради-да. Бу эса фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради. Қуйида кичкинтойларни замонавий дори-дармонлар билан даволаш меъёрлари ҳақида сўз юритамиз.

Фақат шифокор тавсияси билан!

Дориларнинг таъсири ҳақида яхши билмай туриб уларни болага берманг, хато қилиб қўйишингиз мумкин. Масалан, фарзандингиз йўталаяпти. Сиз камроқ йўталсин деб антигистамин препаратлар ичирасиз. Аммо гўдакнинг бронхларида кўп миқдордаги шилимшиқ бор ва у фақат йўтал воситасидагина кўчади. Сиз нотўғри дори бериб, бу шилимшиқнинг кўчмай йиғилиб қолишига имкон яратасиз. Натижада, касаллик авж олади. Шу сабабли дорини фақат шифокор белгилаши мумкинлигини унутманг.

Меъёрни унутманг!

Меъёрни ошириб юбориш жуда осон. Масалан, иситмаси чиқиб, аъзои бадани қақшаётган болага ҳароратни тушириш учун дори бердингиз ва яна оғриқни қолдириш учун шамчалардан ҳам фойдаландингиз. Препаратларнинг йўриқномасида ёзилган миқдорга қатъий амал қилган бўлсангиз ҳам, меъёрни камида икки баробар ошириб юборганингизни биласизми? Гап шундаки, номи турлича бўлгани билан, бу дорилар битта иситма туширувчи модда асосида ишлаб чиқарилган.

Эҳтиёт бўлинг, зарарли!

Болага дори белгилашда мутахассис нафақат унинг шифобахш хусусияти, балки ножўя таъсирлари, бошқа дорилар билан мутаносиблигини ҳам эътиборга олади. Бола грипп ёки сувчечак билан оғрияптими? Уйингизда аспириндан бошқа иситма туширувчи восита бўлмаса ҳам, ундан асло фойдалана кўрманг. Чунки ацетилсалицил кислота таъсирида боланинг қонидаги қанд миқдори кескин тушиб кетиши, қон кетиши ва ҳатто Рей синдроми каби оғир асоратлар юзага келиши мумкин. Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти бу препаратни болаларда қўллашни тавсия этмайди. Худди шундай, аналгинни ҳам. Шифокорлар уни жуда иложсиз қолган ҳолатда фақат димедрол билан аралашма ҳолида ёнбошга эмлаш учун рухсат этишади. Аммо аналгин таблеткаларини кичкинтойга асло бериб бўлмайди.

Суспензия, таблетка, сироп...

Дориларнинг турли шаклларда тавсия этилиши ҳам педиатр билан маслаҳатлашишни тақозо этади. Айрим иситма туширувчи воситалар ректал шамчалар шаклида бўлади. Бошқалари эса сироп, кукун, ширин таблеткалар шаклларида бўлиши мумкин. Буларнинг ҳар бири турли ёшдаги болаларга қўллашни осонлаштириш мақсадида ўйлаб топилган. Айнан сизнинг фарзандингиз учун қайси шаклдаги дори воситаси тўғри келишини шифокордан сўраб билинг. Чунки дорининг нақадар тўғри ва тез таъсир этиши айнан шунга боғлиқ. Масалан, сироп ёки томчилар тезроқ таъсир қилади, аммо бу таъсир шамчаларга қараганда камроқ давом этади. Шунинг учун кундуз куни бир шакл, кеча учун эса бошқасини танлаш керак бўлиши мумкин. Буни мутахассис тўғри белгилайди.

Аччиқ дори бўлса...

Оналар болани алдаш учун аччиқ таблеткаларни ширин конфет ёки новвот чой билан берадилар. Кўпинча таблеткани майда бўлакларга бўлишга тўғри келади, чунки ҳамма дориларнинг ҳам болалар учун мўлжалланган миқдорини топиш қийин. Аммо бундай қилиш ярамайди. Биринчидан, таблеткани тенг 3 ёки 5 бўлакка бўлишга ҳар доим ҳам муваффақ бўла олмайсиз. Иккинчидан, таблеткаларнинг бутунлигини бузиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, боланинг тишларига ёмон таъсир қилиш эҳтимоли бор. Учинчидан, дорини мураббо, ширин чой ёки конфетнинг ичига жойлаб берганингизда, унинг фойдали таъсирини сезиларли даражада йўққа чиқаришингиз мумкин.

Муолажага сабаб борми?

Кўпинча оналар фарзандларига жиддий сабаб бўлмаса ҳам, дори бераверишади. Агар боланинг ҳарорати ўттиз етти-ўттиз етти ярим, аҳволи эса қониқарли бўлиб, авваллари талваса (судорога) ҳолати кузатилмаган бўлса, ҳароратни туширадиган воситалар керак эмас! Тана инфекциялар билан фаолроқ курашиш учун ҳароратини кўтаради. Ҳеч қандай асоссиз ҳароратни тушириш орқали сиз касалликнинг янада чўзилиб кетиши ва асоратлар пайдо бўлиш эҳтимолининг ортишига ёрдам берасиз.

Ҳеч қачон болага антибиотикларни ўзбошимчалик билан берманг! Улар вирусларга таъсир кўрсата олмайди. Шунинг учун грипп, ОРВИ, қизамиқ, қизилча ёки тепкини антибиотиклар билан ўз билганингизча даволай олмайсиз. Боланинг аҳволини янада оғирлаштирасиз, холос.

Олий тоифали шифокор-педиатр Нигора Абророва тавсиялари асосида Шаҳноза СОАТОВА тайёрлади.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси