Саломатлик

Фарзандингиз сувчечак билан оғриса...

– Набирамнинг юзида қандайдир тошмалар пайдо бўлди. Қўшним кўриб, бу сувчечак, дея хавотиримни оширди. Бу касаллик ҳақида маълумот берсангизлар?

Шарофат Собирова, Самарқанд шаҳри.

– Сувчечак билан асосан, мактабгача ёшдаги болалар касалланади. У қисқа вақтли ҳарорат ва умумий аҳвол бироз ўзгариши билан намоён бўлади. Одатда, касаллик ўткир иситмалаш ва сувчечак тошмаси тошиши билан бошланади. Бола сувчечак билан оғриганда унга кўпроқ витаминга бой таомлар ҳамда суюқлик бериш лозим. Касаллик асоратлари боланинг инжиқ бўлиб қолиши, кўз хиралашиши, асаб тизимидаги ўзгаришларда намоён бўлади. Унинг яширин даври ўртача 11 кундан 23 кунгача давом этади. Тана ҳарорати 38-39 даражага кўтарилиб, беморнинг танасига, оғиз ва кўз қовоқларининг шиллиқ пардасига сувли пуфакчалар тошади. Пуфакчалар баданга тарқалади. Пуфакчалар ёрилиб, ўрнида ярачалар пайдо бўлади.

Хонадонда бир боланинг сувчечакка чалиниши бошқаларга ҳам юқиши билан хавфлидир. Шунинг учун беморнинг хонасини алоҳида қилиш лозим. У боғчага борадиган бўлса, дастлабки ҳафтада уйда қолдирилгани маъқул. Сувчечакка чалинишга асосан, иммунитети паст болалар мойил бўлади. Катталар ҳам ушбу хасталик билан оғриши мумкин. Ҳомиладор аёллар айниқса, касаллик юқишидан эҳтиёт бўлиши лозим. Беморда касаллик аломатлари сезилиши билан дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Навбаҳор ХУШВАҚТОВА, олий тоифали шифокор.

Манба: Darakchi.uz